Ўзбекистонда китоб бозори йўқ

Ўзбекистонда китоб бозори йўқ
36 views
29 March 2019 - 11:01

Ўзбекистон Республикасида бир дона ҳам китоб бозори йўқ, китоб гипермаркети ҳақда гапирмаса ҳам бўлади. «Қуёшли» эса китоб бозори эмас, қоғоз, ручка-қалам сотиладиган қоғоз бозори.

Тошкент ва вилоят ҳокимиятлари «делолари» кўтарилса, қоғозда қанча ерлар китоб дўконлари учун ажратилган, амалда эса кафе, ошхоналарга айланиб кетгани маълум бўлади.

Қрим ярим ороли пойтахти Симферопол Тошкент шаҳридан битта қишлоқчалик кичик, лекин китоб бозори, китоб дўконлари Тошкентдай шаҳарникидан икки баробар кўп.

***
Нашриётчи Soliq plyus билан суҳбатда Ўзбекистон республикасида, китоб гипермаркетлари у ёқда турсин ҳатто бир дона ҳам китоб бозори йўқ эканлиги, маълум бўлди.

Sanjar NAZAR:Нашриётлар фақат солиқ эмас, “Ижод” жамғармасига ҳам яхшигина ажратмалар тўлайди

– Сиз яқинда ижтимоий сайтда бир фикр ёзиб чиққан эдингиз. Фикрда жумладан, “Ўйлаб қоламан, аввалига пойтахт­да ва кейинчалик вилоят ҳамда туман марказларида китоб савдо-кўнгилочар марказлари очилса қандай бўлар экан-а?! Тўрт қаватлигина бўлса ҳам етади. Биринчи-иккинчи қаватларда нашриётларнинг хос дўконлари жойлашса. Улар китоб­ларини наш­риёт нархида сотиш шарти билан текинга ёки арзонга ижарага берилса. 3-қаватда мутолаа кечалари, имзо кунлари, китоб байрамлари ўтказиш мумкин бўлса. 4-қаватда дўконлардан имтиёзли фойдаланганлик эвазига бериладиган 5-6 дона мажбурий нусхалардан ташкил этилган текин кутубхона бўлса. Мактаб­лар бир кунини китоб куни деб эълон қилиб, шу марказда айланиб, ўйнаб, ўқиб дарс ўтишса”, деб ёзилган.

Савол туғилади: Наҳотки, бу ғояни амалга ошириш Марказий Осиёдаги йирик мамлакат учун қи­йин бўлса? Сизнинг-ча, бу ғоя амалга ошишига нима халақит беради?

– Охирги пайтлардаги “қур ҳо қур”лардан хулоса қилинадиган бўлса, мамлакат учун бундай марказни барпо этиш муаммо эмасдек. Гап қураётган “Сити”ларимиздаги бир дона бино ҳақида кетяпти. Аммо… 4 ёки 20 қаватли китоб маркази қуриш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди, қолаверса, ўша фикримнинг нимкосасида иморат ҳақида бирор ҳарф ҳам йўқ. Мен муносабатнинг ўзгаришини хоҳлар эдим. Муҳимни номуҳимдан ажратиб олишимизни истардим. Тараққиёт, илғорлик каби тушунчалар китобдан айро мавжуд бўла олмаслигини тушуниб етиб, хўжакўрсинга, кўз-кўз қилиш учун эмас, аниқ натижаларни белгилаб олган ҳолда ҳаракатланишимизни хоҳлардим.

Балки, соҳанинг ичида бўлганим учун менга қўша кўринаётган бўлиши ҳам мумкин, аммо менга халқни маърифатли қилиш, демакки китобхон қилиш, уни моддий фаровон қилишдан кўра муҳимроқдек туюлади. Чунки маърифатга интилган халқ манзилга элтадиган йўлдаги бекатларнинг бирида фаровон ҳаётга эга бўлади, деб ишонаман.

Олифта гаплар, а? Ана энди, мана шу олифта гап­ларга ҳаётий шакл бериш учун китоб марказлари керак. Ёки китоб хиёбони бўлсин. Мана шаҳар марказидаги “бродвей”нинг икки четига енгил, ойнаванд китоб дўконлари қурайлик, биронта истироҳат боғини “китоб боғи” қилиш мумкин-ку. Ўртасида амфитеатр бўлсин. Ёзувчи-­шоирлар, олимлар маърузалар ўқишсин, тадқиқотчилар тажрибалар ўтказишсин. Хуллас, жамият­да китобхонлик муҳити шакллансин. Болаларимиз ўқимишлиларни кўриб уларга ҳавас қилишсин, уларнинг орасидан ўзларига қаҳрамонлар, идеаллар танлашсин.

“Бу ғоя амалга ошишига нима халақит беради?” – деб сўраяпсиз. Халақит берувчи омиллар анчагина. Энг муҳими, раҳбарларимиз халқнинг китобхонлик даражасини кўтаришдан манфаатдор бўлиши керак. Чунки бу натижани кўрсатиб, эшиттириб бўлмайди, афсуски.

– Китоб чиқариш ва китоб савдоси моддий жиҳатдан ўзини оқламайдиган соҳами ёки бизнес аҳли бу соҳага пул тикишмайди, катта лойиҳалар учун инвес­тиция киритишмайдими?

– Китоб чиқариш ва китоб савдоси алоҳида-алоҳида соҳалар. Савдо доим фойдалироқ бўлади, аммо ноширчилик ҳам фойда кўриш мумкин бўлган фаолият турларидан. Ноширлик билан фақат фойда учун шуғулланмайдилар. Чунки бу соф тадбиркорлик эмас. Фақат пул учун ишлайдиган нашриётлар, китобни “мол” сифатида кўрадиганлар ниятига етишади. Бутун дунёда мавжуд тажриба шуни кўрсатадики, ноширчилик турли жамғармалар, меценатлар ва, албатта, давлатнинг қўллаб-қувватлаши туфайлигина ўзининг асл моҳиятига мос натижаларни беради. Масалан, Беҳбудий, Чўлпон, Борхес ёки Жойсни нашр қилиб пул топиш қийин­роқ, аммо уларни нашр этмасанг ноширчиликда нима бор?!

– Айтинг-чи, сир бўлмаса, сизнинг нашриётингиз бир йилда давлатга қанча солиқ тўлайди? Умуман олганда, китоб нашри бизнесини сердаромад дейишади, лекин бу учун интеллектуал савия кучли бўлиши лозим дея, тадбиркорлар бу сердаромад ишга қўл уришмайди, шу фикр ростми?

– Аниқ суммалар сир бўла қолсин, аслида солиқчиларга кундек равшан. 2018 йил учун нашриёт тўлаган солиқларга орзу қилганим китоб марказининг қовурғасини тиклаб олиш мумкин (кулади). Нашриётлар фақат солиқ эмас, “Ижод” жамғармасига ҳам яхшигина ажратмалар тўлайди.

Бутун дунёда нашриёт сердаромад бизнес ҳисоб­ланиши бор гап. Аммо бизда аҳолининг харид қуввати пастлиги сабаб аҳвол дунёдагидан фарқли. Шу сабабли Ўзбекистонда китобнинг нархи жуда арзон. Балки дунёдаги энг китоб арзон мамлакат биздирмиз! Аммо бу мақтанадиган ҳолат эмас. Чунки бу қалам ҳақлари, ижодий ходимларнинг ойлик маош­лари паст давлатлардан бири ҳам биз эканимизни англатади. Зотан, китобнинг таннархини шакллантирадиган омиллар булар. Аксинча, қоғоз, бўёқ ва матбаа ускуналари деярли тўлалигича импорт қилиниши сабабли уларнинг китоб таннархидаги улуши чет мамлакатлардагидан баландроқлиги ҳам кундек равшан. Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, ноширликнинг масъулияти кимнидир тўхтатиб туришига ишонмайман. Чунки охирги пайтларда чоп этилган айрим китобларни кўриб дод дегинг келади. Шунчаки, биз ҳали сифатли китобхонни тарбиялаб улгурмадик. Китоб шунчалик камки, ўқувчи саралаш, танлаш имкониятидан маҳрум. Агар газетангизни ўқиётган бўлажак тадбиркорлардан биронтаси ноширчилик ҳақида орзу қилиб юрган бўлса, битта умидбахш маълумотни бўлишиб қўймоқчиман: бизнинг соҳада яқин 10 йил давомида жиддий рақобат юзага келишига кўзим етмайди. Китоб бозорининг бугунги ҳолатини кўриб чиқараётган хулосам бу.

– Янги Солиқ кодекси билан танишиб боряпсизми? Янги солиқ концепцияси китоб нашрлари ва унинг сотилишига салбий таъсир қилмадими? Масалан, сизнинг нашриётингиз учун кодексдаги ўзгариш­лар қандай таъсир қилди.

– Албатта, янги Солиқ кодекси билан танишиб боряп­ман. Унга кўра биз имтиёз эгасимиз, яъни ҚҚСдан озод қилинганмиз. Аммо тўлиқ эмас. Босма маҳсулотларнинг асосий хомашёси бўлган қоғоз учун, бўёқ, қолип ва елимлар учун ҚҚС тўланади. Китоб нашри учун кўрсатиладиган матбаа хизматлари билан боғлиқ вазият эса бироз чалкаш. Тушунишимча, адашаётган бўлишим ҳам мумкин, китобни тўлиқ ўз кучи билан ва ўз хомашёларидан фойдаланган ҳолда чоп этган матбаа корхонаси аниқ ҚҚСдан озод этилган. Аммо буюртмачининг қоғозида ёки китобнинг муайян бир қисмини, масалан, муқовасини чоп этиб берган босмахона бу хизматларидан ҚҚС тўлайди.

Янги кодекс туфайли нашриётнинг солиқ юки анча камайди. Чунки биз кам фойда қоладиган соҳа ҳисобланамиз ва фойдадан солиқ тўлаш биз учун афзалроқ. Ходимларнинг маоши ҳам фақат даромад солиқлари, давлат жамғармаларига ажратмаларнинг камайиши ҳисобига 10 фоизча ошди. Солиқдан тежаб қолинган маблағларни янги китобларнинг нашрига йўналтиряпмиз. Шунинг ҳисобига бир нечта қизиқарли янги рукнлар пайдо бўлди.

Янги Солиқ кодекси китобларнинг нархига салбий таъсир этмади, аксинча аҳоли даромадлари бироз бўлса-да ўсди, бу эса айни пайтда китоб савдоси яхшиланишига хизмат қилди.

– Ҳамма соҳалар солиқ имтиёзи ҳақида гапиради. Яхшиси, ҳеч қайси соҳага, жумладан, китоб нашр қилиш соҳасида ҳам имтиёз бўлмагани яхши эмасми? Китоб соҳасида ҳақиқатан имтиёз керакми ёки унга аслида инвестиция керакдир. Чунки Ўзбекистонда китоб нашри ва савдоси бизнес майдони бўм-бўш, рақобат деярли йўқ. Қўшни мамлакатлар билан солиштирганда-чи, бизда бу бизнес ривожланганми?

– Иқтисод нуқтаи назаридан имтиёзлар умуман бўлмагани яхши. Жумладан, китоб учун ҳам. Аммо, танганинг иккинчи томони бор. Ҳозирча халқимиз ош-нонидан орттирадиган даромадга эга эмас. Китоб улгуржи сотиладиган “Қуёшли” бозорини кузатсангиз, китоб нархидаги 50 сўмлик ўзгариш ҳам унинг савдосига таъсир ўтказмасдан қолмайди.

Китоб нашрини қўллаб-қувватлашнинг қанақадир механизмларини ишлаб чиқиш шарт. Тўғри таъкид­лаяпсиз – бизда китоб бозори бўм-бўш. Масалан, илмий йўналишда бутун мамлакатга етиб бориши мумкин бўлган – дейлик 1000 дона ададда бир йилда нечта китоб чиқар экан-а?! Сифатли, фикрнинг ривожига хизмат қиладиган болалар китоблари-чи? 3-4 ой олдин блогерлар ўртасида болалар китоблари ҳақида мунозаралар бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистонда бир дона ҳам сифатли болалар китоби йўқ” деган даъволар янгради. Ачинарлиси, ҳар қанча пародоксал бўлмасин, мутлақо асосли даъво.

Қўшни мамлакатларда аҳвол бизникидан анча яхши. Масалан, аҳолиси бизникидан икки баравар кам, рус тили кенг ва чуқур ўрин эгаллаган Қозоғистонда нашриётлар сони бизникидан қарийб 10 баравар (!) га кўп. Бир қанча халқаро китоб кўргазмалари ўтказилади. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ҳам халқаро китоб кўргазмалари ўтказилади. Демакки, кўрсатадиган китоблари бор. Бизда эса халқаро китоб кўргазмалари шу пайтгача ўтказилмади. Бир-икки йил олдин ўтказилганини ҳисобга олмасак ҳам бўлади, чунки унда хориждан келган нашриёт бир ёки иккита эди, холос.

– Сиз билан суҳбат қилишдан олдин Тошкент китоб дўконларини айланиб чиқдим. Дўконларда бир хил мазмундаги китоблар сотилаётганидан ҳайратга тушдим. Давлат тилида мантиқ, фалсафа, психология, коинот, астрофизика ва бошқа йўналишлардаги китобларни учратмадим. Шунингдек, бадиий китоб­лар сони жиҳатдан ҳам жуда камбағал. Нега, шундай экан? Китоб соҳаси вакили сифатида бу ҳодисани қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?

– Афсуски, шундай. Биз жуда кам ўқийдиган, айрим йўналишларда эса умуман ўқимайдиган миллатга айланиб қолдик. Яқин 20-30 йилда тилимизда “ўқиб гўр бўлармидинг?” деган ибора пайдо бўлди. Ҳалиям ҳозир бироз жонланиш пайдо бўлган даврлар. 3-4 йил олдин аҳвол бундан бир неча баравар ёмон эди.

Бизнинг “Жажжи академик” деган журналимиз бор, биласиз. Шу журнал ўша қийин пайтларда, одамлар академиклар кимлигини, академиклик нималигини унутаёзган бир даврларда очилган эди. Сиз учратмаган китоблардаги мавзулар ёритиладиган журнал бу. Илм, олимлик қадрият сифатида қайта тикланишига умид қилиб, болаларимизни илмга ошно қилиш йўлида бир восита бўлармикан, деб очган эдик. Шу журнални катта эҳтимол билан бу йил ёпсам керак. Сабаби, журналдан кўраётган зарарим жуда кўпайиб кетди. “Бизнинг одамларга керак эмас экан-да”, деб ўйлаб қолдим. Бир қизиқ воқеа бўлган. Уч-тўртта ўзига тўқ, маърифатли дўстларим “миллатни қандай қутқарамиз?” деб баҳс қўзғаб қолишди. Мен аввалбошига шу журналдан 300-400 донадан олиб қишлоқ жойларга тарқатиб туришни таклиф қилдим. Жавобига “бўладиган гапдан гапир”, деб танбеҳ эшитиб олдим. Назаримда, биз қаеримиз оғриётганини билмайдиган бир ҳолатга тушиб қолганмиз.

Нима қилмоқ керак, қандай тузатиш мумкин десангиз, “…аввалига пойтахтда ва кейинчалик вилоят ҳамда туман марказларида китоб савдо-кўнгилочар марказлари очилса …Мактаблар бир кунини китоб куни деб эълон қилиб шу марказда айланиб, ўйнаб, ўқиб дарс ўтишса” деб жавоб бераман. Зулмат нур билан, жаҳолат маърифат билан бартараф этилганидек, китобнинг камлиги, унинг ўқилмаслиги фақат ва фақат китоб билан бартараф этилади. Бизда эса китоб ва ўқиш билан боғлиқ вазият таъкидлаганингиздек. Шуниси чўчитади…

Мурод Човуш суҳбатлашди

(Санжар Назар нашриёт бизнесини 2004 йилдан бошлаб, “Академнашр” нашриётини очган. Ҳозиргача бу нашриёт директори бўлиб ишлаб келмоқда. Санжар Назар китоб соҳасига оид бизнес билан боғлиқ ҳамда солиқ кодексининг таъсири ҳақидаги фикрларини биз билан суҳбатда баён қилади.)

facebook.com