Айрилдим

Айрилдим
76 views
12 April 2019 - 10:16

 

 

АЙРИЛДИМ

Булбулам, оҳ-зор чекиб,
Тоза гулзордан айрилдим.
Кўздан қонли ёшлар тўкиб,
Ул севар ёрдан айрилдим.

Ёрга ярашар уч муча,
Сифатин сўйларам анча,
Лаби шакар, оғзи ғунча,
Зулфи сиёдан айрилдим.

Ширин жонда йўқдир тоқат,
Жабри анинг жонга роҳат,
Қошлари фитнайи офат,
Кўзи хунхордан айрилдим.

Айрилдим, ғунча гулимдан,
Қора сочли сунбулимдан,
Хуш овозли булбулимдан,
Ширин гуфтордан айрилдим.

Дали кўнглимнинг армони,
Кулли гўзалларнинг хони,
Саккиз бўстоннинг жаннати,
Боқчали боғдан айрилдим.

Юрти ислом, диёнатли,
Чучук сувли, тар ўланли,
Эли – кўклан, оти – Мангли,
Нозли дилдордан айрилдим.

Махдумқули ошиқ, мастон,
Боғладим шонина достон,
Манзилгоҳи боғу бўстон,
Олмали, нордан айрилдим.

Изоҳ: Нор-анор.

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

Facebook.com