Разведка тарихи ҳақида ўйлар…

Разведка тарихи ҳақида ўйлар…
36 views
31 March 2019 - 7:00

РАЗВЕДКА ТАРИХИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР…

Разведка тарихи бўйича бирор умумлаштирилган қўлланма бормикан? Қайси давр ёки ҳукмдорлар тарихини ўргансанг албатта уларда жосуслик тарихига ҳам дуч келасан. Қуйида биз Чжан Цяннинг жосуслик тарихи бўйича маълумотларни озми-кўпми бердик. Тарихда “кимда маълумот бўлса ўша қуролланган” деган мақол бор.

Араблар босқини даврида ҳам ана шундай маълумотлар ихшидлар ва бошқа майда ҳокимликлар ўртасига низо солишда асқотган. Улар бир-бирларини номидан сохта хатлар уюштириб, майда ҳокимликларни бир-бирига қарама-қарши душман қилиб қўйган ва ўз мақсадларига шу йўл билан етишган.

Хоразмшоҳ жосусининг Оловиддин Муҳаммад Хоразмшоҳга айтиб берган ҳикояси ҳам мени бир пайтлар ҳайратга солганди. У бир девона, тиланчи кийимида мўғул аскарлари ичига кириб олганди. Бир мўғул аскарининг унга раҳми келиб уни ўзи билан бирга олиб юради. Бир пайт мўғуллар ичида очлик бошланади. Шунда бир аскар ўзи билан олиб юрган қуритилган ичак ичига отнинг томиридан кесиб олинган қонни қуяди ва уни оловга тутиб ҳалиги жосус билан бирга тановул қилган. У Ҳоразмшоҳга “улар билан беҳуда курашма, уларга на очлик, ва бошқа нарса таъсир қилмайди” дейди. Аслида Хоразмшоҳга жосуснинг маълумотлари асқотиши керак эди.

Амир Темур бобомизнинг разведка тарихи қанчалик бой. У ана шу маълумотлар билан минтақадаги сиёсий вазиятларда тўғри ҳаракатлана олган. Юзлаб жосуслари фолбин, сайёҳ, савдогар, олим, дорбоз ва бошқа қиёфаларда ўзга диёрлардан маълумотларни йиғиб турган. Ҳатто унинг жосуслари жуҳуд кийимида Талмутлардан парчалар ўқиб, ўша ер аҳолиси ичига сингиб, маълумот тўплагани тарихдан маълум.

Одатда жосусликка пишиқ характердаги Штирлицга ўхшаган, ташқи тузилиши келишган (рус тилида нордический характер дейилади) инсонлар танланади. Штирлиц бунинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, мамлакатга кирган ҳар бир кишининг ниятлари аниқланган. Жосуслик хавфсизлик тизимида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Қанча урушлар, қанча ҳуружлар ва суиқасдларнинг олди олинган. Хитой ҳам азалдан разведка тарихида муҳим ўрин тутади. Қадимдаёқ Осмон ўғли-Хитой императори ўз разведкачи жосусларини турли давлатларга йўллаган.

Чжан Цянь ҳам бунинг ёрқин мисолидир. У ўзи очган йўлида Буюк Ипак йўлига асос солган ва айнан шу йўл орқали Хитойнинг 2 аср охирида Фарғонага юришлари амалга оширилган. Кейинчалик бундай жосусликлар Россия империяси, Буюк Британия ва бошқа давлатлар томонидан ҳам уюштирилган. Улар бу ернинг урф-одатлари, аҳолисининг турмуш тарзи, этнографияси, кучли ва заиф томонлари, фойдали қазилмалари, ҳукмдорлар ўртасидаги низолар, ҳарбий аҳволи, харитаси ва бошқаларни ўрганиб, ўз ҳукмдорларига тақдим этишган.

Бугунги кунда жосуслик жуда осон соҳага айланди, қайси давлатда чиқарилган телефоннинг маълум вазифаларни бажариши, ижтимоий тармоқлар, электрон почталар, элчихона ва фондлар, марказлар, саёҳатлар ва хуллас жамият ривожига монанд уларнинг усул ва йўналишлари кўпайди. Бугун узоқда туриб катта маълумотларни қўлга киритиш мумкин. Шунинг учун ҳам бу соҳага яна-да кучли эътибор бериш керак деб ўйлаймиз.

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com