Ислоҳотларга тўсиқ бир тоифа

Ислоҳотларга тўсиқ бир тоифа
30 views
29 April 2019 - 9:40

II.Холис ҳуқуқий таҳлил
Ислоҳотларга тўсиқ бир тоифа

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Туркия Республикаси нашрлари томонидан 2018 йилнинг энг яхши сиёсатчиси деб эътироф этилди.

Туркия бизга қардош мамлакат. Шунинг учун баъзи бировлар ушбу эътирофни қардошлик, бирёқламалик деб қабул қилган бўлиши мумкин.

Тоғнинг ҳайбати узоқдан кўринади, дейдилар. Ўзбекистоннинг ижтимоий тармоқларида ҳам ислоҳотларнинг камчиликларини айтиш билан биргаликда раҳбариятни айблаш оҳанги устуворлигини кўриш мумкин.

Президентнинг беш йиллик муддати ярми ортда қолди. Дастлабки кўтаринкилик бироз сусайгандек, натижалар эса аламзадалик билан алмашгандек туюлиши мумкин.

Ҳуқушунос сифатида айтишим мумкин (балким менинг бирёқлама фикримдир) Давлат сиёсатидаги энг катта амалий ўзгариш бу суд тизимидаги ислоҳотлар бўлди. Судлар оқлов Ҳукмини эълон қила бошладилар. Сиёсий маҳбуслар озод этила бошланди. Судьялар устидан жамоатчилик назорати кучайтирилди. Судьяларни танлаш, жой-жойига қўйиш енгиллаштирилди. Қариндош уруғлари жиноий жавобгарликка тортилганлиги судья бўлишга тўсиқ эди. Бу масала ижобий тарафга ўзгарди.

Адвокатура институти салоҳияти оширилди. Жамиятнинг илғор қатлаларидан бири бўлган ҳуқуқшунослар номидан миннатдормиз Президентимиздан!

Ҳаёт ҳақиқати шуки, ҳеч бир янгилик силлиққина ҳаётга тадбиқ этилмайди. Мураккабликлар юзага келади. Аммо, бу камчиликларни тузатиш имкониятлари ва йўллари бор. Бунинг учун ижодий меҳнат талаб қилинади, холос.

Бошқарувда икки услуб бор. Бири жаҳлий бошқарув, бири ақлий. Жаҳлий бошқарув Пролетар диктатурасининг баркамол невараси!

Тилимизда жаҳлга миниш қоралангани билан, ўзбек жамияти амалиётида устун. Тўғри, ақлий бошқарув жаҳлийдан юқори. Бу аксиома. Аммо, уни жорий қилиш битта кишининг зиммасига юклатилиши ақли расо фикр эмас. Ақлий бошқарув қолипининг энг мустаҳками – озод ва эркин овоз. Ундан кейин юзага келаётган камчилик ва муаммоларни биргаликда ечиш.

Дунё билан бўйлашадиган фикр юритадиган инсонлар орамиздаям, раҳбариятда ҳам бор. Улар камчиликларни тузатиш йўлларини ҳам билишади. Аммо, бу гапларни улар чойхоналарда, гапларда, зиёфатларда, ўзаро шивир-шивирларда айтишади. Ечим ҳам топишади, аммо, кенг оммага ошкор қилишмайди.

Агар уларнинг ақлли гаплари учун кимдир гонорар тўлаганидаэди халқ орасидаги олимлар бу гапларни баралла айтган бўлардилар, балким.

ОАВларимизнинг бунга иқтисодий имконияти йўқ. Нафақат иқтисодий омил бошқа яна бир сабаб борки, бу ақлли гаплар чойхона, зиёфатдан нарига ўтолмайди.

Бу сабаб эски сиёсий элитанинг эркатойлари ҳалиям эски тузум келишини пойлаб ўтиришибди. Абдулла Қаҳҳор айтган йигирма йил дарахтга оёғидаги занжир билан боғланган фил, занжир солинган дарахт атрофида айланиб, занжир узилгач ҳам йигирма йил яна ўша дарахт атрофида айлангани каби, биздаги эски когорта яна ўша дарахт атрофида айланиш учун ўз оёғига занжир солишларини кутиб ётишибди.

Уларнинг ичида яхши, фазилатли кишилар бор. Аммо, улар ҳам эски қолипдан чиқиб кетолмайдилар. Бу эски когорта қанчадан-қанча зиёли, истеъдодли кишиларнинг умрига, мол-у давлати, шон-шуҳратидан айрилишига сабаб бўлди.

Янги-янги қолиплар яратилиши керак. Бу қолипларни эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамкорликда ишлаб чиқиши, ҳаётга тадбиқ этиши керак. Бунинг учун жуда кучли қонуншунослар Қонунчилик палатаси ва Сенатида ўтириши керак.

Аммо, уларнинг кўпчилиги бошқа соҳа вакиллари. Беш йил Қонунчилик палатасида, Сенатда ишлагани билан беш йил юридик институтда ўқигандек бўлади (изланувчан, истеъдодли депутатлар бундан мустасно), холос.

Шу билан биргаликда фақат илмнинг ўзиям етарли эмас. Зукколик, мардлик, жасорат ва энг муҳими ватанпарварлик ҳиссиям юқори бўлиши керак. Акс ҳолда давлат ва жамият ишларида меҳмонхона тўридаги гиламга осиб қўйилган – ялтироқ, аммо ҳеч нарсани кесмайдиган пичоқ мақомида қолиб кетаверади. Бу ҳақда файласуф шоир Сирожиддин Рауфнинг ажойиб бир шеъри ҳам бор.

Фақат унинг номи бошқачароқ
Ўтмас пичоқ, ўтмас пичоқ.

Ёз иссиғи, қиш қорида –
Осиқ турар уй тўрида.
Жилоланур шам нурида,
Ўтмас пичоқ, ўтмас пичоқ.

Агар сиртдан берсанг баҳо,
Ҳар жиҳатдан тўкис, аъло.
Пичоқмисан пичоқ, аммо…
Ўтмас пичоқ, ўтмас пичоқ.

Юмуш чиқса, шай турмаган,
Бирор марта чарх кўрмаган,
Эр қўлида юрт қўрмаган,
Ўтмас пичоқ, ўтмас пичоқ.

Бари алам ахир шунда:
Қайғуда йўқ илинж ундан.
Ярамайди яхши кунда,
Ўтмас пичоқ, ўтмас пичоқ.

Қайда таъбир, нега йўяй?
Ёки қўлни силтаб қўяй –
Бор деб эмас, йўқ деб куяй,
Ўтмас пичоқ, ўтмас пичоқ.

Бордир нақл – ёдда турсин:
«Ўлдирса ҳам мард ўлдирсин!».
Сенга ўхшаш одам қурсин,
Ўтмас пичоқ, ўтмас пичоқ.

Совет замонидан қолиб кетган бу ҚОИДА биздаги ҳар бир даврга бемалол кириб келяпти. Русларда буларни «Свадебный генераль» дейишади. Бу атамани рус жамиятига ёзувчи А.П.Чехов киритган.

Келинг биз ҳам янги бир атама киритайлик.

Ўзим бу ўзбек амалдорлик қоидасини билмаганим, амал қилмаганим учун сизлар билан бемалол гаплашиб турибман. Акс ҳолда бирон амал эгаси бўлган бўлардим. Ялтироқ пичоқ қолипи ҳанузгача бизда бор. Булар жумласига ҳозирги раҳбариятнинг жуда катта қисмини киритиш мумкин. Бу ялтироқ пичоқлар ҳеч қачон мустақил фикр айтмайдилар. Унинг кабинетига юмуш билан келган мазлум тугул, зулм остида қолган қариндош-уруғи, таниш билишагаям яхшилик қилмайди. Унинг тарафини олмайди. Энг сўнгги русумдаги костюм-шим, оқ кўйлак ва галстук тақиб олади-да ишга келади, кетади. Мажлисларда ўтираверади. Мажлисларда ялтираб яшнайди ва яшайди. Кўп нарсага ақли етмаса-да ўзинин ақлли кўрсатишга уста. Ақли етиб, қўлидан бирон яхшилик келадиган бўлгандаям ташаббус кўрсатмайди. Жимгина жилмайиб (ялтираб) елкасини қисиб тураверади.

Бундай ялтироқ пичоқлар Ўзбекистон раҳбариятининг барча тузилмасида бор. Фақатгина Халқ таълими вазири бу қолипни сезиларли даражада бузишга уриниб кўряпти, Лекин, маломатларга қоляптиям.

Мен айтаётган «Ялтироқ пичоқ» қоидасининг қолипи ҳам Сталинизм маҳсули. Бунинг ёрқин мисоли Сталиннинг энг яқин сафдоши Вячеслав Молотов бўлган. Бадфеъл Сталин унинг турмуш ўртоғини қаматганда ҳам В.Молотов жим турган. Сталин ўлгач унинг биринчи талаби хотинини озод қилиш бўлган.

Ялтироқ пичоқ тоифаси қонунлар, норматив ҳужжатлар асосида ишлашни хуш кўрмайди. Буларга Каттанинг репликалари бўлса бўлди. Катта ҳазиллашсаям уни жиддий қабул қилишади. Қизишиб гапирса ҳар қандай қонунни четга суриб ташлашади. Уларга давлат ва жамият эртага Чингизхон ҳужум уюштираётгандек «ҳарбий ҳолат»да, шай туриши керак. Реал ишлар бу ёқда қолиб кетиб ўзиям, қўл остидагиларниям сафарбарлик ҳолатида ушлаб туришади.

Давоми бор

Анвар Шукуров