Холис ҳуқуқий таҳлил

Холис ҳуқуқий таҳлил
83 views
28 April 2019 - 13:49

Холис ҳуқуқий таҳлил
I. Кириш қисми

Имом Ғаззолийнинг уқтиришича, илм икки хил бўлади. Бири – тақлидий илм, яъни ўтмишдан мерос қолган, ота-она ва устозлардан олинаднган билимлар. Иккинчиси – кашф этилган илм. Тақлидий илм кўр-кўрона эргашиш билан бўлади, кашф этилган илм эса ҳар бир шахснинг қобилияти, шуурий изланиши орқали қўлга киритилади. «Менинг мақсадим амрлар ҳақиқатини кашф этиш эди». дейди мулллиф. Зотан, ҳаётда жуда кўп одамлар тақлидий билимлар билан қаноатланадилар. Чунки янгилик яратмай, тайёр ҳунарлар, илмларни ўрганиб, кўп қатори яшаш осон. Аммо тараққиёт учун, инсоният тафаккурини олға силжитиш учун илоҳий ва дунёвий ҳақиқатларни, моҳиятларни излаш, кашф зтиш зарур. Бу айрим буюк шахсларнинг насибаси (бу хабар интернетдан, http://www.uzislam. сайтидан олинди матн эгаси номаълум, Рефератлар бўлимда Шариат ва тариқатнинг қиёсий таҳлили диплом ишидан олинди).

Шунинг учун ушбу фикр мушоҳадаларим илм тилида тақлидий илм дейилади. Бундай асарлар барча ривожланган Ғарб мамлакатларда мавжуд бўлиб – социология, ўзбек тилида жамиятшунослик дейилади.

Жамиятшунослик деган фанни биз ҳам ёшлигимиз, совет даври, ўрта мактабда номигагина ўқиганмиз. Ўтган йилими ёки ундан олдинги йилми интернетда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида сиёсатшунослик фани олиб ташланганлиги ҳақида гап бўлди. Буям жамиятшуносликка ўхшаш фан бўлиб давлатни бошқариш ҳақидаги фан эди аслида.

Жамиятшунослик фани деганда одамлар ўртасидаги кундалик ҳаёт тарзида кузатилаётган жараёнлар тушунилади. Бундай тадқиқотлар олиб борган ва илмий ишлар қилган, китоблар чоп этган муаллифлар юртимизда бордир. Аммо, ҳуқуқий жараёнларни акс эттирган асарлар билан таниш эмасман.

Куни кеча ижтимоий тармоқ ФБда Адольф Гитлернинг босиб олинган ўлкаларда тарих ва жамият қонунларни ўрганишга йўл қўймаслик ҳақидаги иддаолари бўлганлиги ҳақида лавҳа берилди. Гитлер бу гапни қўпол равишда айтган, аммо, Чор Россияси Генерал губернатори Фон Кауфман ва бошқалар ҳам ўзбекларнинг тарих ва сиёсатга аралаштирмаслик ҳақидаги фикрлари бўлган. Чор Россиясининг бу йўналишини Совет Ҳукумати ҳам устомонлик билан давом эттирди, Ислом Каримов даврида ҳам бу ақида ўз яшовчанлигни намоён этди.

Аслида бу фан жамиятдаги иллатларни фош этиши, унинг манфур қиёфасини очиб бериши, келиб чиқиш илдизини топиб уни томири билан юлиб ташлаш учун керак. Аммо, атайлабми ёки бировларнинг сибизғасига ўйнаганимиз учунми бу фан юзага чиқмади.

Нега бунча нолиш оҳанги? Чунки, агар бу жараёнлар билан жиддий шуғулланадиган бўлсак атамалар мавжуд бўлиши керак эди. Мисол учун шундай жараёнларни ўрганган кишилардан бири Нуруллоҳ Рауфхон ўзининг «Бу кунлар» номли асарида «Бўтқа дин» деган атамани киритди. Лекин бу китоб Ўзбекистонда чоп этилгани йўқ. Асарни Туркияда чоп этганидан сўнг, муаллиф Тошкентга келганида уни дарҳол қамоққа олишгани ҳамманинг ёдида бўлса керак. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг одамийлигигина муаллифни қамоқ жазосидан омон сақлаб қолди.

Мен бу китобнинг маъқул ва номаъқул тарафлари ҳақида китоб чоп этилмасидан, Интернетда эълон қилингач ўқиганимданоқ 2016 йил 14 май куни «Ўзбек виждони Нурулло Рауфхон» номли қатрамда айтиб ўтганман.

Ишонч билан айта оламанки,ўша пайтда ҳаёт бўлган биринчи Президент Иислом Каримов ҳам Нурулло аканинг ушбу асарини тўғри қабул қилганди.

Сиёсат ва жамият ўртасида жиндаккина фарқ бор, менимча. Сиёсат бу қонунлар мажмуи, жамият эса ҳаракат қоидалари. Сиёсат расмано ўз мафкурасига таянади. Жамият ғояларга таянади. Жамият жараёнларидаги илғор ғояларининг баъзилари сиёсий элитани ҳам ҳаракат қилишга мажбур қилади. Нуруллоҳ Рауфхонннинг «Бу кунлар» романи асосида жамиятда тадбиқ этилган ғоя бу Ўзбек тили ва адабиёти Институнинг ташкил этилиши эди, менимча.

Жамиятда кечаётган жараёнлар ҳақида аввал ҳам ўзбек сиёсатчилари, олимлари, ёзувчи, шоирлари ёзганлар. Мисол учун Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Аҳмад Донишнинг «Донишнома», Алихонтўра Соғунийнинг «Туркистон қайғуси» номли асарларини келтириш мумкин. Шу билан биргаликда Чор Россиясининг баъзи муаллифлари ҳам бизнинг ўтмиш тарихимиз жамиятида бўлаётган жараёнлари ўз асарларида жуда чиройли тарзда баён этиб кетганлар. Бундай асарлар жумласига мен Е.К.Мейендорфнинг «Путешествие из Оренбурга в Бухару» номли асарини киритган бўлардим.

Афсуски, ўтмиш тарихимиз ҳақидаги муаллифларнинг асарлари замонавий ўзбек тилига таржима қилинмаяпти ёки таржима қилинганларида ўлкамиз ҳаётига оид салбий лавҳалар тушириб қолдирилмоқда. Натижада ўша салбий ҳолатларнинг илдизини топишга қийналяпмиз.

Сиёсатда салбий ҳолатлар кузатилса, унинг олдини олиш учун қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Жамиятдаги хатоларни тузатиш учун қонунларга ўзгартиш киритилмайди, балки, улар ЭЪТИРОФ этилиши орқали тузатилади. Бу ерда асосий қоида УЯТ. Айнан уялиш, бошқалар олдида шарманда бўлишдан асраш мақсадида жамиятнинг ўзи ўша иллатни йўқотиши мумкин.

Ислом Каримов даврини олинг. Эсланг электр энергияси тақчиллигини, улардаги узилишларга кўникиб қолганлигимизни. Ўша пайтда бу муаммони И.Каримовга айтавериб-айтавериб ҳеч ким унга буни тушунтиролмади. Жонбозлик кўрсатаётган арбоблар унинг шахсий душманига айланиб қолмаслик учун мурожаатларни бас қилдилар. Халқ кўникди. Аммо, бу ҳолат қўшниларимиздан деярли биронтасида йўқ бўлса-да ҳаммамиз ёппасига «биз бахтлимиз» дея жар солардик.

Ислом Каримов бу дунёни тарк этганидан сўнг халқ ва жамият ортиқча жунбушга келмаса-да пргаматик давлат арбоби Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон билан ҳамкорликда бу муаммони бартараф этди. Ўша электр қаҳат кунлари ёдимиздан ҳам чиқиб кетди.

Каримов замони ўтганига уч йил бўлгани йўқ, аммо, жуда катта ислоҳотлар гапда эмас, амалда бўлиб кетди. Буни қаранг, уч йиллик ҳаётимиз давомида «олдинги 27 йил нима учун бу натижаларга эришмаганимизни эслаб уялади киши.

Ҳурматли ўқувчи! Мени ҳозирги раҳбариятга «пахта қўйиш» фикридан йироқман. Жамиятдаги объектив жараёнлар ҳақида гапиряпман. Аслида охирги уч йил давомидаги кўнглим тўлган, хурсанд бўлган ҳолатларим жуда кўп ва хўп. Аммо, уни ёзувчи ўзининг очеркчи, «шоир»лари етарли.

Мен ислоҳотларнинг кириб келган ижобий ҳолатлари билан бирга жамиятимизга кириб келган, баъзида сингиб бораётган салбий иллатлари фош қилмоқчиман ҳамда уларни даволаш учун аввало эътироф, кейин эса «УЯТ», «УЯЛТИРИШ» орқали даволашга уриниб кўраман.

Келтирилаётган салбий иллатларнинг илдизи ва унинг тарихи, яъни мазмун-моҳиятини очиш ҳам иллатларни даволовчи самарали чоралардан биридир.

Баъзи бир мисолларим ҳуқуқшунослик билан боғлиқ бўлгани туфайли, асар номини «Холис ҳуқуқий таҳлил» деб атадим.

Давлатимиз равнақи, жамиятимиз поклигига заррача ҳисса қўша олсам ўзимни бахтиёр ҳис қиламан.

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com