Паҳлавон Маҳмуд – Туркий полвонлар валийсидир

Паҳлавон Маҳмуд – Туркий полвонлар валийсидир
64 views
21 March 2019 - 11:15

У Хивага яқин Қиёт қишлоғида 1247 йилда туғилган. У ёшлигида елкаси ерга тегмаган полвон бўлган. Эрон ва Ҳиндистондаги мусобақаларда абсолют ғолиб бўлган. Эронликлар, у Мозандарондаги ҳалқаро курашда барчани енггач, унга “Мозандарон йўлбарси” деган ном беришган. У Ҳиндистондаги ғалабасидан ва подшоҳни ўлимдан қутгаргандан сўнг, ўз юртига тутқундаги барча хоразмликларни олиб келган. Жавонмардликни тарғиб қилган. Умр бўйи форс тилида рубоийлар ёзган. Чунки, туркий тил ўша пайтда, жанг ва уруш тили, лекин шеърият тили эмас деб ҳисобланган. У полвонликни ташлагандан кейин тирикчилиги пўстиндўзликдан бўлган. “Кубровия” тариқатини устози Ҳазрат Аълоуддиндан ўрганган. Етмиш тўққиз йил умр кечириб,1326 йилда вафот этган.

Очиқ ва яширин душманлари кўп бўлган. Лекин, барчаси ўз жазосини олган.

Мен, буюк инсон Паҳлавон МАҲМУДнинг умри охирларида битган уч рубоийсини ўз талқинимда келтираман.

***
Ҳаёт биёбонида кўп юрмоқ мушкул,
Кексайгач, ўтирмоқ ва турмоқ мушкул.
Аммо, энг қийини – ҳар ерда ҳар дам
Ёринг қидирасан, бир кўрмоқ мушкул.

***
Даврон ғамидан ҳадсиз гирён, сарсонни кўрдим,
Турли хил балоларни, аччиқ армонни кўрдим.
Минг ёшга кира олган Нуҳ кўрди битта тўфон –
Мен Нуҳ эмасман, аммо мингта тўфонни кўрдим.

***
Менинг саволларим кўп, ким ахир жавоб қилгай?
Менинг гуноҳларим мўл, ким уларни афв қилгай?
Қанча пок ўтганларни эринмай тавоф этдим –
Ўлсам, менинг хокимни ким келиб тавоф қилгай?

Озод Мўмин

facebook.com