Бир-бирининг бошини еган мулозимлар

Бир-бирининг бошини еган мулозимлар
46 views
29 April 2019 - 9:19

БИР-БИРИНИНГ БОШИНИ ЕГАН МУЛОЗИМЛАР

Ўрта асрлар тарихчиси Абдураззоқ Самарқандий ўзининг машҳур “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида икки вазир ҳақида ҳикоя қилади.

Икки қўчқорнинг боши…

Улардан бири Саййид Фахруддин бўлиб, муаррихнинг ёзишича “мустақил равишда соҳиби девонликда ўтириб, қабул ёки рад, ҳал ёки банд қилиш ишларида якка-ю, ягона эди. У ўзига кўп аъёнлар ва ҳадсиз буюмлар ҳосил қилиб, мол–мулкининг кўплигидан ўз даври Қорунига ва шаън-шавкат ғуруридан замон Фиръавнига айланган эди”.

Бойсунғур Мирзо Хожа Низомуддин Аҳмад деган кишини Саййид Фахруддинга шерик қилиб девонга хизматга олади. У ўткир зеҳнли киши бўлиб, кирим-чиқим ишларидан воқиф бўлгач Саййиднинг кирдикорларидан гоҳ ҳазил–мутойиба, гоҳ аччиқ-аччиқ сўзлай бошлади.

Бу подшоҳга маълум бўлгач у Саййид Фахруддинни ишдан бўшатди ва Хожа Низомуддин девонга ўзи бошлиқ бўлди. Саййид Фахруддин ҳам қараб турмасдан Хожа Низомуддиннинг айрим хатоларини топиб бу ҳақда маълумот юбориб турди.

Хожа Низомуддин гарчи раиятга раҳмдиллик кўрсатса-да, айрим амирларни ўзига қарши қилиб олган эди. Шу боисдан унинг хатолари топилиб, ҳибсга олинади ва Саййид Фахруддин яна вазир бўлиб олади ҳамда Хожа Низомуддинни қаттиқ қийноққа солдириб, топган камоматларини ундириб олади.

Пайғамбар ҳам рози бўлмасдилар”

Хожа Низомуддиннинг яқинлари ҳам ишга киришиб Саййид Фахруддиннинг ўғирликларини фош қиладилар, натижада у ҳам зиндонга солинади.

У қамоқдан туриб Мирзо Бойсунғурга мактуб йўллаб, пайғамбарнинг руҳини ўртага қўйиб зиндондан халос этишини сўрайди. Шунда Бойсунғур Мирзо бу мактубга: “Саййидликка лойиқ жаноб халос топиш борасида бир ишорат битиб “ҳазрат пайғамбар (с.а.в.)нинг руҳи ҳаққи фарёдимга етсинлар”, деган эканлар, аммо ҳазрат пайғамбарнинг бу ишларга сира ҳам рози бўла олмаслигига шак-шубҳа йўқдир”,– деб жавоб қилади.

Саййид Фахруддин Бойсунғур Мирзодан иш чиқмаслигини сезгач, унинг онаси – Гавҳаршод бегимнинг кўмагидан паноҳ излайди ва бир амаллаб зиндондан қутилади. Энди унинг бутун фикру хаёли қайтадан вазирликни қўлга олиш ва бойликларга эга бўлишга қаратилади.

Давосиз дард исканжасида

“Саййид қайтадан вазирликни олиш иштиёқида на кечаси ухлар ва на кундузи тинчир эди,– деб ёзади Абдураззоқ Самарқандий. – Унинг таъма оташи шундай аланга олдики, у бутун олам молини ўз жиғилдонидаги бир луқма деб биларди. У ёстиқда ёнбошлаб ётгани ҳолда ғафлат пахтасини қулоғидан олмади ва доимо оғзини очиб, тилини танглайга қўйиб, фалончидан мунча туман, пистончидан уни ва буни ундириш мумкин, дер эди.

Аммо замона унга омон бермади, қайғули кечмиш ва қўрқинч таҳликасидан турли-туман касаллик ва зидма-зид иллатларга мубтало бўлди. Вазирлик савдоси унинг димоғини эсанкиратиб, молихулё сафроси калласи томон йўналди, юрак ўйноғи, нафас қисиши, сариқ касаллиги ранги ва истисқо ташналиги унинг ичу тошида ғалаба қилиб, туролмай ётиб қолди, моҳир табибларнинг қўли унинг муолижасига кўтоҳлик қилди ва у кинахор сийнаси вазирлик ҳасратига тўлган, дили интиқом шиддатидан куйган, нафаси қиш шамолидан совуган, чеҳраси зарчўвадек сарғайган ҳолда минг дарду андуҳ билан ўз қилмишининг гирифтори бўлиб, вужуд бандидан халос топди, жумодал-аввал ойининг охирларида ҳаёт юкини мамот манзилига кўчирди.

Унинг ўлими воқеаси куни халойиқ таъзия йиғинида рамзу ишорат билан табрик билдирар эдилар, ҳеч замонда шундай бир таъзия мажлиси кўрилмаган бўлса керак”.

Бир-бири билан адоватда бўлган икки вазирнинг ҳикояси шу тариқа ниҳоясига етди.

Мухтор Худойқулов