Қанғ давлати тарихи Хитой манбаларида

Қанғ давлати тарихи Хитой манбаларида
114 views
02 May 2019 - 9:13

ҚАНҒ ДАВЛАТИ ТАРИХИ ХИТОЙ МАНБАЛАРИДА

Хитой манбаларида Қанғ давлати Кангуй ёки Канцуй деб аталган. Хитой тарихчиси Си Ма Цян ўз хотираларида кангуйларнинг жойлашиши, ҳарбий кучи, урф-одати, уларга қўшни халқлар ҳақида қисқача маълумот беради. Кангуйлар ҳақида батафсил маълумот Бан Гу асарида ва бошқа Хитой муаллифларининг асарларида берилган.

Кангуйларнинг хўжалиги, маданияти ва турмуш тарзи ҳақида археолог олимларнинг қовунчи маданиятига оид ёдгорликларда олиб борган илмий тадқиқот ишлари тахсинга сазовар. Қангуй давлати ва унинг ташкил топган ҳудуди масаласида яқингача С.П.Толстов фикрига суянган ҳолда Ўзбекистон тарихида нотўғри тасаввурлар хукмрон бўлиб келди. Аммо, кейинги йилларда Тошкент воҳаси ва Жанубий Қозоқистонда олиб борилган кенг кўламли археологик қозишмалар Кангуй давлатининг жойлашган ҳудуди ҳақида тарихий ҳақиқатни юзага чиқарди. Бу масалада Я.Ғ Ғуломов, С. Г. Кляшторний, Ю.Ф.Буряков, К.Ш.Шониёзов, М.И.Филанович ва бошқалар катта иш қилдилар.

Авестода Канха, Птолемейда “кандар” (қанғар), “Шохнома”да турлар деб номланган қабила аслида саклар эди. Турон подшоларининг бош шаҳри Қанғдиз – ҳозирги Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Қанға шаҳар харобаси эканлиги аниқланди. Хитой манбаларига кўра, қанғарларда давлат бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Искандар ҳарбий юришларидан кейин Ўрта Осиёнинг қадимги эрксевар кўчманчи қабилалари жанубда Юнон-Бақтрия давлати ташкил топгач, дарҳол шимолда кўчманчи қабилалар ва ўтроқ аҳоли маҳаллий хокимликлари иттифоқи асосида ўз давлатини тузадилар. Бу давлат ярим ўтроқ, ярим кўчманчи қабилалар конфедерацияси сифатида ташкил топган Қанғ давлати эди. Мунтазам ҳарбий кучга эга бўлган бу давлат Ўрта Осиё жанубида таркиб топган юнонлар хукмронлигига қарши қаратилган эди.

Шуниси алоҳида тахсинга сазоварки, бу давлат аҳолиси икки тилда (суғдий ва туркий) сўзлашувчи қабила ва элатлардан ташкил топган бўлиб, бу заминда яшовчи қадимги эроний тилларда сўзлашувчи туб жойли халқларнинг Жанубий Сибир, Олтой, жанубий-шарқий Ўралорти, Шарқий Туркистон ва Еттисув вилоятларида яшавчи туркий қабилалар билан алоқалари, яқинлашиш жараёнлари жадаллашади. Натижада, милоддан аввалги III – асрдан бошлаб Сирдарёнинг ўрта оқими районларида туркий тилда сўзлашувчи янги этнос вужудга кела бошлайди. Милодий эранинг бошларига келганда бу янги этнос сон жиҳатидан кўпайиб, Ўрта Осиёнинг икки азим дарёлари оралиғида ва уларнинг теварак-атроф районларида ўз устунлигини таъминлайди ва улар алоҳида қанғар элати бўлиб шаклланади. Ана шу элат бирлиги асосида таркиб топган сиёсий уюшма, яъни ўзбек давлатчилик тизимининг бошлангич куртаги мана шу Қанғ давлати эди.

Қадимги манбаларда Қанғ давлатининг қандай идора қилинганлиги, давлат тузилиши қандай бўлганлиги тўғрисида маълумотлар етиб келмаган. Аммо, тўнғич Хан сулоласи тарихида (милоддан аввалги II-I асрларда) Кангуй подшоси ўз оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб иш тутиши ҳақида эслаб ўтилади. Осиёча ишлаб чиқариш принциплари асосида ташкил топган Қанғ давлатида оқсоқоллар кенгаши катта рол ўйнаган. Бу кенгашда қабила бошлиқлари, ҳарбий саркардалар фаол қатнашиб, муҳим давлат аҳамиятига молик масалалар ҳал этилган. Подшо ҳокимияти маслахат мажлиси (анчумана) билан ҳамнафасликда иш юритган. Бундай бошқарув услуби тарихда ҳарбий демократия принциплари асосида ташкил топган давлат тизими деб ном олган.

Қанғ давлатига қарашли ерлар бир неча вилоятлардан ташкил топган эди. Улар агар чорвадор қабилаларга тегишли минтақалар бўлса, уларни бошқариш жабғу (ябғу)ларга топширилган. Қанғ ҳоконлари мамлакатни ана шу жабғуларга таяниб бошқарар экан, улар, одатда, ҳоконларга яқин кишилардан, уларнинг қавму-қориндошларидан, йирик уруғ ва қабила бошликларидан тайинланган. Қанғ давлати таркибида бўлган ўтроқ аҳоли вилоятларини бошқариш эса маҳаллий ҳокимликлар тасарруфида қолдирилиб, улар ҳокон томонидан тайинланган тудунлар назоратида марказий ҳокимиятга мунтазам равишда солиқ (бож) тўлаб турган. Ана шундай тобе вилоятларга қадимги Хоразм, Суғд вилоятлари, Ўрол тоғолди районлари (аланлар, ян қабилалари) кирган.

Қадимги Хитой манбаларида Қанғ давлатининг чегаралари аниқ кўрсатилмасада, аммо, милоддан аввалги II- асрда Қанғ давлати Довоннинг шимолий-ғарбида бўлганлиги эслатиб ўтилади, яъни “Кангуй Даван билан чегарадош” дейилган. Милодий I-III асрларга оид кичик Хан сулоласи тарихида эса Шарқий Туркистон вилояти шимолда “канғуйлар билан чегарадош” дейилган. Хитой элчиси Чжан Цян берган маълумотларда ғарбий меридионал йўли ҳақида гап кетганда, бу йўл аввал Давандан, сўнгра Кангуйдан ўтиб, Янцай (аланлар) ерига ўтиб боради, дейилган. Хитой манбаларига кўра, Қанғ давлатининг асосий ерлари Тошкент воҳаси, Жанубий Қозоқистон , Талос водийси, Чу дарёсининг қуйи оқимлари, ундан то Сарисув дарёсигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган. Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар “ асарида ёзилишича Қанғ давлатининг пойтахти иккита бўлган. Манбада ҳабар берилишича, Кангуйнинг пойтахти Битьянда бўлган дейилади. С П. Толстов уларни дастлаб қадимги Хоразмдан қидирди. Аммо, ёзма манбаларни археологик ёдгорликлар билан қиёсий ўрганиш натижасида олимлар Битьян (Қанғдиз) Хоразмда эмас, балки Тошкент воҳасида жойлашганлигини исботладилар. Дарҳақиқат, Қанғ давлатининг қишки пойтахти сифатида Битьян айнан Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Канкатепа шаҳар ҳаробаси эканлиги аниқланди.

Канка, яъни қадимги Қанғдиз (Битьян) қадимги ипак йўли йўналишида жойлашган, милоддан аввалги III- асрда қад кўтарган йирик шаҳар бўлиб, унинг бизгача сақланиб қолган майдони 150 га. Унинг атрофи мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Шаҳар майдонида Қанғ ҳоконининг ўрдаси, шаҳар ибодатхонаси, савдо-сотиқ ва хунармандчилик мавзелари, йўллар, хавузлар, бозор майдонлари, турор-жой массивлари очиб ўрганилган. V аср ўрталарига келиб Қанғ давлати парчаланиб кетади, Канка эса энди Чоч маликларининг пойтахти бўлиб қолади. Бундай хулосага келишга гувоҳлик берувчи қўлимизда ашёвий далиллар бор, яъни Канкадан V асрга оид Чоч маликаларининг расми туширилган тангалар, лойга Чоч маликаларининг суръати босилган буйумлар топилган. Хитой манбаларида Қанғ давлати ҳоқонларининг қишки пойтахти Битьяндан бошқа ёзги қароргоҳи ҳам бўлган дейилади. Қанғ давлатининг ёзги қароргоҳи манбаларда эслатиб ўтилган Тарбанд (ҳозирги Ўтрор шаҳри ҳаробаси) шаҳри эди. Тарбанд топоними VIII асрга оид туркий тош ёзувида “Қанғу-Тарбанд” деб эслатилади.Тарбанд (Ўтрор) Қанғ давлати парчаланиб кетгач (V аср ўрталари), Чоч давлатининг таркибида қолади.

Шундай қилиб, Қанғ давлатининг иккита маркази бўлган. Улардан бири Канка (Қанғдиз) бўлиб, у Тошкент воҳасида, Сирдарёга яқин ерда жойлашган. Бу шаҳар археологик тадқиқот натижаларига кўра, милоддан аввалги III – асрда бунёд этилган бўлиб, у Қанғ подшоларининг доимий қароргоҳи бўлган. Арис дарёсининг куйи оқимида жойлашган Ўтрор (Тарбанд) эса Қанғ давлати ҳоқонларининг ёзги қароргоҳи бўлган. Қадимги Хитой манбаларида қанғарларга қарашли 5 та вилоят тилга олинади. Улар Сусие, Фуму, Юни,Ги, Юеган бўлиб, бу номлар Хитой тарихчилари томонидан берилган маҳаллий номларнинг хитойча таржималаридир. Тарихий жойлар ва шаҳарлар номларини хитойлаштириш (шундай ҳолат юнон тарихчиларида ҳам учрайди) хансуларга хос улуғ Хитой шовинизмининг асосий мақсади эди. Афсуски, маҳаллий номлар бизгача етиб келмаган. Улар ҳақидаги маълумотлар хитойча ном билан қадимги хитой манбаларида учрайди.

Милоддан аввалги I аср ўрталарида тўнғич Хан сулоласига мансуб Хитой императорлари буюк ипак йўлининг барча бўғинларида ўз назоратини ўрнатиш мақсадида аввало ҳунларни, сўнгра усунларни ўзига бўй сундириш йўлида сиёсат юритадилар. Милоддан аввалги 59 йилга келиб, улар Тяншан орқали ўтган шимолий йўлнинг Ёркентгача бўлган қисмини эгаллайдилар. Худди шу кезларда усун ва ҳун муносабатлари кескинлашган эди. Бундан фойдаланган Хитой усунларни ўзига иттифоқчи қилади. Қанғарлар эса ҳунлар билан иттифоқда бўлиб, усунлар устига қўшин тортиб боради. Натижада Хитой-Кангуй муносабатлари янада ёмонлашади. Чунки бу адоват милоддан аввалги II аср охиридан бошланган, яъни Қанғ давлати ўз ташқи сиёсатида Хитойнинг Довонга уюштирган (милоддан аввалги 104 ва 101 йиллар) ҳар икки юришида Довонга мадад бўлиб турган. Милоддан аввалги 65 йилги Ёркент қўзғолончиларига ҳам қанғарлар ёрдам қиладилар. Ўша кезларда қанғарларга халқаро майдонда оғир йиллар бўлди. Кейинроқ қанғарлар билан хунлар ўртасидаги дўстлик иттифоқига зил кетади. Бунга ҳун ҳукмдорининг парфянлар билан дўстлик аҳдини тузилиши сабаб бўлади. Чунки парфянлар билан қанғарлар ўртасидаги алоқа ёмон эди. Натижада ҳунлар қанғарларнинг ашаддий душмонига айланади. Энди қанғарлар Хитойга яқинлашиш йўлини ахтаради. Аммо, Кангуйга келган Хитой элчисига кўрсатилган муносабатни эслаб, Хитой сийсатдонлари Хитой-Қанғ ўртасида дўстлик алоқаларини тиклашга йўл қўймайдилар. Ҳатто улар қанғарларнинг ҳунлар билан иттифоқини ҳам бузишга муяссар бўладилар.

Хитой императорларининг қанғарларга нисбатан ташки сиёсатининг заминида қудратли Қанғ давлатини халқаро мавкеини заифлаштиришга қаратилган эди. Буни яхши тушунган қанғар аслзодалари хитойликларнинг босқинчилик ташқи сиёсатига доима қарши турадилар. Милодий асрнинг 80 йилларида Хитой қўшинлари Қанғ ва Довонни эгаллаш учун юриш бошлайди. Довонликлар Қанғ подшоларига ёрдам сўраб мурожат қиладилар. Қанғ ҳарбий қўшинлари душманни Қашғарда кутиб олади ва орада қаттиқ жанглар бўлади. Жангда қанғарларнинг қўли баланд келади. Саросимага тушган Хитой дарҳол ёрдам сўраб кушонларга чопар юбаради. Ҳудди шу кезларда қанғарлар кушонларга хирож тўлар эдилар. Ушбу мажорага кушонлар аралашгач, қанғарлар Қашғарни ташлаб чиқиб кетадилар. Хитой эса шармандаликдан қутилиб қолади. Биринчи асрда қанғарлар Бухоро ва Хоразмни эгаллайди. Аммо, бу вилоятлар тезда Қанғ давлати таъсиридан чиқиб, Кушон салтанати таркибига ўтади. Ғарбда эса қанғарлар Парфиянинг кучсизланиб қолишидан фойдаланиб, Янцайни (аланлар юртини) эгаллайди.

Қанғ давлатини иқтисодий ҳаётига келсак, Хитой тарихчиси Си Ма Цян уни кўчманчилар давлати деб ёзади. Аммо, милодий эранинг бошларига оид тўнғич Хан сулоласининг тарихида кангуйларни ўтроқ халқ эканлигига ишора қилинади. Кангуйларда қора мол ва қўйлар кўп бўлган, улар зотли отларни кўплаб етиштирганлар,чорва молларининг кўпчиллиги Қанғ подшолари ва уларнинг яқинларига қараган, деб эслатилади Хитой манбаларида. Шунинг учун бўлса керак, Қанғ ҳоқони ва унинг уруғлари баҳор келиши билан қишки қароргоҳдан ёзги қароргоҳга кўчиб юрган. Чорваси кам овам аҳоли эса воҳадан чиқиб кетаолмаган. Бу вазият қанғарларнинг қамбағал қисмини ўтроқ ёки ярим ўтроқ ҳаёт кечиришга мажбур этган. Хитой манбалари таҳлилига асосланган бундай хулосалар қовунчи ва жети асар маданиятлари ёдгорликларида олиб борилган археологик тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланади.

facebook.com