Зиёли

Зиёли
85 views
27 March 2019 - 15:57

ЗИЁЛИ

Мамлакатда ёзувчи, шоир, олим кўп, аммо чинакам зиёли кам.

Қўлида қалами бўлса-ю, юрагида зиёси бўлмаса, бунинг устига, феълида уқувсиз, хўйида ичиқора бўлса, бундай “ақлли”дан теваракка асло зиё таралмайди! Аксинча, одамларга фақат зиён келади! Ички маданияти тубанлигидан тўплумни тўғри издан чиқазиб, қинғир изга солиб юбориши ҳам мумкин. Яъни, дуз-тўғри кетаётганни ҳам адаштиради, ёп-ёруғда мўлжални йўқоттиради, теп-текис йўл қолиб ўнқир-чўнқирга бошлайди, ўзи машъала тутолмагани етмаганидек, бошқасининг қўлидаги машъалани ҳам сўндиришга ташаббус қилиб қолади, оламни ахлоқий, маънавий қоронғуликка ботириб ташлайди.
Бунақаларни қандай ҳам зиёли дейсиз! Зиёнлидир у, зиёнли…

Чинакам зиёли миллатининг виждони бўлади. Адашса, тўғри йўлга бошлайди. Тўғри кетаётган бўлса, тезлайди. Хунукни чиройли қилади, чиройлини янада гўзаллаштиради. Қоронғуликда қолса, кўксидан юрагини суғуриб теваракни ёритади. Халқининг қоқ ўртасида туради. Ёнса, қўшилиб ёнади, куйса, у ҳам куяди. Эл-юрт ғамини ўз ғамидан олдинга қўяди. Юраги халқи юраги билан бир уради.
Иброҳим Ҳаққулни мана шундай чинакам зиёлилардан деб биламан.

Мен Иброҳим акани бир инсон сифатида ҳам, адабиётшунос олим сифатида ҳам ўтган аср 80-йиллари таниганман. Мақолаларини излаб топиб ўқийдиган муаллифларимдан бири эди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир жумласи орқасида ҳақиқий олим одам тургани балқиб билиниб турарди. Нафас янги эди, назар янги эди! Нафақат чиройли ёзарди, балки виждони ҳақ деб билган мавзуларнигина, виждони буюрганинигина ёзарди.

У паллалар “Ёшлик” жўрналининг Адабий танқид бўлимида ишлардим. СССР осмонида ошкоралик шабадаси эса бошлаган бўлса-да, коммунизмнинг худосизлик мафкураси ҳали расман эгаридан тушмаган, қизил одамлар ҳали-ҳануз қип-қизил ғояларга қулликда яшаётган кунлар эди. Иброҳим ака устоз Нажмиддин Комилов билан биргаликда мумтоз адабиётимизни асл ўзанига солиб, тасаввуф таълимоти нуқтаи назаридан таҳлил этишга киришди. Биз кейинги авлодга бу бурилиш ниҳоятда тотли ва мароқли эди. Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам қуруқ жасаднигина тан оладиган мафкурадан зерикиб, эски руҳимизга қайтишни, Оллоҳни, Қуръонимизни, динимизни соғинган эдик. Нажмиддин Комилов ҳам, Иброҳим Ҳаққул ҳам гарчи у замонда динни очиқ оқлаб беришмаган бўлса-да, тасаввуфга хос “Мутлақ куч”, “Олий Борлиқ”, “Олий ҳақиқатлар” каби атамаю иборалар ёрдамида миллатимизга дунёда коммунизм ғоясидан бўлак ҳақиқатлар ҳам борлигини уқтирмоқчи бўлишар эди. Биз айни шу ўзликка томон бурилишни илғаган ва ютоқиб кузатиб бораётган эдик. Эсимда, бир йили “Ёшлик”нинг деярли ҳар сонида бир гал раҳматли Нажмиддин аканинг, бир гал Иброҳим аканинг мақолаларини кетма-кет чопга тайёрлаган эдим.

Кейинчалик тасаввуф адабиёти билан шуғулланиш деярли урфга айланди. Шеърият, айниқса, мумтоз адабиёт билан шуғулланган ҳар киши тасаввуфга мурожаат қилишни бурчи деб билди. Лекин таҳлилда теранлик, мавзуни билиш ва ҳис этиш, ёндашувда тўғрилик жиҳатидан барибир ўзбек адабиётида Нажмиддин Комил билан Иброҳим Ҳаққулнинг ўрнини биров ололмади. Чунки қизиқиш бошқа, билиш бошқадир. Севиш бошқа, англаш бошқадир. Кўриш бошқа, ҳис этиш бошқадир. Томоша қилиш бошқа, яшаш бошқадир.

Иброҳим Ҳаққул қутлуғ етмиш ёшга етибди. Оллоҳ насиб этса, ҳамма ҳам кираверади бунақа ёшга. Саксонларга кирар, тўқсонларга кирар, юзларга кирар, лекин тирикликдан кўзланган муҳим нарса ўша етмиш, саксон, тўқсон ёки юз ёшни қандай яшаб ўтишдир. Менимча, Иброҳим ака орқасига бир қараса, келажак авлод олдида юзи қизарадиган бир иш қилмаганини, аксинча, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан бошини тик тутиб юришга ҳақли эканини кўради. Ҳақни ёзди, ҳақни айтди, керак бўлса майдонларга чиқиб халқнинг дардини, орзу-умидларини баралла сўзлади. Ҳатто ошкоралик даврида, юракдаги гапларни эмин-эркин баён этишга имкон берилган даврда ҳам, сиёсат тап этиб ўзгариб эртага бошимга бир бало келиб қолмасин тағин, дея қўрқа-пуса инидан чиқмай ётган жуда кўп “зиёли”дан фарқли ўлароқ, ўрис-совет мустамлакасидан озод бўлиш ҳаракатига очиқ қўшилди. Қўшилдигина эмас, маънавий бошлиқларидан бирига айланди. Чинакам зиёлига хос фазилатини кўрсатди.

Гарчи бугун от устида ва ин бошида кеча ин-инида пусиб ётган “маънавиятчи”лар бўлса ҳам, гарчи Иброҳим Ҳаққул сингари чин ватанпарварлар олам ишларидан бир четга суриб қўйилган, азиз отлари қора ё хира рўйхатларга тиркалган бўлса ҳам, замон бундай қолмайди албатта. Тарих бизга берган сабоғига кўра, асл баҳолар эртага берилади, кеча тўғри бўлганлар эртага муносиб қадрини топади, иншаоллоҳ.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Adabiyot Manzaralari Jurnali