Ўзбек ойга учажак…

Ўзбек ойга учажак…
96 views
20 March 2019 - 8:00

 

 

ЎЗБЕК ОЙГА УЧАЖАК…

Тиззадан то халқум қорин,
Қарсиллатиб ейди борин,
Оқни қора, қора оқ дер,
Тўлдирса, бас, нафсин ғорин.

Ёлғончилар тўрда-тўрда,
Ростгўй аҳли гўрда-гўрда,
Қоринбойга нафси қафас,
Бу миллатда манглай шўр-да.

Товламачи мансаб минар,
Жин урганда чинлик синар.
Ҳақиқатга йўл йўқ фақат,
Томошалаб ой хўрсинар.

Тортиб олса нафасни ҳам
Мансаб дея ғажилар ғам.
Яна минса лавозимга
Тағин қирқ йил тордир олам.

Кўтарилган ҳар амалдор
Иззатдадир гар фикри тор,
Марҳаболар, мақтов ғорлар,
Бу миллатнинг тоғ шўри бор.

Ҳар қадамда қарсакчилар,
Ҳақиқатга тарсакчилар,
Эл-элим деб чиқди белим,
Ростчи паст, паст байроқ илар.

Хатлар ёғар юқоридан,
Йўғи яхши лек боридан,
Битта сўзда тўртта хато,
Ҳарфлар ғариб ўз оридан.

Мансаб минган ювуқсизлар,
Аждодига ланъат излар.
Пайғамбарни “сўтак” деру
Қизармас юз, қурсин қизлар.

Мутъе бўлди мутахассис,
Тонг эгнида йўқдир тамиз,
Юртим, олға фақат ортга,
“Ислом Карим тоқ отамиз.”

Хўп ғўдайган ҳайкали бор,
Оқсаройнинг зарҳали бор,
Пайғамбарни эсламаймиз,
Золим қули қатор-қатор

Эгиламиз кўзларда ёш,
Оёққача тегади бош,
Бевачаси ёт лисонда
Минғирлайди “ботди қуёш”.

Ҳар қадамда урра-урра,
Бизникидир замин курра,
Антартида қорларини
Ўзбек қулим, тез супура.

Башар ойга учиш бошлар,
Ойда зарур қора қошлар,
Битилгай ой тарихида:
“Ўзбекдандир илк фаррошлар.”

Тўра Мирзо

facebook.com