Хузурингга интилдим

Хузурингга интилдим
65 views
13 April 2019 - 13:12

 

 

ХУЗУРИНГГА ИНТИЛДИМ

Ложувард кўкдаги яккаш юлдуздай
Сен сари интилдим сурилиб, сарсон.
Розим изҳорига минг йиллар бордай,
Туманли йўлларда – машаққат, сурон…

Юрагим кўксимга сиғмай шошади,
Вулқон оғзидаги қоялар мисол.
Кўзим қорасидан орзуманд бўлдим,
Ойдин кечадаги соядир висол.

Кипригим хобида ҳижрон тикиб дор,
Умид учқунларин тўзитар ҳар ён.
Адл панжасида тонгни кўтариб,
Сарвлар қошимда бўлар намоён.

Дунё бевафодир, йиллар алдамчи,
Қуёш ҳам беқарор, ой эса ярим,
Ҳижрон билан висол оралиғида
Бориб келар таним – чин дарбадарим.
1988 й.

Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби, 
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил

facebook.com