“Кўпкари”

“Кўпкари”
70 views
19 March 2019 - 7:00

Топинг-чи, мен қаердаман?

Барибир тополмайсиз. Ўзим айтаман!

Марказий Осиёнинг энг сара полвонлари Самарқандда тўпланишди. Бугун Самарқанднинг Жомбой туманида кўпкари бўйича жаҳон чемпионати мусобақалари ўтказилади. Унда қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистондан келган қарийб 300 нафар чавандоз юртимиз полвонлари билан биргаликда жаҳон чемпионлиги учун курашади.

Нима учун “Кўпкари” дейилади, биласизми?

Қадимда ота-боболаримиз кўчманчилар бўлишган. Улар асосан, ов билан шуғулланишган. Кичкиналикларидан от чопишни, камон, найза отишни мукаммал ўрганишган. Боболаримиз бўриларни овлаб қайтаётганларида энг катта кўк бўрини, эътибор беринг, “КЎК БЎРИ”ни бир-бирлари билан талашиб, от чоптириб келишаркан. Қишлоққа киришда кўк бўри кимда қолса, у шуники бўларкан. Мана шу ўйинни аждодларимиз “Кўкбўри ўйини” дейишган.

Замонлар ўтиб, бўрининг ўзи анқонинг уруғи бўлиб қолгач, овланган ёввойи така, кейинчалик хонаки такаларни талашиб-тортишиб ўйинни давом эттираверишган. Аммо ўйиннинг оти “Кўкбўри”лигича қолаверган.

Бора-бора бу ўйин спорт даражасига кўтарилиб, Халқаро турнирлар, ҳатто Жаҳон чемпионатлари ўтказиладиган бўлди. Мен Қирғизистонда, Иссиқкўл бўйида Кўчманчиларнинг 3-Халқаро Ўйинларида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим ва бу йирик спорт анжуманида ҳам энг кўп томошабинни йиққан ва энг шиддатли кураш кетган спорт тури “Кўкбўри” бўлганига гувоҳ бўлдим.

Қозоқ ва қирғиз биродарларимизда ҳали ҳам оти тўғри талаффуз қилиниб, “Кўкбўри” деб юритилаётган бу ўйиннинг номи бизда замонлар ўтиши билан “Кўпкари” шаклига келиб қолган. Аммо тўғриси, бамаъниси – “Кўкбўри”.

Бир киши ёшларни тўплаб олиб, “Кўпкари” сўзига ўзича изоҳ бераётганини эшитиб қолдим: “Бу ўйинда кўп қарри кишилар иштирок этгани учун унинг оти “Кўпқарри” бўлган, замонлар ўтиб, “Кўпқарри” “Кўпкари” бўлиб кетган”, эмиш. Кулиб қўя қолдим. “Кўп кар”дан биттаси бўлгим келди. Олим ҳам кўп-да…

Хуллас, бугун сизларни ана шу “Кўкбўри” бўйича бизда ўтаётган Жаҳон чемпионати воқеа-ҳодисалари билан таништириб бораман.

Кузатиб боринг!

Каримберди Тўрамурод,
Самарқанддан махсус.

facebook.com