Дард…

Дард…
49 views
20 March 2019 - 9:00

Уйдан қўнғироқ бўлди. Онамни қон босимлари ошиб кетибди. Кўчада иш билан юрган эдим учиб келдим. Тезда “Экстриннийга” олиб кирдим. Шифокорлар укол қилгунча юрагим типирчилаб кетди. Олдимда тиржайиб турган одамлар ёқмай кетди. Дунё кўзимга қоронғи бўлиб кўриниб, ўзимга сиғмай кетдим. Укол таъсирини кўрсатиб онам анча тинчландилар. Енгил тортиб, уйга қайтдик. Қўнғироқ бўлгандан токи уйга қайтгунимга қадар ичимдан нималар ўтгани ёлғиз Аллоҳга аён.

* * *

Энг яқин дўстим қўнғироқ қилди. Уйида ҳеч ким йўқ экан. Почкаси приступ берибди. Аҳволини кўриб қўрқиб кетдим. Тезда машинага солиб, шифокорга олиб бордим. Шифокор ўзини бемалол тутишини кўриб уришиб кетганим, шифокорни ёқасидан олганим ҳали ҳамон эсимда. Гўёки кўз ўнгимда дўстим ўлиб қоладигандек жуда қўрқиб кетганман. Аллоҳдан дуо қилиб, шифо сўраганман.

* * *

Мен яхши кўрган аёл оғир хасталик билан касалланган. Мен бу ҳақида жуда кеч хабар топганман. У кўз ўнгимда сўлиб, қуриб борар эди. Ожиз эдим… Ҳеч қандай ёрдам бера олмас эдим. Қўлимдан туну-кун дуо қилишдан бошқа нарса келмас эди. Ажал соати етиб, бу дунёни тарк этди. Касал эканлигини эшитганимдан токи ўлгунига қадар ҳеч нарсани ўйлай олмадим. Қўлим ишга бормади. Нигоҳларим маъюс, ҳаракатларимда маъно йўқ эди. Ўлганидан кейин анча вақтга қадар тахта каби ҳаёт кечирдим.

* * *

Ҳар учта ҳолатда ҳам қалбимдаги маҳзунлик сабаб, суратим ҳам маҳзунлашган эди. Дард, алам, изтироб исканжасида қолган эдим. Яқинларим дардини ўз танамда ҳис қила олганим учун анча вақтгача ўзимга кела олмаганман.

* * *

Янги Зелландияда содир этилган хунрезликдан икки кун ўтиб ошга бордим. Бир синфдошим кўпайишгани учун ош қилиб берди. Бордим. Издиҳомда кўтарилаётган кулгидан деворлар ларзага келди. Ҳеч нима бўлмагандай, бўлиб ўтган воқеаларни ҳеч бири бизга алоқаси бўлмагандай бемалол кулишар эди. Чорак асрлик дўстларимдан нафратланиб кетдим. Аввалига улардан, сўнг ўзимдан нафратланиб кетдим.

Агарда юқорида келтирганим уч ҳолатдан бирортасини устида турганимда шу ош юрагимга сиғармиди? Шу ошга хотиржам бориб, кулгиларни эшитишга ўзимда куч топа олармидим?

* * *

Онаси ўлганига уч кун бўлмаган фарзандни ош еб, хохолаб кулиб юрганини кўрганмисиз?

Синглисини бир ифлос ваҳшийларча ўлдирса, хорласа бемалол бошини кўтариб юрган акани кўрганмисиз?

Отаси ўлган фарзанд карта ўйнаш, футбол кўриш, семичка чақиб аёлларни муҳокама қилиш юрагига сиғганиничи, курганмисиз?

Эндигина тили чиқиб, ширин қилиб «Дадажон», дейдиган фарзандини қонга буланган жасадини қабрга қўйган отани хотиржам фбга кириб, пост қўйиб, тиржайиб юрганини-чи, кўрганмисиз?

Мен кўрганман. Ўзим ҳам шулардан бириман. Энг қизиғи мен “Иннамал муъминуна ихватун” (мўминлар ака-укадирлар) оятини доимо қироат қиламан. Қиёмига келтириб fb да туриб дуо қиламан. Куйиниб пост ёзаман. Шу билан биродарлик, ака-укалик ҳақини адо қиламан.

«Мағрибдаги мусулмон дард чекса, машриқдаги мусулмон ёстиққа бемалол бошини қўйса – у биздан эмас», деган ҳадисни ёнбошлаб ўқиш қўлимдан келган экан, қиёмат кунида ул зотни юзларига ҳам уялмай қараш қўлимдан келармикан?

Саййид Ислом

facebook.com