Англия черкови: ‘Мусулмонларга нафрат – шаккокликдир’

Англия черкови: ‘Мусулмонларга нафрат – шаккокликдир’
51 views
22 March 2019 - 14:46

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Англия черковининг руҳоний раҳбари Жастин Уэлби мусулмонларга ҳужумни “бутун инсониятга ҳужум” деб атаган.

Кентерберри архиепископи бу ҳақда 18 март куни Лондон Марказий масжидида бўлиб ўтган йиғинда гапирган.

“Бу мамлакатда ёки дунёнинг бошқа ерида мусулмонларга ҳужум қилганлар бутун инсониятга ҳужум қилган бўлади. Сиз “бошқа одам” эмассиз, сиз бизсиз. Мусулмонларга нафрат билан ҳаракат қилаётганлар бизнинг ҳаммамизга қарши ҳаракат қилаётган бўлади. Янги Зеландиядаги ҳужумни амалга оширган ва дастаклаганлар бизнинг ҳаммамизни нишонга олган демакдир”, – деб айтган Англия черковининг бош руҳонийси.

Жастин Уэлбига кўра, мусулмонларга нафрат “Исо Масиҳга шаккоклик” демакдир.

“Мусулмонларга нафрат Исо Масиҳни инкор қилади ва унга нисбатан шаккокликдир. Кимки насронийликнинг лафзи ва тарихини нафратга бурадиган бўлса, шаккоклик қилибди, демакдир”, – деган Кентерберри архиепископи.

У Янги Зеландиядаги ҳужум манзарасида дунё динлари вакилларининг бирдамлигидан таъсирланганини айтган.

“Ҳужумчи Исломга қарши урушни келтириб чиқаришни ният қилганди. Бунинг ўрнига инсоний бирдамликка сабабчи бўлди”.

Жастин Уэлбининг айтишича, Англия черкови ва бир миллион болалар таҳсил оладиган черков ҳузуридаги мактабларда мусулмонларга нисбатан бағрикенглик масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

“Мен бу масалада ўзимнинг ваъзларим ва амалим билан ҳаракат қиламан”, деб айтган бош руҳоний.

Кентерберри архиепископининг таъкидлашича, Худонинг олдида ирқий ҳужумларга ўрин йўқ.

Бирдамлик

“Терроризмга қарши бирдамлик” деб номланган йиғилишда Лондон шаҳар ҳокими Содиқ Хон, Британия Ички ишлар вазири Сожид Жавид, шунингдек, Британиядаги турли дин ва конфессия вакиллари иштирок этган.

Кентерберри архиепископи Анлия черковининг руҳоний раҳбари бўлиш билан бирга бутун дунёдаги анликанларниг лидери ҳам ҳисобланади.

Англия черковининг жамиятга таъсири катта. Черков епископлари орасида британ парламентининг юқори палатаси бўлган Лордлар палатаси аъзолари ҳам бор.

Англиядаги бошланғич мактабларнинг ҳар тўртинчиси, ўрта мактабларнинг эса ҳар олтинчиси Англия черкови ҳомийлигида фаолият олиб боради.

2008 йилда Кентерберри архиепископи Роуэн Уильямс Буюк Британияда бир кун келиб Ислом шариатининг баъзи аҳкомларини қўлланиши муқаррар эканини айтиб чиққан эди.

Унга кўра, британ жамияти ва қонунлари ҳозирнинг ўзида шариатнинг баъзи ҳукмларини тан олади.

Архиепископнинг сўзлари турлича муносабатларга сабаб бўлган.

ЎХҲ ахборот бўлими