Амир Темурнинг филларга қарши уруши Ибн Арабшоҳ талқинида

Амир Темурнинг филларга қарши уруши Ибн Арабшоҳ талқинида
41 views
02 April 2019 - 9:22

АМИР ТЕМУРНИНГ ФИЛЛАРГА ҚАРШИ УРУШИ ИБН АРАБШОҲ ТАЛҚИНИДА

Маълумки, Амир Темур 1398-1399 йилларда Ҳиндистонга юриш қилган. Бу юришда унинг лашкари ҳиндларнинг ҳарбий ишга ўргатилган, жанговар филларига дуч келади. Ибн Арабшоҳнинг айтишича, “Темур отларини ҳуркитиш учун ҳиндлар филларини олдинга қўйдиларки, уларни ҳисорда қўлланиладиган жулларга ўраган ва ҳар бир фил устига қалқонлардан кажава ясаб, ҳар бир кажавага шиддатли дамларда ҳам дош берадиган, ҳам рижо тиланадиган жангчиларни қўйгандилар. Филларга девларни ҳам қочишга ундайдиган даҳшатли қўнғироқ ва занглар тақдилар ва ҳинд қиличи деб аталса тўғри бўладиган қиличларни у (фил)лар хартумларига боғладиларки, улар алангасининг шуъласи – бу шуълани синд олови деса тўғрироқ бўларди –бошларни ўзига чорлар эдики, бошлар эса уларга сажда қилиб қуйи эгиларди. Филлар хартумидаги бу қиличлар озиқ тишлари устига устама эди. Бу озиқ тишлар филлар устига ижоб бўлган вазифани адо этишда гўё тўла-тўкис нисоб ва ўқ отиб, найза ушлаб рўпара келган ҳар бир кимсани тилка-пора қилиб бўғзига бехато тегувчи ёй эди ”.

Амир Темур Мовароуннаҳр ҳарбий тажрибасига хос бўлмаган бу ҳарбий тактикани даъф этиш тадбирини ўйлайди ва темир симлардан мингларча учбурчак тиканларни ясашни буюради.

Амир Темур қўшини тунда жанговар филлар юрадиган ерга махфий тарзда ушбу темир тиканларни сочиб чиқади.

Ҳар икки тарафнинг қўшини бир-бирига юзма-юз келганда Амир Темур ҳинд қўшинидан қўрққан киши каби филларга тайёрланган қопқонлар томон чекинади.

Шунда Маллу (ҳинд лашкарбошиси) аскарлари “Темур отлари ҳуркиди” деб ўйлади ва филларни Темур аскарлари чекинган тиканзор томон ҳайдади.

Натижада филлар мазкур ерга етиб, тиканзорларни босиб, жонлари ўта қаттиқ оғригандан кейин, тезлик билан орқага тисарилиб, ҳинд аскарларининг ўзларини янчиб кетади. Бирорта куч уларни тўхтатиб қола олмади. Кўплаб ҳинд аскарлари филларнинг оёқлари остида қолиб ўлди. Пистирмадаги Темур қўшини ҳиндларнинг тирик қолган қисмини мағлуб этдилар.

Шунингдек, Амир Темур Ҳинд ерида яна бир тактика қўллайди. Ҳинд ерларида туя бўлмаганлиги туфайли филлар жанг вақтида улардан чўчишини Амир Темур тахмин қилади.

У беш юзта ҳурконғич туяларни тўплашни буюрди. Жанг олдидан уларга пахта той ва турли кераксиз юкларни ортиб, туя устидаги юкларга ўт қўйишни ва филлар томон ҳайдашни буюради. Туялар олов ҳароратини сезишгач, типирчилаб филлар томон елдек учиб кетади.

“Филлар оловни кўриб, туялар бўкиришини эшитгач ва уларнинг қандай маҳлуқ эканлигига назарлари тушиб, товонлари билан чапак чалиб қўшиқ айтиб рақсга тушишларини кўриши биланоқ “ўз ҳайдовчиларини ағнатиб устиларида ўтирганларни йиқитиб, бўйнини синдириб” орқасига қараб тирақайлаб қочдилар ва отлиқларни янчиб, пиёдаларни поймол қилиб кетдилар” -дея таъриф беради бу манзарага Ибн Арабшоҳ.

ЎЛЖАЕВА Ш.

facebook.com