Туркияга ўзбеклар кўчиб ўтишининг тарихий босқичлари

Туркияга ўзбеклар кўчиб ўтишининг тарихий босқичлари
59 views
28 March 2019 - 9:18

Туркия ўзбек миллати вакиллари нисбатан кўп сонли бўлиб яшаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ўрта Осиё халқи вакилларининг Туркия ҳудудларига бориб жойлашуви узоқ асрларга бориб тақалади.

Тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришича, манбаларда Туркистон минтақасидаги аҳоли ўзбеклар ва тожиклар деб аталадиган аждодларимиз XVI асрдан бошлаб Туркия султонлиги (Усмонийлар империяси) ҳудудига кўчиб борганлар. Бу эса бир катор омиллар билан боғлиқ. Ўрта Осиёда хонликлар ўртасидаги ўзаро урушлар туфайли одамларнинг тинч- осойишта турмуш тарзига дахл этганлиги, ирригация иншоотлари яроқсиз бўлиши оқибатида деҳқончилик қилиш имконияти чекланганлиги, қашшоқлик, юқумли касалликларнинг тарқалиши, савдо-сотиқ эҳтиёжи, мусулмонларнинг муқаддас шаҳарлар ҳисобланган Макка ва Мадинага ҳаж зиёрати кабилар муҳожирликка сабаб бўлган.

Кичик Осиёга ўзбекларнинг бориб қолиш тарихи XI асрда туркий қабилаларнинг кўчиши ва бу ҳудудга бориб жойлашиб қолиши билан боғлиқ деб ҳисоблайди, бир қатор тадқоқотчилар. Ўрта Осиё ёзма манбаларида XVI асрдан бошлаб “ўзбек” ва “тожик” атамаларининг қўлланилиши туфайли ўзбек халқи вакилларининг бу заминга кўчиши юз берганлигини ушбу хронологик чегара деб, ҳисобловчилар ҳам мавжуд. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Ўрта Осиё хонликлари билан Усмонийлар салтанати ўртасида қизғин дипломатик ва савдо-содиқ алоқалари ўрнатилган эди. Хон ва амирлар Туркия султонини халифанинг издоши деб ҳисоблашар, ҳамда ундан ҳукумдорлик ҳуқуқини расман ёрлиқ билан олишга ҳаракат килишган. Туркияга ўзбеклар кўчиши (миграцияси) жараёнларини тахминан қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин:

– Хонликлар даврида, яъни XVI – XIX асрларда Усмонийлар салтанати шаҳарларигабориб қолган ўзбеклар.

Улар савдо – сотиқ, ҳаж зиёрати, ижтимоий тўқнашувлар ва халқ қўзғолонлари каби омиллар туфайли ўз асл Ватанларидан узоқлашган кишилардир. Бундайларнинг қароргоҳи Туркиянинг Истанбул, Измир, Чуқурова, Адана каби шаҳарларида қурилган теккелар (мусофирхоналар) бўлган. Такялар ўзбек муҳожирларининг моддий, ижтимоий, маданий – диний ҳаётида муҳим роль ўйнаган.

– Россия империяси Туркистон ўлкасини истило қилганидан сўнгги даврда ва биринчи жаҳон уруши йилларида Туркияга кўчиб ўтган ўзбеклар иккинчи гуруҳга киради. Бу ўзбеклар оз сонли бўлсада, кейинчалик 1918 – 1922 йилларда, яъни Туркия мустақиллиги учун бўлган курашларда муҳим роль ўйнадилар. Чуқурова шаҳрини озод қилишда 28 нафар ўзбек миллати вакиллари Ҳожи Йўлдош бошчилигида инглиз – юнон қўшинларига қарши қаҳрамонона курашганлиги тарих солномасидан ўрин олган. Улар биринчи жаҳон урушидан олдин Туркистондан Арабистонга диний илм олиш учун борган, ортга қайтиб, Туркия шаҳарларида жойлашиб қолган эдилар. – Ўзбекларнинг Туркияга келиб жойлашувидаги учинчи босқич: 1920 – 1930 йилларга тўғри келади. Россия империяси Ўрта Осиё хонликларини ўзига бўйсундирганидан сўнг, Туркистон халқи озодлик учун ҳаракатларда Туркиядан маънавий, ҳарбий, моддий мадад олишга ҳаракат килган. XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида чоризмнинг мустамлакачилик зулмига қарши Туркистон ўлкасида озодлик ҳаракатлари ва қўзғолонлар бўлиб ўтди. Қўзғолонлар шавқатсизлик билан бостирилгач, уларнинг йўлбошчилари ва фаол иштирокчиларидан бир қисми хорижий мамлакатлардан паноҳ топишга мажбур бўлдилар. – Ушбу босқичда Туркистон АССР, БХСР, ХХСР каби ҳукуматлардаги миллий кураш туфайли мағлубиятга учраган кучлар, 1920 йилларда Германия ва Туркияга истиқболни ўйлаб, ўқиш учун юборилиб, Ватанга қайтмаганлар бўлиб, бундайлар Туркияни абадул абад ўз Ватанларига айлантирдилар. Улар орасида БХСР ҳукуматида молия нозири, ижроия қўмита раиси лавозимларида ишлаган, Афғонистон орқали Туркияга келган Усмонхўжа Пўлатхўжаев (1878 – 1968 йй) Туркистон халқлари ҳаётида муҳим роль ўйнаган Аҳмад Закий Валидий Тўғон (1890 – 1970 йй) собиқ “бухоролик талабалар” дан (Германия), профессорлар: Аҳмаджон Иброҳимов, Аҳмад Наим, Нусратиллобек, Тоҳир Чиғатой, Междиддин Делил, Солиҳ Эркинқўл кабилар бор эди.Улар Туркиянинг турли олий ўқув юртларида фаолият кўрсатиб, геология, менерология, иқтисодиёт, ижтимоий – гуманитар фанлар соҳасида катта ютуқларни қўлга киритдилар. Ҳатто, Тоҳир Чиғатой Туркия респувликаси қишлоқ хўжалик вазирлигида ишлаб, “Кивиржак” номли қўчқор турини яратди. Аҳмад Закий Валидий Тўғон (бошқир) Истанбул университетида фаолият юритиб, 400 дан ортиқ асар ва мақолалар чоп эттирди. Унинг Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даврига таалуқли 30 та китоби нашр юзини кўрди. Тўғон Валидов Чиғатой Тўғон ва Есенбека Тўғон сингари бир ўғил ва икки қиз фарзандларни тарбиялаб, уларни профессор даражасига эришувига маънавий ва моддий мададкор бўлди.

Усмон Хўжа Пўлатхўжаев Туркияда ношир, матбаачи, шоир, сиёсатчи сифатида танилиб, “Янги Туркистон” (“Йени Туркистан”, 1927 – 1931 йилларда чоп этилган) журналини чиқарди. “Туркистон” рисоласини ёзди, озодлик ва ҳурликни тараннум этувчи шеърлар ижод этди.

– Ўзбекларнинг тўртинчи гуруҳига иккинчи жаҳон уруши туфайли немис – фашистларига асир тушган, кейинчалик “Туркистон легиони” да ва ишчи баталионларида хизмат қилган собиқ легионерларни Туркияга кўчиб ўтишга тўғри келган муҳожирлар киради.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ўзбекистонга қайтиш йўли беркилган, совет маъмурий идоралари томонидан пешанасига “Ватан хоини”, “сотқин” каби тамғалар босилган собиқ асирлар Туркиянинг Измир, Измет, Мугла, Истанбул, Адана, Кўня каби бир қатор шаҳарларига кўчиб ўтдилар.

Улар Туркияда турли касбларни эгаллаб, оила қуриб абадул – абад яшаб қолдилар.

– 1950 йилларда, яъни умуман Исмат Иненю Туркия Республикаси президенти бўлиб турган даврда (1938 – 1950 йй) муҳожир Туркистонликларга муносабат Мустафо Камол Отатурк (1923 – 1938 йй) президентлиги давридек илиқ бўлмади. Шу сабабли Шарқ ва Ғарб давлатларидаги ўзбек жамоаларига Туркияга кўчиб ўтиш йўли ёпилгандек эди. Мустафо Камол “Биз ҳам Туркистоннинг жужуқларимиз (болаларимиз)” –деган ақидасидан келиб чиқиб, Туркистонлик (ўзбек)ларга Туркия эшикларини очиб қўйганди. Бироқ, у ҳам Туркиядаги барча миллат вакилларига туркча фамилия олишни мажбурийлигини қонунлаштирди.

Г.Бояр президентлиги даврида (1950 – 1957 йиллар) Туркистонликлар учун Туркияга кўчиб ўтиш йўллари очилди. Туркия Республикаси туркистонликларга ер, молк – мулк берган, 5 йил муддатда ҳар қандай солиқлардан дархон қилиш каби имтиёзларни эълон қилди.

– Ўзбекларнинг Туркия Республикасига кўчиб ўтишидаги бешинчи босқич, 1950 йилларнинг бошларига тўғри келади. 1952 – 1954 йилларда Афғонистондан Покистон орқали Туркия шаҳар ва қишлоқларига 90 оила
ўзбеклар кўчиб ўтдилар. Улар икки гуруҳга бўлинган бўлиб, “искон ўзбеклар” (яъни моддий ёрдамга муҳтожлар) ва “сарбаст ўзбеклар”(бадавлат ўзбеклар)дан иборат эди. Туркия ҳукумати “искон ўзбеклар”га ер – мулк берди, уй – жой қуришда, ўз хўжалигкларини йўлга солишларида имтиёзли кредитлар ажратди. Ўзбекларнинг Туркия Республикасига кўчиб ўтишидаги олтинчи босқич: 1980 йилларга тўғри келади. Чекланган совет қўшинларининг Афғонистонга киритилиши (1979 йил декабрь) оқибатида бу мамлакат адоқсиз урушлар, миллий – этник можаролар гирдобига тортилди. Тинчлиги бузилган, хўжалиги издан чиққан кўплаб ўзбек оилалари Европа, Америка мамлакатлТинчлиги бузилган, хўжалиги издан чиққан кўплаб ўзбек оилалари Европа, Америка мамлакатларига, албатта катта қисми Туркия Республикасининг ҳудудларига кўчиб ўтдилар.

– Истиқлол йилларида турли сабабларга кўра Туркия Республикасига кўчиб ўтган ва муҳожир ўзбек сифатида ҳозирда бу мамлакатда яшаётганлар ҳам бор. Бу эса алоҳида мустақил тадқиқот мавзусидир. Хулоса қилиб айтганда, Туркия Республикасидаги ўзбек муҳожирлиги тарихи тўрт асрлик даврни (XVI – XX асрлар) ўзида мужассамлаштириб, миллатдошларимиз асосан юқорида қайд қилинган тарихий – хронологик босқичларда бу мамлакат ҳудудлари бўйлаб тарқалдилар. Туркияда ўзбек диаспорасининг шаклланиши узоқ ўтмишга эга бўлиши билан бирга, ўзига хос хусусиятга ҳам эгадир. Аввало, Туркия табиати, аҳолисининг миллий урф – одатлари, тили кабилар бу халқ ўзбек халқи билан ягона тарихий илдизга эга эканлиги омилини назардан четда қолдирмаслик керак ва бу ўринда туркий халқларга хос этномаданий яқинлик ва бирликни, табиий ва
диний омилларни ҳисобга олиб, қуйидагича хулосалар чиқариш имкони бизда туғилди.

1. Туркияга ўзбек халқи вакилларининг кўчиб ўтиши XVI – XVII асрларда бошланган бўлиб, муҳожир миллатдошларим бу мамлакатларнинг турли шаҳарларида жамоа бўлиб яшаганликларини ҳанузгача сақланиб қолган “Ўзбек такялари” тасдиқлайди.

2. XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Россия империяси асорати туфайли мустақил хонликлар тугатилди. Ватанпарвар кучлар мустамлакачилар босқини ва сиёсатига қарши нотенг жангларда енгилиб, улардан омон қолганларининг бир қисми Туркия ерига кўчиб ўтдилар.

3. ХХ асрнинг бошларида Туркияда “ёш турклар” ҳаракатининг кучайиши, бу мамлакатдаги бир қатор ўзгаришлар туфайли Туркистондан Истанбул ва бошқа турк шаҳарларига ўқиш учун борганларнинг бир қисми ҳам муҳожирга айланди.

Тарих фанлари доктори, профессор
Ҳайитов Ш.А.
Юсупова М.У.

facebook.com