Самарқанд меъморчилиги тарихида Амир Темурнинг ўрни ва роли

Самарқанд меъморчилиги тарихида Амир Темурнинг ўрни ва роли
69 views
27 March 2019 - 9:50

Самарқанд меъморчилиги тарихида Амир Темурнинг ўрни ва роли

Бугунги Самарқанднинг дунё меъморчилиги ва маънавияти марказларидан бири мақомини эгаллашида Соҳибқирон Амир Темурнинг ўрни ва роли каттадир.

Мўғуллар зулмидан кейин бу қадим шаҳар харобага айланган, уни тамоман қайта қуриш билангина унинг шавкатини қайта тиклаш мумкин эди. Амир Темур Самарқандни йигирма етти давлатни ўз ичига олган йирик салтанатнинг пойтахти қилиб танлагач, унинг бугунги маҳобати ва гўзаллигига замин яратувчи қурилиш ва ободонлик ишларини ҳам олиб борган.

Бу шаҳар ўз даврида энг шавкатли ва маҳобатли сиёсий марказ кўринишига эга бўлган. Соҳибқирон Амир Темур давлатининг пойтахти Самарқанд шаҳри ҳар тарафлама пойтахт талабига жавоб берадиган сиёсий марказ вазифасини бажариши керак эди.

Ана шу мақсад йўлида Самарқанд унинг қадимий маркази Афросиёбдан жануброқда бутунлай янгича асосда қурилди. Бу шаҳарнинг одам яшамайдиган эски хароба қисми Афросиёб номи билан тарих синоатлари пардаси ортида қолди.

Янги Самарқанд бутунлай замон руҳи билан ҳамнафас ҳолда қайтадан қурилди. Шаҳар тевараги мустаҳкам қалъа девори билан ўралди.

Шаҳарга кириш тарафларига Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан аталувчи олтита дарвоза ўрнатилди. Шаҳар аркида Темурийнинг қароргоҳи Кўксарой ва Бўстонсарой бино қилинди. Ҳукмдорнинг қароргоҳида ҳашаматли Кўксарой биноси қад кўтарди. У тўрт қаватли бўлиб, гумбазлари ва деворлари зангори кошинлар, нақшинкор ва гулдор парчинлар билан қоплангани учун Кўксарой номини олган эди. Кўксаройда хонларни подшолик тахтига ўтказиш маросими вақтида уларни оқ кигиз устига олиб ўтказадиган, тошдан тахткурси-Кўктош қўйилган эди.

Булардан ташқари Аркда давлат девонхонаси, қурол-яроғлар устахонаси ва аслаҳахона, тангалар сўқиладиган зарбхона, қамоқхона каби иморатлар жойлашган эди.

Соҳибқирон Самарқандда дунёдаги энг йирик яратувчилик тимсолларидан саналган гўзал Бибихоним масжиди жомеъсини қурдирган. Бу масжиди жомеъ шу қадар гўзал бўлиб, у Шарқнинг энг гўзал иморатлари билан баҳслаша олар эди. Бу муҳташам бинони ўз кўзи билан кўрган Испания қиролининг элчиси Руи Гозалес де Клавихо ҳаяжонга тўла сатрларни ўз “Кундаликлари”да қуйидагича ёзиб қолдирган: «Бу улуғ амир барпо этган энг йирик иншоот ва дунёдаги энг катта масжидлардан бири эди; уни салтанатнинг турли вилоятларидан келтирилган ўнлаб энг яхши меъморлар, муҳандислар, наққошлар ва ғишт терувчилар амирзодалар раҳбарлиги остида тўрт йил ичида қуриб битказдилар. Бинонинг ичкарисига кириладиган монументал порталга етти хил маъданнинг қоришмасидан ишланган, зангламас ва жарангдор, тилла суви юритилган бронза дарвоза ўрнатилган бўлиб, уни тайёрлаш сирлари асрлар давомида йўқолиб кетган. Энг катта марказий залининг марказий пойдевори қурилишида Ҳиндистондан келган филлар ҳам ишлатилган бўлиб, улар беш юз сангтарош тоғ ён бағирларидан кесиб олган оғир тошларни қурилишга етказиб турган. Залнинг тепасига ердан уч юз метрча баландликда улкан мовий гумбаз – «Самарқанд мовий гумбази» тикланган эди.

Соҳибқирон Амир Темур Самарқанднинг бир-биридан гўзал ва бетакрор иморатларини форсча, арабча, мўғулча ва бошқа услублар уйғунлигида қуриб, санъатда ўзига хос янгича услуб ва меъморчилик асосларининг пайдо бўлишига замин яратди. Демак, турли услублар ўртасида интеграция юз берган. Демак бу муҳташам ва салобатли бинолар орқали том маънода маданиятлараро кўприк қўйилган. Бу биноларнинг айримларигина бизнинг куларгача етиб келган. Манбаларда келтирилган маълумотлар орқали Амир Темур давридаги Самарқандни кўз олдимизга келтирсак, у бундан бир неча баробар гўзалроқ кўринишда бўларди. Кейинчалик Амир Темур асос солган шаҳар маркази Регистон майдони меъморчилик ансамбллари шаклланган.

Амир Темурнинг буюк бунёдкорлик ва меъморчилик фаолияти туфайли бугунги Самарқанд ғурур ва ифтихор тимсолига айланган.

Совет даврида қўйилган катта тўсиқларга қарамай ўзининг ҳаётини хавф остига қўйиб Амир Темур фаолиятини холисона ёритган академик олим И.Мўминов ҳам Соҳибқирон Амир Темурнинг яратувчилик маҳоратини юксак баҳолаб шундай ёзган: «Темур Самарқанддаги аҳволни бутунлай ўзгартириб юборди. У Самарқандда Кўксарой, Бибихоним масжиди, Шоҳизинда мавзолейи, Самарқанд атрофида Боғи Чинор, Боғи Шамол, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Нав каби боғ ва саройларни қурдирди. Йўллар қуриб, Қўқон-Зарафшон дарёлари орқали кўприклар солинди, шунингдек, кейинчалик Амударё ва Сирдарёга кўприк қурилди, Тошкент атрофига каналлар, жумладан, Сирдарёдан Оҳангаронга ҳам канал ўтказилди. Шаҳар типидаги Оҳангарон қишлоғи қурилди. Бухоро, Шахрисабз, Фарғона, Туркистонда карвон саройлари ва бошқа қурилишлар билан бирга ирригация иншоотлари қад кўтарди. Шаҳар, қишлоқлар, ҳаммомлар, мадрасалар, мақбаралар қурилиши ўша давр учун мисли кўрилмаган миқёсда, масштабда олиб борилди. Қурилишга маҳаллий архитектор усталар – соҳиби ҳунарлардан ташқари Темур забт этган ўзга мамлакатларнинг кўплаб қурувчилари, меъморлари жалб этилди».

Олим И.Мўминов бу қурилишлар Ўрта ва Яқин Шарқда ривожланган бадиий тафаккурни ўзида ифодалаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Бизнингча, бу бунёдкорлик ишларининг барчасида сиёсат, эстетика, бадиий хусусиятлар билан бирга юксак маънавият, фалсафий қарашлар, даврнинг жўшқин руҳи, Амир Темур давлатчилигининг янгича нафаси ўз ифодасини топган. Демак, Амир Темур бунёдкорликлари давлатчиликдаги муҳим хусусият бўлиб, улар ва давлат қудрати билан уйғунликда бир-бирини тўлдирган. Улар буюк давлатчилик асослари барпо этилганлигига катта далил вазифасини ўтайди.

Шунинг учун ҳам тарихда қудратли ҳукмдорлар маҳобатли бинолар қуришга интилишган.

Самарқандда бунёд этилган бу кўркам қурилишларни тинчлик, тараққиёт ва гўзаллик тимсоллари деб ҳисоблаш мумкин.

Соҳибқирон Амир Темур Самарқанд атрофига бир-биридан гўзал Шероз, Султония, Димишқ, Миср, Бағдод каби қишлоқлар барпо этди. Бу қурилишлар тагида ҳам катта стратегик мақсадлар ётади. Дамашқ, Миср, Бағдод, Шероз ва Султония каби шаҳарлар ўша даврда дунёнинг энг нуфузли шаҳарларидан эди. Соҳибқирон Амир Темур эса айнан Самарқанд атрофига шундай номдаги гўзал қишлоқларни барпо этди ва уларга нисбатан Самарқанднинг тутган мавқеини таъкидлади. Унинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди.

Соҳибқирон Амир Темур даврида олиб борилган бунёдкорлик ишларининг деярли барчасида илмий лойиҳа, меъморий-бадиий ечим, нур ва соя услубларии юксак даражада ишлаб чиқилган ва бу қурилишлар аниқ режалар асосида олиб борилган. Бу даврнинг биргина боғчилик санъатини ўрганиш ҳам бугунги шу соҳа санъатига катта амалий дастур вазифасини ўташи мумкин.

Маълумотларга кўра, 1397 йил баҳорида у Самарқанднинг машҳур боғларидан бири «Боғи Шамол»да ажойиб бир сарой қурдирган.

“Қурилишни тезроқ ниҳоясига етказиш учун эроний ва боғдодий меъморларга аскарлар ёрдам беришди. Ўзи эса иш боришини назорат қилиб туриш учун қурилиш майдонига чодир тикдирди.

Ҳ. Вамбери фикрига кўра, Самарқанднинг «Жануб томони»да «Боғи биҳишт» саройи бор, у гўзал меъморий услубдаги қувончни оширадиган боғи билан машҳурдир. Шарафуддиннинг ривоятига, бу сарой ҳандақ билан иҳота қилинган сунъий тепа устига Табризнинг соф оқ мармаридан бино этилган, бир неча кўприклар шу боққа уланган, бир томонида ҳайвонот боғчаси ҳам бор. Темур бу саройни ўзининг ворисларидан бири Мироншоҳнинг қизига ҳадя қилган эди.

Шунингдек у кенг Конигил даштида илгари машҳур бўлган барча боғлардан гўзал бир боғ яратди. Унинг анжирлару бошқа турли мевали дарахтлар соя ташлаб турган узун йўлакларидан ўтиб, атрофи баланд оқ мармар устунлар билан ўралган бир қасрга бориларди. Амир Темур боғ ўзи ўйлаганидек чиққанлигини кўргач, унга Боғи «Дилкушо», яъни «Дилга қувонч бахш этувчи» боғи дея ном берди.

У Кеш йўли устидаги ҳайбатли қоя устига ҳам ажойиб бир сарой қурдирди. Деворлари мармар ва оқ кошин билан қопланган. Бу саройни зилол булоқлардан сув ичган ям-яшил боғ ўраб турар эди. Темур бу боққа «Тахти қорача» деб ном қўйди.

Соҳибқирон Амир Темур даврида ҳаммаси бўлиб Самарқанд атрофида 12 та гўзал ва бетакрор боғлар барпо этилган. Булар: боғи Нақши Жахон, боғи Беҳишт, боғи Шамол, боғи Давлатобод, боғи Булду, Боғи Майдон, боғи Баланд, боғи Чинор, боғи Жахон Намо, боғи Нау бўлиб, улар учун жой танлашда жойнинг баҳоволигига, баланд-пастлигига, сув манбаининг оз-кўплигига ва табиатнинг бошқа хусусиятларига алоҳида эътибор берилган.

У.Олимовнинг айтишича, Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд боғлари икки хил кўринишда қурилган.

1. Геометрик шаклда тартиб берилган чорбоғлар. Бу кўринишдаги боғлар тўртбурчак шаклида қурилиб майдони 1х1 км.ни ташкил этган.

2. Табиат хушманзаралари асосида ташкил топган боғлар табиий манзарага баъзи бир тузатишлар киритган ҳолда барпо қилинган. Бу боғлар майдони тартибли боғларникига нисбатан кенгроқ бўлган. Зарафшон дарёси, Дарғом, Аббос, Қораунас каналлари ва Обираҳмат, Боғи Шамол, Боғи Баланд ариқлари боғларни сув билан таъминлаган.

Ариқлардан ташқари боғларнинг турли қисмларидан ўрин олган ҳовузлар (25х25 : 32х64 м.) фавворалар (4х4 : 5х5 м.), шунингдек боғ ўртасида жойлашган саройларни ўраб турган сув ҳавзалари (Хандақлар кенглиги – 20-25 м.) боғларга файз киритиш билан биргаликда ҳавосини мусаффолаштирган, микроиқлим яратган.

Боғларнинг турли хилдаги мевали, манзарали дарахтларсиз, кўкатларсиз, гулларсиз, тасаввур қилиш жуда қийин. Уларнинг соясида сайр қилиб юрган оҳулар, товуслар ва сув хавзаларида сузиб юрган ўрдаклар, ғозлар, балиқлар боғ кўркини янада жозибалаштирган.

Боғларнинг турли қисмларига жойлаштирилган чодирлар, шийпончалар ва уларни боғловчи йўлкалар бўлган.

Амир Темур Ҳиндистоннинг юзларча моҳир ғишт терувчилари, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур усталарини Мовароуннаҳрга келтирди, улар гўзал иморатлар қурдилар.

Можор олими Ҳ. Вамбери ҳатто Амир Темур тарафидан қурилган бу иморатларнинг юз йиллардан кейинги харобалари ҳам дунёнинг энг гўзал иншоотларидан устунлигини қайд этиб, бундан кейинги юз йилликларда мусулмон дунёсида бунёд этилган йирик қурилишларда Амир Темур салтанати меъморчилиги мактабидан андоза олгани, унга тақлид этилгани ҳақида ёзиб қолдирган.

Соҳибқирон Амир Темурнинг Конигил майдонида чодирлардан катта кўчма шаҳар қургани унинг меъморчилик санъатининг муҳим чўққиларидан бири ҳисобланади.Бу кўчма шаҳар «Юксак тартиб-интизом ва фидойилик билан ишланган. Амир Темур ўрдуси йигирма минг чодирдан иборат ҳақиқий бир шаҳар тиклади. Бу шаҳарнинг ўз уйлари, кўчалари, майдонлари ва бозорлари бор эди. Шаҳарнинг қоқ марказидан Соҳибқироннинг чодири жой олди.

Клавихони, айниқса, ўрду ёрдамчи қисмларининг ташкил этилиши қаттиқ хайратга солди».

Клавихо ўз “Кундаликлари”да бир-биридан гўзал чодирларни таърифлаб, улардан бирининг сирти олмахон мўйнасидан, ичкариси оқ мўйна билан безатилгани, яна бошқа чодирнинг сувсар мўйнаси билан қоплангани ва чодир ичкарисидагилар ойнадан ташқарини кўра олишлари, ташқаридагилар эса ичкаридагиларни кўра олмаслиги, махсус мослама билан қурилган эшиклар чодир ичига ёқимли елвизак бериб туриши, чодирлардан ташқарига чиқмай махсус матолардан қурилган йўлаклардан бошқа чодирларга ўтиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаган.

Ибн Арабшоҳ чодирлар ва ўраб турган сарой (матодан ишланган тўсиқ)ни шундай таърифлади: «Темур амр қилди, унинг суродиқаларини бу яшнаган жаҳон маркази қилиб қўйдиларки, гўё у ушбу айланаётган фалаклар доирасининг (марказий) нуқтаси бўлди. Бу қурилган чодирлар ва ўтовлар устидаги атрофи ўралиб ўрнатилган бир кўтарма эди. Унда катта дарвоза бўлиб, у орқали ичидаги мавжуд жой ва манзилларга кенг дахлиз бўйлаб кириларди. Дарвозанинг иккита баланд шоҳи бўлиб, одамлар уларга бошларини эгар ва (уларни) мушоҳида қилган пайтда кишилар эсдан жудо бўларди. Шу икки шоҳ (борлиги) сабабидан бу (жой) «Зулқарнайн» («икки шоҳли») деб лақабланарди. Бу даргоҳнинг ичкарисига Темур учун бир қанча чодир, хайма ва ўтовлар тикдилар.

Шулар жумласидан бир чодир бор эдики, унинг юқорию қуйисига олтин билан зарҳал берилиб, ичию сирти нафис патлар билан безатилган эди. Чодирлардан яна бири батамом харирдан тикилиб, турли-туман нақшлар, хилма-хил алвонли бўёқлар билан безалиб тўқилган, яна бошқа бирига бошидан охиригача йирик марваридлар қадалганки, уларнинг ҳар бир донасининг қийматини барча асрорлар билимдони (тангри)дан бошқа ҳеч ким билмайди; яна бири тилло бўлаклари устида турли-туман жавоҳирлар билан шундай безатилганки, у одамзод кўзини ўйнатиб, ақлини даҳшатга солади.

Уларнинг ораларида нақшли равоқлар, зарҳал берилган чодирлар даҳлизлари ва йўлаклари, кишини ҳайратга соладиган иншоатлар бор эди. Улар орасида ором олиш учун елпиғичлар берадиган (канопдан ясалган) елпиғичлар, фойдали (нарсалар) ва заруратлар, очилиб қулфланадиган нарсалар бор эди».

Соҳибқирон Амир Темур Боязид Елдиримни енггач унинг хазинасидан бир саропарда олиб келган эди. Ушбу ситора хилма-хил нақшлар билан нақшланган бўлиб, наботот, иморатлар ва аршлар, турли-туман хашоратлар, қушлар, вахший ҳайвонлар, кекса ва ёш кишилар, аёллар, болалар расмлари, китобот нақшлари, мамлакатлар ажойиботлари, мусиқа асбоблари ва ҳайвонлар ғаройиботлари суратлари алвонли бўёқлар билан безатилгани бўлиб, улар бекаму кўстлик ва етукликда ўта камолга молик эди. Улар шундай маҳорат билан ишланганки, гўёки суратлари ҳаракатга тушиб, сен билан суҳбат қураётгандек ва қуйи эгилиб турган мевалар эса ўзини теришга сени чорлаётгандек туюлади. Бу ситора дунё ажойиботларидан бири бўлиб, у ҳақда (бошқалардан) эшитиш кўз билан кўргандек эмасдир.

Чодирлардан иборат бу шаҳарчанинг ички дизайни ҳам шоҳона ва санъаткорона тузилган эди. Чодирдан бирининг ички тузилишини шундай таърифлайдики, «Баландлиги одам кўкраги келадиган марварид дурлар билан безатилган тилла сандиқ. Бу сандиқда қулоқли тилла пиёлалар мавжуд. Сандиқнинг бир кичик эшиги бўлиб, ичига қулоқли олтита пиёлалар қўйилган. Сандиқ тепасида олтита олтин кўза, олтита олтин пиёла, сандиқ ёнида баландлиги бир қарич келадиган олтин пиёла, унга икки қарич зумрад ўрнатилган. Хонтахта қаршисида эман дарахти шаклида ясалган, одам оёғи йўғонлигида ясалган олтин дарахт, баландлиги одам бўйи, мевалари сарғиш, қизил, зангори ёқутлар, зумрадлар, ферузалар, ниҳоятда санъаткорона қўйилган. Дарахтда гўё мева емоқчидай, ёхуд учиб кетмоқчидай, мева еяётгандай марваридларни тумшуғида ушлаб турарди». У хонадаги хайратомуз хонтахталар, кўрпачалар ва бошқаларни ҳам санаб ўтган.

Темурийлар даври санъатининг ёрқин тимсоли бўлмиш ушбу чодир шаҳарда хатто кўчма масжид ҳам ўрнатилган. У икки қават бўлиб, гир айланаси ёғоч йўлаклар ва айвонлардан иборат. Масжид бошдан оёқ тилла ва ложувард рангли нақшлар билан безатилган бўлиб, уни исталган пайтда бузиш ва йиғиш мумкин эди.

Ибн Арабшоҳнинг айтишича, бу афсонавий чодир шаҳарчада ҳунармандлар ўзларининг шоҳ асарларини намойиш қилганлар. “Бир қамиш тўқувчи ҳунарманд (қамишдан) мукаммал қурол-яроғли бир отлиқни ясаб чиқарди ва унинг суратини камолига етказиб, хатто тирноқларию киприкларини ҳам ясади. Унга (отлиққа) зарур бўлган қурол-яроғлардан ёй, қилич ва бошқа тааллуқли нарсаларнинг ҳаммасини дақиқ усулда камолига етказиб ясади. Ушбу анжомларнинг барчаси қамишдан эди… Пахта тикувчилар пахтадан тиклиги ярашган, баланд, пишиқ ишланган, гўзал суратли нафис ва чиройли бир мезана ясадиларки, у ўз жисмининг оқлиги жаннат ҳуридан кўра ҳам юқори ва бўйининг баркамоллиги баланд қасрлардан ҳам баланд эди”.

Бир кичик мақолада Амир Темур даврида Самарқанд меъморчилиги мавзусини тўлақонли очиб бериш мушкул, аммо юқоридаги маълумот ва таҳлиллардан кўринадики, бу шаҳар Амир Темурнинг саъйи ҳаракатлари туфайли мукаммал кўринишга эга бўлиб, сиёсий марказларга қўйиладиган барча талабларга тўлиқ жавоб берган. У ўз даврида дунёнинг энг гўзал шаҳри ва сиёсий маркази сифатида донг тариши билан асрлар давомида инсонларнинг онги шуури, эстетик ва этик савиясига катта таъсир кўрсатиб келмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидламоқчимизки, Амир Темурнинг давлат бошқарувида бунёдкорлик муҳим йўналишлардан ҳисобланиб, Оқсарой биносига ёзилган “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз қурган иморатларимизга боқинг” деган хитобларда ҳам уларнинг давлат қудратига далил вазифасини ўтагани, меъморчилик ва сиёсат уйғунлашганини англаш мумкин.

Бу қурилишлар Амир Темурнинг тафаккури, кучи, илми, иродаси, ташкилотчилиги, қалбининг нозиклиги, куч-қудрати этикаси, санъати ва энг асосийси буюк ҳукмдор бўлгани, бу даврда мукаммал давлат бошқарув асослари қурилганига далолатдир.

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com