Гар адл мезони қўйилса тўғри…

Гар адл мезони қўйилса тўғри…
21 views
30 March 2019 - 11:34

Ривоят этилишича, Усмонли халифа Султон Сулаймонга сарой хизматчилари Тўпқопи қасри дарахтларининг шохларини чумоли босиб кетгани хабарини беришади. Машварат аҳлидан дарахтлар шоxини ёғлаш маслаҳатини олгач, Султон ўз одати бўйича бирор ишга киришишдан олдин расман Шайхул-ислом деб номланадиган давлат муфтийси фикрини олмоқчи бўлади.

Шайх Абу Сауд афандидан фатво олиш учун Султон ўзи боради. Жойларида топмагач шеър шаклида қуйидаги хатни ёзиб кетади:

Гар чумоли дарахтда ўрмалар
Уни ўлдирмоқ бўлурми зарар?

Шайх унинг мактубини кўргач шундай жавоб қиладилар:

Гар адл мезони қўйилса тўғри
Чумоли насибин олур беўғри.

Бу билан шайх Султон сўраганидан ҳам муҳимроқ вазифадан огоҳ этгандилар.

Султоннинг одати доим шундай, яъни ўзи ижро қиладиган ҳар қандай ишга муфтийнинг ёки давлатдаги уламолар олий ҳайъатининг фатвосини оларди.

Султон Венага қилган юришида Зектор жангида шаҳид бўлади. Унинг жасадини Истамбулга келтиришади. Дафн асносида ўзи билан қабрга бир сандиқни қўйишларини васият этгани маълум бўлади. Уни мол-дунёга тўла деб ўйлашади ва тупроқ остида увол бўлишини ўйлаб сандиқни очишади. Сандиқ қиёматда ўзини ҳимоя қилиш учун султон йиғиб қўйилган фатволарга тўлалигини кўриб ҳайратда қолишади.

Шунда давлат муфтийси шайх Абу Сауд йиғлаган ҳолда шундай дейдилар: “Эй Сулаймон, сен ўзингни қутқариб олдинг. Аммо фатвомизда хато қилган бўлсак, бизни қайси осмон соялантириб, қайси ер кўтариб туради?!”

facebook.com