Ўзбекистонда икки хил реаллик бор

Ўзбекистонда икки хил реаллик бор
79 views
27 April 2019 - 12:47

Ўзбекистонда икки хил реаллик бор. Бири “Ўзбекистон-24” каналидаги реаллик, иккинчиси Дима Қаюмнинг постларидаги. Бу сурат менга “Воиз” фильмидаги саҳнани эслатди. Октябрь инқилоби арафасидаги вокзалми, клубми биноси. Фильмдаги саҳна ва декорация бундан янгироқ ва ялтироқ. Аммо гап ҳозир ҳокимиятнинг қаёққа қараганидамас.

“Ўзбеккино” қаёққа қараяпти? Мана саҳна, ҳеч қандай декорация керакмас. Яқин тарихимиздан ҳужжатли, бадиий фильмларни олиб қолиш керак. Сталин даври, пахта иши – мавзу кўп. Ҳадеб Тошкентдаги боулинг-клубни олавермасдан, ташқарига чиқилса, ғиж-биж реализм.

Ҳозирги қурилиш ва бузилишлар темпида бир-икки йилдан кейин бу бинолар ва архитектурадан асар ҳам қолмайди. Биз болалигимизда концерт томоша қилган колхозимизнинг клуби 15 йилча олдин омборхонага айлантирилган. Ўша клубда радиоузел ҳам бўларди, раҳматли дадам пахта сводкалари ва ҳар-хил тадбирларни эълон қилиб турардилар. Совет типидаги социализмдан капитализмга ўтишда энг кўп жабр кўрган соҳа маданият соҳаси бўлган. Суратдаги клубни таъмир қилса ҳам, у ерга борадиган одамлар бошқа. Тўғрироғи, у одамлар, у маданият аллақачон йўқолиб кетган.

Бозор маданияти – ҳамма нарса сотилади ва сотиб олинади. Шунинг учун ҳам бу бинолар, бу архитектура йўқолиб кетишга маҳкум, деб ўйлайман.

Колхоз-сити қурилиши бошланмасдан, фойдаланиб қолиш керак. Тошкентдан бошланган тренд шунақа. Масалан, эшитишимга қараганда, бизнинг Чортоғимизда аллақачон бульдозерлар ишга тушган…

Паҳлавон Содиқ

facebook.com