Мажбурий обуна

Мажбурий обуна
122 views
04 April 2019 - 18:08

Келинг атиги ўтган ўқув йили билан бу йилги вазиятни таққослаб берай: шахсан мен ўтган ўқув йили ҳам 25% мажбурий обунага тортилганман, ҳа айнан тортилганман, биттаям ўз хоҳишимга биноан эмас, ойлигимдан ушлаб қолиш йўли билан мактабга ўзим номини кўрмаган ва йилда ўқимаган газеталарга ёздиришган…

Бир ўқув йилидан кейинги, ҳозирги холатни кўринг, газеталарга хоҳлаган обуна бўлди, хоҳламаган йўқ. Лекин ўқитувчи зоти газета ўқимаса саводсиз бўлиб қолмайди, қолмаган ҳам, савод масаласи газета ўқиш ёки ўқимаслик билан ўлчаниши ҳозир, айни ХXI асрда кулгули холат. Ҳеч бўлмаса бу гапларни ўтган асрнинг 70-90-йилларида айтсангиз ишонардик, хурматли «олтин қалам» соҳиблари?!

Шундай қилиб тарихда илк бора Ўзбекистон ўқитувчилари ойликлари газетадагиларники эмас, ўзиники, хоҳласа обуна бўлсин хоҳламаса ўша пулига китоблар сотиб олсин, ва яна хоҳласа интернетга тўлов қилсин, дейилди. Мажбурланмади, танлов имконияти берилди.

Энди акалар, мабодо ҳар йили жанжал қилиниб, қўрқитилиб, дўқ қилиниб пулини тортиб қўйилган ўқитувчи МАЖБУРИЙ обунадан қутулган бўлган холда, бир ўқитувчимиз шу йил сентябрда мактабимизда қайси газетага обуна бўласиз, деб ўтказилган мажлисда айтганидек, мен 17 йил ойлигимдан қақшатиб газеталарга ушлаб қолишди, бу йил бўлмайман, хафа бўлманглар, деса шунга ким айбдор, Президент ўқитувчиларга шароит яратиб бераётган сиёсатини қўллаб қувватлаб мажбурий обунага қарши чиққан янгича фикрловчи Халқ таълими Вазири Шерзод Шерматов айбдорми, хурматлилар?

Илғор фикрли кишиларни тарихда ўз замондошлари тўғри қабул қилавермаганлиги тарихдан исботланган. Бу холни шу кунлардаги Халқ таълими вазирига бўлаётган турли тошлар, мақолаларда ҳам кўриш мумкин. Шундай мақолани ёзгувчилар ва бутун Ўзбекистон ўқитувчилари диққатига бир савол билан мурожаат қилмоқчиман, Вазир обунага мажбурламанглар, ҳар кимнинг ўз ихтиёр билан хоҳлаган газетасига ёзилсин, деганига айбдор деб топилиши керакми, ахир у ўнлаб йиллар давомида инсон ҳуқуқларини топтаб келган жирканч иллат, МАЖБУРИЙ сўзини йўқотди, Обунани эмаску, ҳали ҳам ўзи учун фойдали деб аталган газетага обуна бўлмоқдаку?

Мисол учун Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида бир мактабни биламан, бутун жамоаси ҳар бири «Маърифат» га обуна бўлди (газета ходимлари телеграмда устозлар учун гуруҳ очиб тарғиботни кучайтиргани самарасидир балки) хўш ўшаларга Шерматов ундай қилма, деб обунани тўхтатдими? Йўқ-ку? Интернет тармоғини яхши билган киши газета ўқимайди, дейиш ва буни Вазирликдан бўшаб кетган собиқ ходим айтишича, деб катта бир сайтда бўҳтон қилиш ўнлаб йиллар журналистик тажрибага эга журналистга ярашадими? Мени қизиқтирадиган томони, мени ёки бошқани газета ўқимайди, дейиш исботи юридик жиҳатдан қандай амалга ошириларкан-а, сайтга бераётганда шу томонини ўйлаб кўришмадимикан? Вазирлик собиқ ходими айтишича фалончи ичиб ишга келаркан, Вазирлик собиқ ходими айтишича пистончини 100 та самолёти бор экан, деб бир мақола ёзсам ўша сайтлар менинг мақоламни ҳам чиқариб бераверармикан-а? Қизиқ шахсий адоват сезилмадими сизнингча? Билолмаяпман-да мен ҳам шунисини….

Бутун Ўзбекистон ўқитувчиларига саволим, сизларни қайси бирларингни Халқ таълими вазири МАЖБУРИЙ обунадан қутқарди, қайси бирларингни Обунадан қайтарди? Биринчисига жавоб – ҳаммамизни, иккинчисига жавоб – ҳеч қайсимизни! Демак Шерзод Шерматов – офарин сизга! Ўзбекистон ўқитувчилари сиз билан бирга! Бўш келманг!

Исроил Тиллабоев

facebook.com