Ўзбек турса ўзиб кетаверади

Ўзбек турса ўзиб кетаверади
28 views
02 May 2019 - 9:17

IV.Холис ҳуқуқий таҳлил
Ўзбек турса ўзиб кетаверади

Вазиятни тўғри баҳолаш, нима қилиш кераклигини аниқлаш ва тўғри хулоса чиқариб пешқадам бўлиб кетиш ўзбек халқининг фазилати.

Ўзбекнинг бу фазилатини аслан яҳудий, совет руҳшунос олими Лурия 1930 йилларда юртимиз қишлоқларини кезиб амин бўлганини қайд этади.

Мисоллар келтираман.

Россияда пролетар зўравонлиги (диктатураси) ўрнатилиб оч-наҳор қолган бир тоифа юртимиз бойликларини талон-тарож мақсадида, бир тоифа қардошларимиз учун биздан ўч олиш пайида юртимизга кириб келади. Қатлиомлар уюштиради.

Ўзбек зиёлилари эса айни шу пайтда вазиятни тўғри баҳолаб қирққа яқин ўғил-қизларни Германияга дунёвий илмларни эгаллаш учун юборади.

Фавқулодда вазият!!!

Мамлакат биродаркуш уруши билан банд пайтида ўзбеклар илм олиш учун фарзандларини Германияга юборишяпти!!!

Миллат ичқоралари ўзбекларнинг бу пешқадамлигини ўн йиллардан сўнг англаб етадилар ва ўша ўсмир-қизларнинг деярли барчасини ўлдириб юборадилар. Адашмасам, ҳомиладорлиги учун Хоразмлик шифокорликка ўқиган қиз, тасодифан омон қолади.

Лекин тиниб тинчимас ўзбеклар энди санъатда пешқадамлик қила бошлайдилар. Марғилонлик уста Олим Комилов ва Тамарахоним 1935 йилда Лондонда чиқиш қиладилар. Бир парча терида шунақанги ажойиб мусиқа чалган уста Олим Комиловнинг гипсга муҳрланган қўли нусхаси ҳозиргача Лондон музейида сақланади. Бу фармойишни уларга фестивалнинг олтин медалини таққан Англия қироличаси Мария Ложалон берган эди.

Аммо, миллат душманлари 1937 йилги репрессиялар давридан унумли фойдаланади. Ўзбекнинг энг илғор ойдинлари қатл қилинади. Ўзбекнинг ори-номуси, бобоси Амир Темур ҳақоратланиб, унинг жасади ковланиб, бош чаноғи бир таҳоратсизнинг уйига олиб кетилади. Мана шундай ваҳшийликка қарши турадиган биронта зиёли қолмайди. Аммо, Францияда Марсель Брион Амир Темур номини улуғлаб, унинг руҳини шод этади.

Сиёсий жабҳада йўқсиллар зулмига қарши турадиган сиёсий куч йўқотилгач, «ўзбек ўлди, хонавайрон бўлди» деб турганда ўзбек сиёсатчиси Усмон Юсупов Сталиннинг қаттол тизимидаги хатоликни бартараф этиш учун репрессиялар оқимини буриб юбориб Катта Фарғона канали ва шу кабиларни ҳашар йўли билан қуриш эвазига қишлоқ хўжалигини гуркиратиб юборишга ҳисса қўшади.

Икки синф маълумотга эга Усмон Юсупов одамларни қамоққа ташлаш, ўлдириш эмас балки уларни ишлатиш, мамлакатда бунёдкорлик фисқу-фужурдан устун эканлигини Фиръавн – Сталинга кўрсатиб беради. Шу сиёсат орқали минглаб кишиларни қамоқ ва сталин лагерларидан сақлаб қолади.

Уруш бошланганида яна ўзбеклар меҳр-саҳоват бобида собиқ СССРнинг барча халқларидан кўра саҳоватли, ҳурматга сазоворлигини, пешқадамлигини намоён этади. Фронтни озиқ-овқат билан таъминлаб минглаб қочқинларга бошпана бериб фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшадилар.

Киносанъатида энг катта ютуқ бевосита афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов буюртмасига асосан олинган, Усмон Юсупов бош-қош бўлган «Тоҳир Зуҳра» фильми Германияда 1945 йилда аншлаг бўлиб томоша қилинган.

Уруш тугагач ўзбек санъати яна лоп этиб ярқин нур сочиб юборади. СССР биринчи марта дунё миқёсида 1957 йилда Халқаро ёшлар ва талабалар VI фестивалини ўтказади. Бу тадбирда дунёнинг 131 мамлакатидан 34.000 та иштирокчи қатнашади. Фестиваль сиёсийлиги маълум. Шунинг учун фольклор санъатида ким биринчи ўринни олганини билмайман. Аммо, ҳақли равишда 2-ўрин Ўзбекистонлик ёшларга берилади. Ўшанда ҳеч қаерда ўқимаган бу ёшлар (Марьям Ихтиёрова, Гулсара Ёқубова ва бошқалар) Ўзбекистонга қайтиб келгач тўғридан-тўғри ишга олинган, ўқишга қабул қилинган эканлар.

Комилжон Отаниёзов чет эл, адашмасам Туркияда қўшиқ куйлаганда унинг томоғида товуш кучайтиргич қўйилган деб оғзини текшириб кўришган дейишади. Маъмуржон Узоқов ва яна юзлаб истеъдодлар ўзбекларда қандай истеъдод соҳиблари борлигини намоён этдилар.

Аммо, уларнинг деярли барчаси темирчи босқони ёнида тургандек, иғво, фисқ-фужур ва туҳматлар остида қолиб том маънода дунёга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлиб яшадилар.

Ҳозир камми шундай истеъдодлар?

Йўқ!

Уларни дунёга чиқариш учун нима қилиш керак?

Аввало, сталинизмдан қолиб кетган, онг-у шууримизни эгаллаб олган ҳасад ўтидан қалбимизни тозалайлик. Қўшиқча ва клипмейкерлар ашулангиз дунё миқёсига чиқишига асосий сабаб бўлган ШОИРни ҳурматини жойига қўйинг. Бировларнинг ғоя ва матнларини уларнинг розилигисиз олманг – бу ўғирлик. Биринчи НУР – ашула ёзган муаллифдан пайдо бўлган. У билан биргаликда ижод қилиб, янада чиройли матн чиқиши учун манманликдан воз кечинг. Оператор, дизайнер, мусиқачиларнинг ҳам кимлигини омма билсин. Бу гап кинорежессёрларга ҳам тегишли.

Ҳурматли ўқувчи нега лавҳа номи «Ўзбек турса ўзиб кетаверади?» бўпти деб ҳайрон қолиши мумкин. Гап шундаки Расули Акрамдан келган ҳадисда «Насронийлар кўп қоқиладилар, аммо тез туриб кетадилар.

Умматим бир қоқоилса туриши қийин» деганларидан олинди.

Ўзбегим энди ўрнингдан тур! Излан, ижодий меҳнат қил!

Дунёни эгаллашингда сени илм, адабиёт, тарих, мусиқа, санъат йўлингга мунтазир! Аммо, бу ишларнинг бошида меҳр-оқибат, олийжаноблик ва саҳоват туради.

Давоми бор

Анвар Шукуров