Китоблари ва телефони олиб қўйилган шоир Маҳмуд Ражаб Тошкентга чақирилди

Китоблари ва телефони олиб қўйилган шоир Маҳмуд Ражаб Тошкентга чақирилди
38 views
30 March 2019 - 14:49

Тошкент аэропорти божхонасида китоблари ва телефони олиб қўйилган ўзбекистонлик шоир, 56 яшар, хоразмлик шоир Махмуд Ражаб 30 март куни унга божхона бўлимидан қўнғироқ қилишганини «Элтуз»га билдирди.

«Ҳозир Гурландаман, Тошкентга 1 апрел куни етиб боришим керак экан. Менга бу ҳақда божхона бошлиғи Хусан Бобониёзовнинг ўзи қўнғироқ қилиб, душанба куни соат 10.00 га Тошкент аэропортига етиб келишимни тайинлади» деди Махмуд Ражаб.

Божхона бошлиғи, Маҳмуд Ражабнинг ёнидан чиққан Муҳаммад Солиҳ ва унинг укаси Муҳаммад Бекжоннинг китоблари, шунингдек унинг олиб қўйилган телефони экспертизадан ўтказилгани, унга нисбатан диний идора хулосаси олинганини маълум қилган.

Маҳмуд Ражаб Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек зиёлиларининг биридир.

«Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ўзбек шеъриятининг улуғ даҳоларидан биридир. Муҳаммад Бекжон эса «Элтуз» тингловчиларига «Алвидо, Жаслиқ» (Қўрқувнинг нариёғида) китоби аудиоверсияси билан яхши таниш.

Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.

«Элтуз» нашри 26 март куни Гуржистоннинг Тифлис шаҳридан қайтаётганида Тошкент аэропортида ушланган, Европа Бирдамлик маркази семинарида қатнашган шоир Махмуд Ражабнинг ёнидан чиққан китоблар ва телефони мусодара қилингани ҳақида хабар берган эди.

Манба: Eltuz.com