“Лукойл” билан келишувни қайта кўриб чиқиш керак. У нафақат оддий одамлар, балки иқтисодиёт манфаатларига ҳам зид”

“Лукойл” билан келишувни қайта кўриб чиқиш керак. У нафақат оддий одамлар, балки иқтисодиёт манфаатларига ҳам зид”
57 views
10 April 2019 - 9:44

Кеча “Ўзбекнефтгаз” холдингига кирувчи “Ўзтрансгаз” мансабдорларидан бири “Лукойл” олдидаги 600 миллион долларлик қарз сабаб ишдан бўшатилгани маълум бўлди (2018 йили “Лукойл” Ўзбекистонда қазиб олган газнинг бир қисмини “Ўзбекнефтгаз” экспорт қилишга қўймай, Ўзбекистон аҳолисига бергани учун Россия компанияси олдида шундай қарз юзага келган). Сал аввалроқ эса “Ўзбекнефтгаз”нинг Хитой компаниясидан 16 миллион доллар қарзи борлиги айтилганди.

Эксперт Азиза Умарованинг таъкидлашича, Ўзбекистон энг кўп газ қазиб олувчи жаҳондаги 10 мамлакатдан бири ҳисобланади, боз устига, мамлакат аҳолисининг аксарият қисми 20 йилдан бери газсиз совқотиб ўтирибди. Шу ҳолда биз ўз газимизни ўз халқимизга бермоқчи бўлганимиз учун бировга қарз бўлиб қоляпмиз, шундайми?

“Энг ачинарлиси — бу ҳолат яқин орада тугамайди», — деб ёзади Азиза Умарова. “Лукойл” билан амалдаги келишув 2046 йилгача мўлжалланган. “Биз яна 28 йил мана шундай газсиз ва қарздор бўлиб қолаверамиз. Агар ими-жимида келишувни узайтиришса, ундан ҳам кўпроқ. Мамлакатда бутун бир авлодлар газсиз туғилиб, газсиз ўлиб кетади. 2046 йилга бориб табиий газимизнинг ўзи тугаб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас”, — дея куйинади эксперт.

Унинг қайд этишича, бу муаммонинг ечими бор — “Лукойл” билан имзоланган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги келишувни қайта кўриб чиқиш керак (ҳозирги келишув бўйича “Лукойл” ўзи қазиб олган маҳсулотнинг 90 фоизига эгалик қилади, Ўзбекистон эса — атиги 10 фоизига). “Келишувни қайта кўриб чиқиш жараёни турли мамлакатларда, турли сабабларга кўра, турли босқичларда амалга оширилган. 2004 йилда имзоланган келишув шартлари орадан 14 йил ўтиб газсиз кун кечираётган оддий фуқаролар манфаатларига зид келмоқда. Юзага келган қарздорликдан хулоса қилинса, иқтисодиёт манфаатларига ҳам тўғри келмайди”, — дейди Азиза Умарова.

Экспертнинг алоҳида қайд этишича, 2004 йили ушбу келишув имзоланаётганида қандай ҳисоб-китоблар қилинганини биз ҳеч қачон била олмаймиз, лекин ҳозирги реал ҳаётимиз шундай — уйларда газ йўқ, одамлар эски замонга қайтиб, буржуйка печлар, таппи билан исинмоқда, оқибатда ис газидан ўлим ҳолатлари сони ошиб бормоқда, завод ва корхоналарни газдан кўмир ва биогазга ўтказиш ташаббуслари янграмоқда (алвидо, саноатлаштириш!), иссиқхоналар газ қувурларидан узилмоқда (алвидо, агросаноат мажмуалари!), камига ўз газимиз учун россияликларга юз миллионлаб доллар қарз бўляпмиз. “Шунчаки одамларга газни қайтаринг. Илтимос!”, — деб тугатган Азиза Умарова ўз постини.

Манба: Daryo.uz