Инсон қадри тротуарлардан бошланади

Инсон қадри тротуарлардан бошланади
42 views
29 April 2019 - 9:30

ИНСОН ҚАДРИ ТРОТУАРЛАРДАН БОШЛАНАДИ

Сўнги пайтларда автомобиль чироқларини ёқиб юриш, қўшимча йўл белгилари ва турли-туман талаб-қоидаларни жорий этилиши – бозор иқтисодиётининг ҳосилалари деб тушуниш мумкин.

Бироқ атрофимизда эътибордан четда қолаётган нарсалар борки, улар тартибга келтирилса, юқоридаги ҳолатлар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади.


Бу – ПИЁДАЛАР ЙЎЛАКЧАЛАРИ-ТРОТУАРЛАРдир.

Барчамиз маҳаллалар ичкарисидаги уйларнинг олдидаги ва кўча юзларидаги ерларни ўзбошимчалик билан эгалланганини кўрамиз-у, бамайлихотир ўтиб кетаверамиз.

Баъзан:

– Бу фалончи одам, унга тенг келиб бўлмайди, – деб кўз юмиб кетаверамиз. Лекин, бундайлар кўпайиб бораётгани ва шу билан бирга атрофимизда ўзбошимчалик ҳолатлари кўпаётганини ўз вақтида пайқаолмаяпмиз.

Натижада, бугун маҳалла кўчалари инсон учун эмас, машина учун хизмат қилиб бораётгани, кўп ҳолатларда инсон манфаатлари ҳисобга олинмай келинаётганини кузатиб турибмиз.

Шу боис, жамоатчилик эътиборини қуйидагиларга қаратишга жазм қилдим.

Назаримда, ҳамма ерда пиёдалар йулакчалари ва тротуарлар тартибга келтирилса, кўп масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади.

Бунда, тротуарлар камида 2 метр кенгликда бўлиши, уйлар ва иморатлар олдидаги барча тўсиқлар олиб ташланиши, йўлдан ўтиш жойлари равон бўлиши шарт.

Менимча, тротуарларни тартибга келтириш учун давлат бюджети пулларини жалб этиш шарт эмас, ҳудудни эгаллаган тегишли хонадон, корхона ва муассасанинг зиммасига юклатилса бас.

Бош тортганларга, ким бўлишидан қатьи назар, ўзбошимчалик билан эгаллаган ерга нисбатан, ер солиғининг 10 баробарида мажбурий йиғим солинса, маҳаллий бюджетга, бундай ишларни бажариш учун, етарли маблағ кириб келади. Маблағларни маҳаллаларни обод этишга мақсадли йўналтириб, сарфланишини эса жамоатчилик назоратига олиш муҳим.

Бир қарашда мазкур фикр арзимас деб ҳисоблансаям, бирок, бу ишлар кетидан ҳудудларга файз киради, фуқароларнинг бағри-дили очилади, онгларида тенглик ҳисси уйғонади, руҳлари енгиллашади, кўнгиллар тўлишади, болалар ва қариялар хотиржам сайр қилишади, жамиятда осойишталик муҳити янада мустаҳкамланади.

Бу ишларга маҳаллаларда – оқсоқол ва фаоллар, катта кўчаларда – ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари бош-қош бўлишсагина, инсон қадрини муносиб ўринга қўйса бўлади.

Савоб ишни ҳар ким ва ҳар ерда қилиш керак, токи ҳаётимиз янада фаровон бўлсин.

Доктор Шарипов Ориф Мухаммад ўғли
24.04.2019.

facebook.com