«Сурхондарёча томоша». Туман ҳокими ўзини порталга ёзган депутатдан «қутулди», у қонунлардан бехабарми?

«Сурхондарёча томоша». Туман ҳокими ўзини порталга ёзган депутатдан «қутулди», у қонунлардан бехабарми?
31 views
25 March 2019 - 22:09

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан халқ депутатлари кенгаши туман депутати Шоберди Суюнов мурожаат қилди. У ўз мурожаатида туман ҳокими — маҳаллий кенгаш раиси Нормўмин Чориев уни ноҳақ ва ноқонуний асослар билан муддатидан аввал депутатликдан чақириб олганини баён қилганди. Мурожаатни батафсил ўрганиш учун сайт мухбирлари журналистик суриштирув ўтказди.

Шоберди Суюнов бир неча йиллардан бери туманда депутат сифатида фаолият юритиб келган. У кейинги вақтларда туман ҳокими томонидан йўл қўйилган камчиликлар, аҳоли норозиликлари кучайиши ва бошқа муаммолар тўғрисида президент порталига мурожаат йўллаган. Мурожаатда туман ҳокимининг айрим қилмишлари, жумладан, тумандаги «Нефтчилар» маҳалласи ҳудудида жойлашган мактабгача таълим муассасасидан кесиб кетилган иситиш трубалари, уларнинг ўрнига қўйилган қўлбола иситиш мосламалари ва бошқа муаммолар баён этилган. Мурожаатдан кейин ўзини Президент администрацияси ходими сифатида таништирган Олим исмли шахс текширувга келган. Депутат ундан фамилиясини сўраганида «билиши шарт эмаслиги»ни айтиб маълумот бермаган. У қўлбола иситиш мосламасини ўз кўзи билан кўрган. Лекин президент администрацияси ходими ҳам, туман прокурори ҳам бу ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Собиқ депутат Шоберди Суюнов

Воқеадан кейин халқ депутатлари кенгаши раиси ҳисобланадиган ҳоким зудлик билан навбатдан ташқари сессия чақирган. Сессия кун тартиби ҳам айтилмаган. Тумандаги барча депутатларга қўнғироқ бўлган. Эртасига тахминан соат 8ларда депутат Шоберди Суюновга туман ҳокимлигидан қўнғироқ бўлиб, тезда сессияга етиб келишини айтишган. Депутат сессияга борган ва туман ҳокими сессияни бошқаришига эътироз билдирган. Бошқа бир депутат эса сессия ўтказилишини талаб қилган. Асос сифатида ўртадаги низони айтади ва холислик таъминланишини сўраган.

Ҳоким депутатнинг эътирозига қарамай, сессияни бошқаришда давом этган, бирин-кетин у ҳақида салбий фикр билдирадиган шахсларга сўз навбати берилган. Бироқ Шоберди Суюновга ўз асосларини айтиши учун сўз берилмаган. Депутатликдан чақириб олишга асос сифатида фуқаро Нодирабегим Рустамованинг манфаатларини кўзлаб судда вакил сифатида қатнашгани ва бошқа сабаблар кўрсатилган.

Шундан сўнг, Адолат социал демократик партияси туман кенгаши раҳбари Шуҳрат Йўлдошевга юзландик. У чақириб олиш ҳақидаги қарорга нима асос бўлгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб қайтарди.

Партия туман кенгаши раиси Шуҳрат Йўлдошев

«Ҳурматли ҳоким бува даволанишга кирган экан… Ордер масаласида депутат Тошкентга бориб даволанганда ўша ерда… Хуллас, ўзининг фаолиятида сусткашликка йўл қўйган экан. Ҳамма ҳужжатлар ҳокимиятда. Бундан ташқари яна бир депутатни чақириб олганмиз…», — дея тушунарсиз изоҳлар берди партия раҳбари.

Ундан депутатни чақириб олиш тартибига оид қонун ҳужжатларига қай даражада риоя қилингани ҳақидаги саволларга жавоб ололмадик.

«Бориб ҳокимликдан ҳужжатларни олиб келаман»,-деганича кетган партия раҳбарини қайтиб кўрмадик.

Кейин тумандаги депутат Шуҳрат Жумаев ва бошқа депутатлар билан суҳбатлашдик. Улар ҳам ҳолатни шундай тасвирлашди. Чиндан ҳам сессия бир кун аввал чақирилганини тасдиқлашди.

Туман депутати Шуҳрат Жумаев

Шоберди Суюновнинг айрим сайловчилари эса депутат амалга ошираётган ишларни ижобий баҳолашиб, унинг фидойилигини эътироф этишди. Улар тегишли ташкилотлар Суюновни депутатликка қайта тиклашида амалий ёрдам кўрсатишини сўрашди.

Туман ҳокимлигининг мазкур сессияни ташкил қилишга бевосита масъул бўлган ходими билан боғланганимизда, у ҳам етарли маълумотлар тақдим эта олмади. Нима сабабдан сессия зудлик билан ўтказилгани, нима учун сессия бўлиб ўтиши ҳақида жуда кеч хабар берилгани ҳақидаги саволларимизга ҳокимлик вакили «депутатларни топа олишмагани»ни важ қилиб кўрсатди.

Депутатнинг президент порталига ёзилган шикояти тақдири билан қизиқиб, тумандаги мактабгача таълим муассасасига бордик. У ерда ўрнатилган иситиш мосламаларини ўргандик. Аҳвол жуда ачинарли. Иситиш мосламалари ўрнига тўғридан-тўғри иситиладиган қўлбола иситиш мосламаларида хоналар иситилмоқда. Иситиш тизими ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Ичкарида эса болалар тарбияланмоқда. Бирор сабаб бўлиб олов ўчиб қолгудек бўлса, хонага газ тўпланиб,  ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Туман ёнғин хавфсизлиги мутасаддилари ва бошқа ваколатли органлар эса бунга бефарқ қарашмоқда.

Депутат Шоберди Суюновнинг президент порталига йўллаган шикояти натижаси билан қизиқиб, туман прокуратурасига йўл олдик. Бироқ туман прокурори қаёққадир ғойиб бўлди, бизга у ўз секторидаги вазиятни ўрганиш учун чиқиб кетганини айтишди ва ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб топа олмай ортга қайтишга мажбур бўлдик.

Дарвоқе, Суюновнинг маълум қилишича, унинг туман ҳокимининг хатти-ҳаракатларига эътироз билдирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти порталига йўлланган шикоятига жавоб хати қайтарилмаган.

Суриштирувлар сўнгида туман ҳокими Нормўмин Чориев қабулида бўлиб, ҳолат юзасидан изоҳ олдик.

«Депутат кўп йиллардан бери ариза ёзиш билан шуғулланади. Ариза билан аризанинг фарқи ҳам бўлади. Кимдир ўз манфаатини, кимдир халқ манфаатини кўзлайди. Бу инсон раҳбарларга нисбатан кўпроқ шундай ариза ёзади. Охирги мурожаатини президент администрациясидан келиб кўришди. Исботини топмади. Шундан сўнг, туман партия раҳбари чақириб олиш тўғрисида одоб-ахлоқ комиссиясига маълумот киритди. Кейин иш сессияда кўрилди. 30 депутатдан 22 нафари қатнашди. Кворум бор. Ҳаммаси кўриб чиқилди. Камида 10 депутат сўзга чиқди. Кўпчилик Суюновнинг ваколатини олдиндан тугатиш керак деди. У бўлса сессия бошида сессияни очишни бошқа бир депутат кўриши керак деди. Мен унамадим. Мен ваколатли кенгаш раиси эканимни айтдим.

Бундай ҳолларда навбатдан ташқари сессия чақирилади. Бу ерда қонун бузилиши ҳолати бўлмаган. Мендан кенгаш раиси ваколати олинмаган. Унинг масаласини битта мен ҳал қилмадим. Ўша ердаги депутатлар ҳал қилди. Мен раис бўлиб қатнашдим, холос», — дейди ҳоким.

Қумқўрғон тумани ҳокими Нормўмин Чориев

Аслида депутатни чақириб олиш тартиби қандай?

«Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида»ги қонунга кўра, депутатни чақириб олиш учун қатор асослар мавжуд бўлиши талаб этилади.

Тегишли асосларни кўриб чиқиш учун кенгаш ташкил қилинади. Кенгаш депутатни чақириб олиш асослиги ёки асоссизлиги тўғрисида қарор чиқаради. Ундан кейин асосли қарор чақириб олишни ташкил этиш учун Марказий сайлов комиссиясига юборилади.

Қонуннинг 4-моддасига кўра, депутатни чақириб олиш у сайланган округ сайловчиларининг яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Марказий сайлов комиссияси қарорни олган кундан бошлаб 10 кун ичида овоз бериш жойи ва вақтини тайинлайди. Қонуннинг кўрсатилган асослар етарли бўлган тақдирда 3 кунлик муддатдан кечиктирмай депутатга ҳужжатлардан намуналар ёзма тарзда юборилади.

Чақириб олиш ҳақидаги масаласи қўйилган депутат сайловчилар билан учрашишга, сайловчиларнинг йиғилишларида, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг сессиялари ва мажлисларида чақириб олиниши ҳақидаги масала кўриб чиқилаётганда иштирок этишга ҳамда ўзини ҳимоя қилиб сўзга чиқишга ҳақлидир. Депутатни чақириб олиш ишларини ташкил этиш тегишли округ комиссияси зиммасига юкланади.

Депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш жараёнини ўтказиш учун овоз беришга кечи билан 25 кун қолганда овоз бериш участкалари ва кечи билан 20 кун қолганда участка комиссиялари тузилади. Тегишли сайлов округи сайловчиларининг рўйхатлари овоз бериш кунига кечи билан 10 кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим қилинади.

Депутатнинг чақириб олинишини «ёқлайман» ёки «ёқламайман» деган мазмунда яширин овоз бериш йўли билан сайлов ўтказилади. Сайловчиларнинг ярмидан кўпи чақириб олинишини ёқлаб овоз берса, кейин депутат чақириб олинган ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганди, қонун ҳужжатларига кўра халқ депутатлари туман кенгаши депутатни чақириб олишга ваколатли эмасдек кўринади. Тасаввур қилиб кўринг, сиз фуқаро сифатида депутатни сайласангиз-у, бошқа сайлов участкаларидан сайланган депутатлар сессияда овоз бериб сиз сайлаган депутатни ваколатларидан маҳрум этса. Туманда ҳоким Кенгаш раиси бўлса, бирор депутат унга қарши бориши мумкинми? Партия туман кенгаши раҳбарининг шахсан ўзи «ҳоким бувамиз» деб турганда, бошқа депутатлар нима қилсин?..

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил декабрь ойида Қашқадарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда «Бир раҳбар одам ҳам ҳоким, ҳам кенгаш раиси бўлолмайди. Керак бўлса, ҳоким кенгашга ҳисобот беради. Вилоят ва туман депутатларига ҳам ваколатлар берилади» деган сўзлари бежиз айтилмаганига юқорида тилга олинган воқеа тафсилотларида яна бир бор гувоҳ бўлиб турибмиз.

Президент ўтган йил якунида парламентга мурожаатномасида ҳам шу мавзуга тўхталганди ва ҳокимнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилиши амалиётини бекор қилишни таклиф этганди. «Ҳоким ҳокимлигини қилсин, лекин кенгаш олдида ҳисобот берсин», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Юқоридаги ҳолатга Марказий сайлов комиссияси, Адолат социал демократик партияси Марказий кенгаши ва қонунлар аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, қолаверса, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги тегишли муносабат билдиради, деб ишонч билдирамиз.

Kun.uz мухбири Зафарбек Солижонов,
тасвирчи Шерзодбек Эгамбердиев

Манба: kun.uz