Ойдин Солиҳ Мактаби халқаро конгреси ва Истанбулда кўрилган ойдин туш хақида

Ойдин Солиҳ Мактаби халқаро конгреси ва Истанбулда кўрилган ойдин туш хақида
108 views
01 April 2019 - 14:09

ОЙДИН СОЛИҲ МАКТАБИ ХАЛҚАРО КОНГРЕСИ ВА ИСТАНБУЛДА КЎРИЛГАН ОЙДИН ТУШ ХАҚИДА

Инсоннинг қанча умр кечириши эмас, қандай умр кечириши муҳимдир. Устозим Ойдин Солих шундай яшадики- Аллох берган иқтидори фақат эзгуликка хизмат қилди.

24-март. Қўхна Ускударнинг “Богларбоши” конгреслар ва маданият марказида ташкиллаштирилиши режалаштирилган ” Ойдин Солиҳ мактаби” Халқаро конгрессида қатнашиш , устознинг юзлаб шогирдлари, унинг қўлидан шифо топган беморлари билан танишишни орзу қилардим. Ният яхши бўлса у албатта амалга ошар экан. Гарчи сафарга чиқишимга бир қанча тўсиқлар бўлсада йўлим очилиб Истанбулга етиб келдим…

Muazzam Ibrohimova paylaştı: 1 Nisan 2019 Pazartesi

Бу гал ҳам Султонахмат майдонига яқин ердаги меҳмонхонага жойлашдим. Сабаби бу кўчани жудаям яхши кўраман. Унинг бошқача файзи бор. Айнан шу ерда 1692-1693 йилларда қурилган ” Бухоролик ўзбекларнинг дарвишхонаси” (“Buhara özbekleri tekkesi) жойлашган. (Туркистондан Умра ва Хаж зиёратига бораётган ва қайтаётган хожилар учун Карвонсарой вазифасини ўтаган, ўзига хос маданий- маърифий марказ вазифасини ўтаган бундай масканлар Туркия ва хусусан Истанбулнинг яна бир неча ерида қад ростлаган)

Бухоройи шарифдан келган шайхлар қургани тилга олиниб, XIX асрда рўй берган ёнгиндан сўнг Султон II. Абдулхамид тарафидан қайта таъмирлатилган қутлуг даргохни Ўзбеклар хонақохи деб ҳам аташади. Хозир бу маскан музей ва бир нечта йўналишда тахсил берадиган ўқув маркази вазифасини бажаради. Хуллас меҳмонхона деразасидан кўзга ташланиб турадиган бу тарихий гўшага қарасам улуг зиёрат машаққатларини тортган покният хожиларни кўриб суҳбатларини олгандай ва уларга Ватан тафтини еткизгандай бўламан.

23- март. Эртага анжуманда иштирок этишим керак. Маъсулиятни хис қилганим учун Туркия туркчасига ўгирилган нутқим матнини қайта-қайта ўқиб тонг отишига тўрт соатгина қолганини ҳам сезмабман. Гафлат ёмон, ўша тонг донг қотиб ухлаб қолишим ҳам мумкин эди. Бироқ бомдоддан аввал ажойиб туш кўрибман. Кимдир қўлимдан етаклаб, дераза олдига бошлаб уни ланг очиб юборибди. Ташқарига қараб хайратга тушдим. Меҳмонхона жойлашган тор кўча юзлаб оппоқ эхром кийган хожиларга тўлганди. Уларнинг орасида Ойдин хонимнинг нурли чеҳрасини топиб қувониб кетибман. Яратганга шукроналар бўлсинки, уларнинг бир ишораси билан ҳамма хожилар кафт очиб мени жудаям чиройли дуо қилишди. Кўзларим ёшга тўлди, пичирлаб фақат “Омин” дея олардим холос. Дуолар тингач, устозим ” Шошилинг қизим, кечикманг ” дедию, жилмайиб хожилар оқимида гойиб бўлди. Мен эса уйгониб кетдим…

Ойдин хоним аввал хам тушимга кўп кирган, бугунгисини хам хайрга йўйиб номоздан сўнг хақларига чиройли дуо қилдим.

Конгресс соат 10.00 да бошланади. Кемада Босфорнинг нариги қиргогига ўтиш учун 20 дақиқа кифоя. Шуларни хисобга олиб, 8.30 ларда меҳмонхонадан чиқишни мўлжалладим. Чунки такси чақирсам беш дақиқада қиргоққа ташлаб қўйишига амин эдим. Шошилмай нонушта қила бошладим.

Тонгда бўгоз томонга қараган очиқ айвонда нонушта қилиш бошқачада. Оинаи жахон орқали янграётган хазин турк мусиқаси дарвешона чарх ураётган чагалайлар қўшиги билан қоришиб қалбларни сел қилади. Айнан шу лаҳзаларда сайёх зоти борки, бу шахарга қандай мақсадда келганини ҳам унутиб соатлаб шу холатда ўтиришни ихтиёр этади…

Аммо ҳамма нарсанинг интиҳоси бўлганидай, хазин мусиқа тиниб, оинаи жахонда тонги хабарлар янграй бошлади. Унда айтилишича айнан бугун маҳаллий хокимиятларга сайловлардан аввал катта митинг бўлиши ва Султон Ахмат майдони томонида таксилар харакати тўхтатилганини хақида билдирги берилди . Аввалига эътибор бермадим. Бироқ таксилар юрмаслигидан сергакландим. Юким билан қиргоққа етволиш осонми? Хонадан нарсаларимни олгач, рўйхатхонага тушдим. Хабарлар ростлиги ва шошилишим кераклигини таъкидлаган хушмуомала меҳмонхона мулозими билан хайрлашгач, йўлга тушдим ва сахарда кўрган тушимни эсладим. Таъбир фақат Яратгангагина аён, аммо руҳлар бежиз огоҳлантирмаган эканда. Агар огоҳ этишмаса донг қотиб ухлашим, минглаб одамлар йигила бошлаган майдондан қиргоққа етиб олишим ва Ускудардаги анжуманга кечикишим муқаррар эди.

Ўша куни анжуманда қанчалик хурсанд бўлмай, дилимни хира қилиб турган катта дардларим бор эди:

1. “Хақиқий тиб” Ўзбекистонда февраль ойида нашр этилгани хақидаги маълумотга эга эдим. Расмий нашрни ўз кўзим билан кўрган бўлсамда нима учун халиям ўқувчилари қўлига етиб бормаган?

2. Нега Туркиялик профессорлар, фан арбоблари ўқиб, тан олаётган асарни бизни тиббиёт даргалари ўқимайди? Нимадан қўрқишади? Ёки бизда тиббиёт олий даражада ривожланиб кетганми?

3. Ойдин Солиҳ Туркияда камолотга эришган бўлсада, Тошкент Давлат Универститетиринг биология факультетида таҳсил олган олимадир. Лекин у хақида , унинг амалиёти, асарлари хақида юртимизда фақат пичирлаб гаплашамиз. Нега устознинг шунча издошлари, шогирдлари фақат Туркияда етишиб чиқди? Агар Ўзбекистонда ҳам унинг мактаблари ташкил қилинса балки минглаб инсонлар дардига шифо топган, балки умуман хасталанмаган бўлишармиди?

Шахсан ўзим, замонавий тиббиётни бутунлай инкор этмаган холда хақиқий тиббиётни ҳам ривожлантириш тарафдориман. Шунинг учун “Сўнги сўз”ни таржима қилдим ва Ойдин Солиҳнинг асарлари асосида болажонлар учун “Ойдинойнинг саргузаштлари”дай саломатлик учун фойдали эртакларни ёздим.

Ўша куни мана-ман деган профессорлар, тиббиёт фанлари докторлари ва жамоат арбоблари нутқ сўзлаган конгрессда минбарга чиқиш осон бўлмади. Турк тилига ўгирилган ва деярли ёдлаб олган нутқим ёдимдан чиқиб ҳаяжон босди. Ўша он яна анжуманга йигилган юзлаб издошлари орасида устозимнинг жилмайиб турган нурли чеҳрасини кўргандай бўлдим. Эзгу амалларини минглаб софният қалбларга экиб кетган инсон хақида фақат ва фақат самимий гапириш мумкинлигига яна бир карра амин бўлдим.

Муаззам Иброҳимова

facebook.com