Акмал Нур: “Талабаларнинг кўпи бугун янгича фикрламаяпти, қолипга тушиб қолган”

Акмал Нур: “Талабаларнинг кўпи бугун янгича фикрламаяпти, қолипга тушиб қолган”
52 views
28 April 2019 - 13:14

Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов (Акмал Нур) танқид қилди.

Маълумки, юртимиз бўйлаб анъанавий “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” давом этмоқда. Фестиваль доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов (Акмал Нур) қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Талабаларнинг кўпи бугун янгича фикрламаяпти. Қолипга тушиб қолган, – деди А.Нуриддинов. – Анъаналарни давом эттирамиз дейишмаса, янгича фикрлаши, педагоглар уларни йўналтириши керак. Фестиваль тўғри ташкил этилган, лекин кўплаб камчиликлар кўриниб қолаяпти. Биз нафақат ўзимизни кўрсатиш балки, фаолиятимизга четдан назар ташлашимиз лозим. Ўшанда муаммо ечилади. Агар муаммони бизда зўр рассомлар бор, 10 минг долларга манзарани у олди, 20 мингга бу олди, деб ёпмоқчи бўлсак, бу хато. Абадий қоладиган асарларни яратишимиз керак. Мактабниям, институтниям асосий вазифаси шу.

Ҳозир Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтига 410 та талаба қабул қилинади. Шулардан тўртта етук рассом чиқсин. Етади ўша. Ўшаниям ололмаяпмиз.

Лекин бу фестиваль иқтидорли талабаларнинг келажагини таъминлаб бера оладиган маҳорат мактаби бўлиши керак. Биз буни ўз олдимизда турган муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Чунки фестиваль халқаро даражага етди, оддий ҳафталик эмас.

Халқ амалий санъатининг – ганч, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик ва бошқа турлари бўйича соҳа усталаридан маҳорат дарслари ўтилди. Бир нарсани айтмоқчиман, биз кўпгина бадиий санъат турларини сақлаб қолдик ва ривожлантириб боряпмиз. Аммо, нақш санъатини унутиб қўяяпмиз. Албатта бу қурилиш билан боғлиқ. Янги-янги қурилиш молларининг ҳаётимизга кириб келиши натижасида мана шу санъат турига эътибор бироз камайди. Лекин шу санъат билан шуғулланадиган катта-катта усталаримиз бор. Нақш санъати ривожини ҳам фестиваль доирасида кўриб чиқяпмиз.

Манба: uza.uz