Ҳолат

Ҳолат
77 views
02 April 2019 - 9:42

 

 

ҲОЛАТ

Тонг чойшабин юлқиди шамол,
Ширин тушлар кўриб уйғондим.
Мевага ғарқ боғлар кўксида
Эрка булоқ каби тўлғондим.

Шўх япроқлар пичирлашдилар,
Булбул касбин этдим ихтиёр.
Овозимга маҳлиё бўлдим,
Дедим, дунё тугал бахтиёр.

Сўнг англадим, дунё ёр эмас,
Ҳар бутоқда эгаси, каси.
Овозимни кўмиб юборди,
Хазонларнинг аянчли саси.

Тўрт томон бўш, дарахтлар ғамгин…
Мен ўзимни буткул йўқотдим.
Тушларимни совуриб елга,
Ўрта йўлда шамдайин қотдим.

Тутқин сўзлар занжирин узиб,
Чиқиб келди ўрмон бағридан.
Шарқда қуёш чаппа айланиб,
Чақмоқ чақди шимол қаъридан.

Озод сўзлар, момогулдурак
Еру кўкни титратиб ўтди.
Фикрларим мени қидириб
Гулдуракка эргашиб кетди!

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com