Қозоғистон пойтахти Нурсултон деб ўзгартирилди

Қозоғистон пойтахти Нурсултон деб ўзгартирилди
78 views
20 March 2019 - 17:04

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Назарбоевнинг истеъфосидан бир кун ўтиб, Қозоғистон пойтахти биринчи президент номи билан аталадиган бўлди.

Президент вазифасини бажаришга киришган Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, Сенат раиси ваколатларини Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизига топширди.

55 яшар Дариға Назарбоева сенаторлар орасида ўтказилган яширин овоз бериш йўли билан спикерликка сайланган.

Барча 44 нафар Сенат аъзолари Назрбоева номзодини маъқуллашган.

Дариға Назарбоева номзодини Сенат раислигига кўрсатиш Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг президентликка қасамёд қилганидан кейин қўйган илк қадамларидан бўлган.

Бунга қадар Назарбоева Сенатнинг Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси эди.

Пойтахт Нурсултон

Тўқаев шунингдек, мамлакат пойтахти Остона номини биринчи президент шарафига Нурсултон деб ўзгартиришни таклиф этган.

Охирги хабарларга кўра, парламент ушбу таклифни маъқуллаган.

Аввалига Қозоғистон ҳукумати пойтхат номини ўзгартириш масаласини умумхалқ референдумига қўйишни режалаганди.

Назарбоева Дариға Назарбоева Қозоғистон президентининг Британияга охирги сафарида отасига ҳамроҳлик қилган

Аммо парламенрт қуйи палатаси – Мажлис спикери Нурлан Нигматулиннинг айтишича, янги президент бу масалани референдумсиз ҳам ечиш мумкин, деган қарорга келган.

Конституциявий кенгаш эса буни қонуний, деб ҳисоблаган.

Остона 1997 йилда Олма-Ота ўрнига пойтахт деб эълон қилинганди.

Бунга қадар шаҳар Акмола, Целиноград ва Акмолинск деб ҳам аталган.

Ишончли шахс

Тўқаев биринчи президентга “Олтин юлдуз” орденини топширган ва унинг стратегик сиёсий курсини давом эттиришга ваъда берган.

Тўқаевнинг айтишича, президент ваколатларини ўз ихтиёри билан топшириш орқали Назарбоев яна бир марта бутун дунёга ўзининг “демократик қадриятларга содиқ” буюк ва донишманд сиёсатчи эканини кўрсатган.

“Айни шу сифат билан у мамлакатимиз ва дунё тарихида қолади”, – деб айтган Қозоғистоннинг янги вақтинчалик раҳбари.

Унинг инаугурацион нутқида таъкидлашича, Миллий хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллаган Нурсултон Назарбоевнинг фикри “стратегик қарорлар қабул қилишда устувор аҳамиятга эга бўлади”.

65 яшар Тўқаев жорий президент муддати тугайдиган 2020 йилгача ушбу лавозимда қолиши кутилади.

Унинг президент сайловларида қатнашиш-қатнашмаслиги номаълум.

Назарбоев Тўқаевни “мамлакатни бошқаришни ишониб топшириш мумкин бўлган шахс” дея таърифлаган.

Меросхўр

Таҳлилчиларга кўра, Дариға Назарбоеванинг Сенат раислигига тайинланиши бўлажак президент сайловларида унинг имкониятларини оширади.

Қозоғистон Конституциясига мувофиқ, Сенат раиси президентдан кейинги иккинчи одам ҳисобланади.

Дариға Назарбоева 2000-йиллар бошида ўз сиёсий партиясини тузганидан буён отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўриб келинади.

Унинг партияси кейинроқ отасининг “Нур-Отан” партияси билан қўшилган.

Назарбоева ўтмишда миллий телеканал раҳбари ва бош вазир ўринбосари лавозимларини эгаллаган.

У опера қўшиқларининг ҳам моҳир ижрочиси сифатида билинади.

Чоршанба куни Сенат раислигини қабул қилиб олиш чоғидаги қисқа нутқида Назарбоева 2020 йилдаги президент сайловлари билан боғлиқ режаларини очиқламаган.

Қозоғистон 2017 йилда конституцияга ўзгартишлар киритган.

Унга мувофиқ, президентнинг баъзи ваколатлари парламентнинг қуйи ва юқори палаталарига берилган.

Айрим таҳлилчилар келаётган йилларда кучли президент бошқаруви ўрнини бир нави эски политбюро услубидаги коллектив бошқарув эгаллаши эҳтимолини ҳам истисно этмайдилар.

Аммо минтақадаги қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистон сингари давлатлар тажрибаси инобатга олинса, бунинг эҳтимоли кам.

Ушбу давлатларда янги президентлар рақибларини қисқа вақт ичида йўқотиб, ҳокимият жиловини ўз қўлларига олишган.

ЎХҲ ахборот бўлими