Ҳурлик тиладим

Ҳурлик тиладим
40 views
11 April 2019 - 12:03

 

 

ҲУРЛИК ТИЛАДИМ

Тангридан биргина ҳурлик тиладим,
Озодлик гулидан бошимга бир тож.
Лоқайдлигим солиб қўлимга кишан,
Кибрим боис бўлди йилларим хирож.

Мажнуннинг ишқидан бўлдим мосуво,
Ғунчалар очмади кўнглимда наргиз,
Мевасиз дарахтдай ўтсам ҳаётдан,
Келмагай эрдимо дунёга ҳаргиз.

Миллатнинг ғамлари бағримни тешди,
Ҳокимлар – сур, замона – масхарабоз,
Бизни исканжада тутмади кимлар,
Тақдирлар қуръаю даврон – қуръабоз.

Нелар бўлди сенга, эй, кўҳна бешик,
Минг йиллик киналар аримади ҳеч.
Туркистон ҳориди, энтикди Турон,
Бузғунлик яшарди, қаримади ҳеч.

Куйлайман қўлларим етмаган жойни,
Соғиниб бўзлайман қушлар бозини.
Мен жуда қўмсабман, қўмсабман жуда,
Ҳур ёру диёрнинг ўтли созини.

Умидвор шарпалар руҳга озиқдир,
Эгарланган отдир узилмаган жон.
Нафсининг қуллари етар томоққа,
Илмга интилган – даврага султон.

Тангридан биргина ҳурлик тиладим,
Озодлик гулидан бошимга бир тож…

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com