Саодат кўприги

Саодат кўприги
98 views
23 March 2019 - 9:00

САОДАТ КЎПРИГИ

Мен олтмиш яшар қизман. Уч авлод устида кўприк бўлиб умрим ўтди. Муҳаббат нималигини, турмушга чиқиш нелигини билмай ўтдим.

Ўн ёшимда укамни кўтарар, унга қўшиқлар айтиб берар эдим. Ўттиз ёшимда шу укам уйланди. Энди унинг болаларини кўтара бошладим. Унинг болалари ҳам уйланди. Энди ҳориган кўксим устида уларнинг болалари ётар эди. Қолган умрим шулар билан ўтади шекилли…

Сиз олтмиш йил чанқоқ ҳолда қирғоқда яшаш нелигини билмайсиз. Буни англашингиз мумкин эмас. Чунки сиз буни тажриба қилиб кўрмагансиз. Сиз эркак кишисиз.

Ёшлигимда эркаклар кўча, мактаб учун яратилган. Аёллар эса ошхона учун яратилган дейишар эди.

Отамнинг иқтисодий ҳолатлари ўртача эди. Фарзандларини универститетда ўқитишни орзу қилар эдилар. Онам вафот этганларидан сўнг бу орзунинг бадали мен бўлдим. Уйдан чиқа олмай қолдим. Пиширар эдим, ювар эдим, кафелларни артар эдим. Қисқаси ходимага бериладиган маошни сақлаб қолиб отамга ёрдам берар ва унинг орзуларини амалга ошишига кўмаклашар эдим. Ёш авлод универститетга кириши, таълим олиши ва “биз эркаклармиз” дейиши учун гўшт ва қонидан тўлайдиган тўлов бўлдим.

Мен бу фидокорликдан бахтиёр эдим. Мен кўксимда тарбия топган уч авлоднинг бокира онаси эдим.

Аммо ҳозир атрофимдаги олам ўзгариб қолган. Ўзимни бегона оламдаги бегона инсондек ҳис қилаяпман. Бунда сафсата, ғурур, севги, худосизлик ва бойлик лиқ тўла.

Ўзим тарбия қилган, ёшлигимни ва умримни уларга берган қизлар ва болалар менга бир буюм ва эски нарса сингари боқишади. Мени масхара қилишади. Чунки мен уларнинг замонидан, сиёсатдан, севгидан бехабарман. Устимдан кулишади.

Ошхонадаги ҳукмронлигим ҳам тугаган. Уни янги ошпаз эгаллаган. Дераза олдига келиб ҳеч кимга сездирмасдан йиғлаб оламан. Битта нарсага эга бўлишни ҳоҳлар эдим. У қадр…

Аммо шунга ҳам эга бўла олмадим. Қанчалар бахтсизман…!

* * *

Доктор Мустафо Маҳмуд бу аёлга жавоб беради:

“Азиз она! Замонадан, сиёсатдан ва муҳаббатдан хабардор қизларингиз аслида муҳаббатдан ҳеч нарсани тушунмас экан. Улар сизга хизматкор бўлишга ҳам лойиқ эмаслар. Муҳаббат бу сиз, эй она! Сиз шарафсиз, фидокорликсиз ва фазилатсиз. Сиз янги авлод учун тўлов бўлишга рози бўлдингиз. Улар сизнинг қўлингиздан олган илм, маданият ва ҳуррият сармоясига бадал бўлдингиз. Бу сафсаталар бариси сизнинг дастурхонингиздаги увоқлардир. Агар улардан азият кўрган бўлсангиз, улар сизга оқ бўлишган бўлса сиз уларни кечиринг. Бу пайғамбарлар одати ва зийнатидир. Сизга буюк нарса бунёд қилган аёл эканингизни ҳис қилишингизни ўзи кифоя қилади. Мен сизга таъзим қилиб қўлингизни ўпаман, эй покиза Марям!

Мустафо Маҳмуд.
“Ошиқлар эътирофи” китобидан.

facebook.com