400 минг доллар пора олганликда айбланиб судланаётган ҳоким унга қарши ишни ДХХ махсус уюштирганини айтди

400 минг доллар пора олганликда айбланиб судланаётган ҳоким унга қарши ишни ДХХ махсус уюштирганини айтди
24 views
02 May 2019 - 9:37

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, тадбиркордан 400 минг доллар пора олаётганда қўлга тушгани хабар қилинган Юнусобод туман собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов 1 май куни ўтган суд жараёнида ўзига нисбатан жиноят иши Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари томонидан уюштирилганини иддао қилган.

«Бир нарсани айтишни хоҳлайман. Жиноят иши қўзғатилишидан бошлаб саккиз ой давом этган турли ҳаракатлар, айниқса тергов ҳаракатларигача, — буларнинг барчаси „коррупцион сенсация“ учун қасддан Давлат хавфсизлик хизматининг айрим собиқ раҳбарлари томонидан амалга оширилди. Бу менинг тахминим», — деб иқтибос келтиради Бахтиёр Абдусаматов сўзларидан “Газета уз”.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Абдусаматовнинг бу иддаосидан олдинроқ, Тошкент прокурори ёрдамчиси Сардор Аҳмедов собиқ ҳокимдан пора олиш тўғрисидаги айбловни олиб ташлаш тўғрисида судга даъво киритган.

Судланувчининг адвокати Тимур Раҳматуллаев қўлга олиш жараёнида кўплаб қонунбузарликлар бўлганини, гувоҳлар “адолатсиз сўроқ қилингани ва пора олингани тўғрисида далиллар мавжуд эмаслиги”дан келиб чиқиб Абдусаматовни оқлашни талаб этди.

43 яшар Бахтиёр Абдусаматов 2018 йилнинг 7 сентябрида сармоядорга ер майдони ажратиб бериш эвазига 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаëтган пайти ДХХ тарафидан қўлга олинган эди. Унга нисбатан суд жараёни апрель ойида бошланган.

ЎХҲ ахборот бўлими