Навоий Машҳадда

Навоий Машҳадда
38 views
30 March 2019 - 11:36

НАВОИЙ МАШҲАДДА

“Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”дан

(тахминан 1458-1464-йиллар оралиғида бўлган)

Мен фақирни айни замона фалокати ва қисмату хасталик Машҳад сари бошлаб кетди ва у ерга етгандан сўнгра бирданига бўғимларимда оғриқ пайдо бўлиб, бир масканда хасталаниб ётиб қолдим. Иттифоқо, Паҳлавон Муҳаммад ҳам ўша пайтда Машҳадда хизматда эди. Мен фақирнинг ҳолидин хабар топгандан кейин ҳар кун қадам ранжида қилиб, токи тузалгунимча дўстона меҳр билан ғамхўрлик қилди. Мавлоно Абдуссалом Шерозий – раҳимаҳуллоҳки, замоннинг моҳир ҳакими ва ҳозиқ табиби эди — каминани даволади. Табибларнинг айтишича, бемор мизожида хасталик бартараф бўлгандан кейин бузилган хилт ўз жойида қолаверади, бинобарин менга ҳам бузилган хилтдан холи бўлиш чораси сифатида массаж–уқалаш муолажасини буюрди. Паҳлавон меҳрибонлик ва раҳму шафқат юзасидин ҳар кун мен хастани кўргани келар, уқалаш усулларини яхши билгани ва ўзи ҳам табибсифат бўлгани боис – илтифот кўрсатиб, каминани массаж қиларди.

Кунларнинг бирида камина саҳар пайти қуйидаги матлаъ билан бошланадиган ғазални ёздим:

Ҳар қаён боқсам, юзумга ул қуёшднн нур эрур,
Ҳар сори қилсам назар, ул ой манга манзур эрур.

Бу ғазал етти байт эди ва оққа кўчирилмаган ҳолда чўнтагимга солдим, ҳали ҳеч кимга ўқиб бермаган ва кўрсатмаган эдим.

Паҳлавон илтифот юзасидан ваъдага вафо қилиб елкамни уқалар экан шундай гап бошлади:
— Сени бу кун дерларким: туркча шеърни яхши айтурсен ва туркий тилда шеър ёзадиган шоирларнинг бу фикрга мен ҳам қўшиламан. Бир саволим бор.
— Саволни айтинг, мен жавоб бераман.
Деди:
— Саволим шуки, шеърлари замонамизда машҳур туркийгўй шоирларнинг қайси бири пешқадам ҳисобланади? Сенинг назарингда уларнинг қайси бири устун, қайси бирини ёқтирасан?
Фақир дедим:
— Барчаси яхши шоирлар, менга уларнинг ҳаммаси маъқул.
Паҳлавон деди:
— Сен гапни олиб қочмасдан ва камтаринлик қилмасдан бор гапни айт. Ҳаммасини ёқтираман, дема. Беш қўл баробар эмас, шоирлар, албатта, бир- биридан фарқ қилади.
Фақир айтдим:
— Мавлоно Лутфий ҳозирги шоирларнинг энг етуги ва бу қавмнинг устоди ва малик ул-каломидир.
Деди:
— Нега Сайид Насимий, демадинг?
Фақир дедим:
— Хотиримга келмади ва бу табиий, бинобарин Сайид Насимийнинг шеърияти ўзгача маъно ва мазмунга эга, зоҳир аҳли, яъни дунёвий муҳаббатни куйлайдиган шоирлардек ижод қилмайди, балки ҳақиқат тариқини, яъни тасаввуф ва диний ғояларини ифода қилади. Қолаверса, сен савол берганда, дунёвий муҳаббатни куйлайдиган шоирларни назарда тутган эдинг.
Паҳлавон эътироз билдириб, гина қилгандай деди:

— Сайид Насимий турганда қандай қилиб Лутфий шеъриятини ёқтирасан? Ахир, Сайид Насимий шеъриятида зоҳиран дунёвий муҳаббат куйланади ва маъно жиҳатидан эса тасаввуф ва диний ғояларини ифода қилинади.

У шундай деб камина саҳарда ёзган ғазални ёддан айтди. Ғазалнинг барча байтларини ёддан айтар экан, унинг мақтаъси каминанинг тахаллуси билан қуйидагича эди:

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб, невчунки, хом этган киши ранжур эрур.

Паҳлавон Муҳаммад ғазалдаги «Навоий» тахаллусини «Насимий» деб ўзгартириб ўқиди. Ажабланарли жиҳати шундаки, бу байтга Навоий тахаллусидин Насимий тахаллуси муносиброқ эди ва мен ҳайратга тушдим. Қўлим билан оҳиста чўнтагимни пайпасладим: ўзим ғазал ёзиб, чўнтагимга солган варақ жойида эди, ҳайрату таажжубим ортди. Паҳлавон эса ўз даъвосидан қайтмас ва ғазални такрор-такрор ўқир эди. Мен сабру тоқатим тугаб, бунинг сир-асрорини билишга интилдим. Паҳлавон эса гапни айлантириб, ўз гапида туриб олди. Мен ҳар қанча қистовга олмай Паҳлавон даъвосидан воз кечмади – ғазал Насимий қаламига мансуб деб туриб олди.

Ноилож сўрадим:
— Бу шеърни қачон ёд олган эдинг?
Деди:
— Ўн икки йил олдин, Абулқосим Бобур мирзонинг ҳузурида бўлган мушоираларда бу ғазал айтилар эди, менга жуда маъқул бўлгани учун, кўчириб ёдлаб олганман.
Бу кун шу асно ўтди, у ўзи яшайдиган жойга кетди. Эртасига яна келди, яна суҳбатлашдик, ўша мавзу кўтарилди. Мен бу муаммони ҳал қилишга астойдил бел боғладим. Бу сафар Паҳлавон Муҳаммад шундай деди:
— Бу ғазални ёд олганимда, ёнимдаги бир неча полвонлар ҳам уни ёд олган эди. – Шундай деб ўзи билан бирга келган уч-тўрт форс полвонларига юзланди: “Мен билан бирга қандай ёд олган бўлсангиз, ўша тарзда ғазални ёддан айтиб беринг”. Полвонлар ғазални кетма-кет ёддан ўқиди. Мен тамомила лолу ҳайрон бўлиб қолдим, Муҳаммад Паҳлавон эса сўзларим рост дея, астойдил таъкидларди. Ҳатто даъвосини исботлаш учун бир неча далилларни ҳам айтди…

Оқибат маълум бўлдики, елкамни уқалаётганда чўнтагимдаги қоғозга кўзи тушиб, уни оҳиста олиб кўздан кечиргач, янги ёзилган ғазал эканини англабди. Қоғозни ёйиб ғазални ёд олибди ва яна буклаб чўнтагимга солибди. Шундан кейин ўртамизда юқоридаги ажабланарли суҳбат бўлибди. Кечки пайт, ўзи яшайдиган жойига боргач, ҳамхона полвонларга ғазални ёд олишни таклиф қилибди ва ёддан равон ўқишларини илтимос қилибди.

Паҳлавон Муҳаммад одамни таажжублантирадиган ва ақлни ҳайратга соладиган мана шундай ажойиб ҳунарлар ва ҳайратланарли самимий ҳазилларга жуда уста эди.

Икки дўстнинг самимий ҳазилига сабаб бўлган ғазал:
“Ғаройиб ус-сиғар”, 186-ғазал:

Ҳар қаён боқсам кўзумга ул қуёшдин нур эрур,
Ҳар сари қилсам назар, ул ой манга манзур эрур.

Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд
Мушк исин яшурса бўлмас, бу масал машҳур эрур.

Телбарабмен то ани кўрман, ажойибдур буким,
Ул парий девона кўзидин дағи мастур эрур.

Чун мудом эрнинг майи қошиндадур кофир кўзунг,
Недин эркинким, даме усрук, даме махмур эрур.

Дилраболар доғи жоним сафҳасида гўйиё
Дард эли ишқим учун муҳр айлаган маншур эрур.

Пар уруб бошингға тутма авжким, ҳар неча мўр
Ким, қанотланғай қачон учмоқ анга мақдур эрур.

Гар Навоий сиймбарлар васфин айлаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб невчунки хом эткан тамаъ ранжур эрур.

Расм: Мирзо Улуғбекнинг онаси – Гавҳаршод Бегим Машҳад шаҳрида 1405-1417 йилларда қурдирган мадраса.

facebook.com