Адолат бўладими ё йўқми

Адолат бўладими ё йўқми
41 views
02 May 2019 - 10:30

Тўғриси, мен бундай куюнчакли ва жасоратли муносабатни мени яқиндан таниган, менга озми-кўпми устозлик қилган, ҳукумат қошида сўзи ҳам, обрўйи ҳам баланд бўлган кекса адиблардан, ижодга ёнма-ён ва орқама-кетин кириб келган қадамдош қаламкаш дўстларимдан, бир пайтлар икки гапининг бирида “устоз”-“устоз” деб теварагимда юрган укаларимдан кутган эдим. Афсус, ҳаммаси бир чеккаларда пусиб юрибди!

Оллоҳ ҳикматли Зот, У менинг қўлловимга кутилмаган ёқдан янги топганим чинакам Дўстни – ўтюрак адиб Каримберди Тўрамуродни юборди! Раҳмат сизга! Оллоҳ сиздан рози бўлсин!

Ёзганларингиздан шижоатландим.

“Мана мен, айбим бўлса, зулмга тўймаган бўлсанг, қама ёки отиб ташла! Олсанг, жонимни оларсан, номимни ёки шонимни ололмайсан-ку барибир!..” деб ИИВ ёки ДХХ “коттакон”ларининг олдига боришдан бошқа чорам қолмади ҳам.

Бугун ҳурлигимнинг “эгаси” булар бўлиб тургани билан жонимнинг Эгаси бошқа, ҳарҳолда! У менга раво кўрганни “Хуш келибсан!” деб қабул этаман.

Сабрнинг пичоғи томоққа тақалди ўзи! Адолат бўладими ё йўқми!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

———————-

Каримберди Турамурод:

Яшнобод деган жой Ўзбекистонга қарайдими?

Устоз адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулла Отахонов) дардга тўла бир мақола эълон қилибдилар.

Ўқиб, менинг ҳам юрагим дардга тўлди.

– Наҳотки?! – деб юбордим.

Кўнглимга келгани ҳам шу бўлди: Наҳотки Яшнабодда “27 йиллик” ҳали тугамаган, ҳали ҳам давом этаётган бўлса? Ахир Президентимиз Ш. Мирзиёев адолатли бўлишни талаб қилаяпти-ку? Ички ишлар идоралари тугул судлардан ҳам, ҳатто 27 йил судларни ўйнатган хавфсизлик хизматидан ҳам адолатни талаб қилаяпти-ку? Наҳотки, Яшнобод туман ИИБ ходимларининг Президент қарорларини писанд қилмасликка ҳадди сиғади?

Нега улар бир ярим йилдан бери Нуруллоҳ домладан олиб қўйилган буюмларни қайтармайди? Мелиса дегани ўзи жоҳил бўлади. Аммо наҳотки бирор раҳбари ёзувчининг асосий иш қуроли бўлган ноутбукини олиб қўйиш уни қўлсиз, оёқсиз қилиб қўйишини тушунмаса? Ахир шу ноутбук бир жойни портлатиши мумкин бўлса, бир ярим йилдан бери Яшнобод туман ИИБнинг кулини кўкка совуриб бўлар эди-ку?

Мен ёзувчиман! Мен тушунаман Нуруллоҳ домланинг аҳволини! Бошлаб қўйган асаримни давом эттиролмай қолсам, айтайлик, биров тортиб олиб, кейин қорасини кўрсатмаса, мен жинни бўлиб қоламан! Чунки менинг, ички ишлар ходимида бўлгани сингари, қўшимча даромад манбаим йўқ. Ақалли томорқам йўқ. Фақат ёзганимнинг ҳисобига кун кўраман! Нуруллоҳ домла ҳам шундай.

2016 йилда ўша Яшнобод туман ИИБ десанти домланинг уйидан юк машинасида эскию янги газета-журналлар, китоблар, қўлёзмаларни олиб кетишган экан. Наҳотки Яшнобод мелисалари уч йилдан бери домланинг уйидан олиб борилган газета-журналларни ўқиб бўлишмаган бўлса? Аслида, домла ўқиган нарсаларни улар ҳам ўқишганида бу тизимдан бўшаб кетиб, бошқа бирор касбнинг бошини тутган бўлишарди. Камига домланинг ўз буюмларини сўраб қилган беҳисоб талабларига бир оғиз ҳа ёки йўқ деб жавоб беришмас экан. Тавба, Яшнобод туман ИИБ ходимларининг тиллари тортилиб кетмаганми?

Ҳалиям домла оғир, босиқ одам экан. “Бундай озод юрганимдан кўра, қамоқдан чиқарилмаганим яхшимиди, деб юбораман баъзан. Очиқликдаги ҳиссий-руҳий қамоқдан қамоқхонадаги руҳий-ҳиссий озодлик енгилроқ кўриниб кетади кўзимга!” деб ёзибдилар. Мен бўлганимда ўша туман ИИБ олдига бориб, бошлиғини чақириб, “Мен беайб бўлсам, бер нарсаларимни! Айбдор бўлсам, отиб ташла-е, баччағар, от!” деб кўкрагимни ялонғочлаган бўлардим.

Тавба-тавба! 2017 йил 27-сентябрида Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни аэропортдаёқ қўлига темир тақинчоқлар тақиб кутиб олган Яшнобод туман ИИБ “каттакон”лари домладан олиб қўйилган тарихга оид китоб, китоб шаклидаги ўтган аср газет-журналлари, домланинг туркчаси “Köytüdeki Külübe” бўлган “Этакдаги кулба” китоби (унинг ҳикоялар эканини билишмагандир ҳам, ДЭО га оид адабиёт деб ўйлашгандир…) ва ноутбукини ҳалигача қайтармасликларини нима билан изоҳлашар экан?

Зарарли деб топишга ақллари етган бўлса, нега “Бу нарсалар зарарли экан, ёқиб юбордик”, дея олишмайди? Мабодо зарарли бўлмаса, нега “Олинг-э, матаҳингизни!” деб қайтариб беришмаяпти? Нима қилишга ақллари етмаса, нима қилишарди олиб?

Масалан, мен ўша туман ИИБ “каттакони” бўлсам, домланинг нарсаларини қароримни асослаб ёқиб юбориб қутулардим ё эгасига қайтариб. Аммо йиллаб ишхонамни ҳам танг қилиб, бировнинг нарсаларини сақлаб юрмасдим. Ўзимнинг ақлим етмаса, вилоят “каттакони”дан, унинг ҳам саводи етмаса, республика миқёсидаги “каттакон”дан, унинг ҳам зеҳни олмаса, Америка Марказий Разведка Бошқармасидан консультация олиб (улар бир қарашда билишарди, бу нарсалар ушлаб туришга арзимайдиган нарсалар эканини), ишни бир ёқли қилардим.

Энг ёмони, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ўзи ва оила аъзоларига тегишли кўп ҳужжатларни, аждодларига, оиласига тегишли қимматли маълумотлар, хотираларни, мухлислари ва адабиёт аҳли билан бўлган ёзишмаларини, нодир асарлардан кўчирмаларини, архив ҳужжатларини, келгусида ёзадиган асарларига тўпланган хомаки материалларни, энг муҳими, умри давомида ёзган асарлари – ҳикоялар, қиссалар, киносценарийлар, мақолалар, адабий-илмий суҳбатлар, долзарб интервюларини, янги ёзилаётган, ҳали битмаган қисса, роман ва ҳикоялари ва қораламаларини ўша ноутбукда сақлаб келган.

Ана энди Яшнобод туман ИИБ бошлиғининг бир варақ ҳисоботини олиб қўйиб, вилоят “каттакони”нинг олдига олиб киринг-чи, аҳволи нима бўлар экан?

ИИБ бошлиғи ноутбукдаги нарсалар нима эканини, унинг қадри, қимматини ИККИ ДУНЁДА ҳам билмайди, тушунмайди, тушунмай ўтиб ҳам кетади бу дунёдан! Буни фақат ёзувчи билади, ижодкор англайди.

Ёзувчининг чала асарларини ундан олиб қўйиш – ФОЖЕА!

Бу ёзувчини кўриб, билиб туриб ЎЛДИРИШ!

Бу ошкора ҚОТИЛЛИК!

ИИБ “каттаконлари” Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон домлани ё отиб қўя қолишмагани ёки оқлаб юбормаётганликлари боис домла аросатда қолибдилар.

Бу мавҳумлик “менинг ҳаётимга, ёзувчилик ишларимга катта тўсиқ бўлиб турибди: одамлар мендан ўзини олиб қочади, ташкилотлар мен билан очиқ муомала қилишга ҳадиксирайди, мени биров ишга олмайди, асарларим матбуотда босилмайди, китобларимга нашриётлар харидор бўлмайди, …” деб ёзибдилар домла.
ИИБ “каттакони” бир ярим йил эмас, бир ой ишсиз қолдирилса, билар эди, бунақа ўтиришнинг, бунақа мавҳумликнинг нималигини.

Мана бу сатрлари эса, ўқиб кўзимга ёш келди: “Кексалик нафақасидан бошқа тирикчилик манбаим қолмади. … киракашлик қилаяпман”.

ИИБ “каттакони” бир ойгина киракашлик билан рўзғор тебратса, домланинг аҳволига салгина тушунарди балки!

Яшнабод тумани ИИБ “каттакон”лари! Сизлар Худо ёки Азроил эмассизлар!

Бир куни ўша “каттакон”лигингиздан ҳам тушасиз, креслога илдиз отмагандирсиз?

Бир куни Аллоҳнинг олдида мўлтирабгина, қилган гуноҳларингизга бериладиган жазо нима бўлишини кутиб туришингиз ҳам бор!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Қиёмат куни ёқангизни қўйиб юбормасдан, Аллоҳдан жазонгизни талаб қилиши ҳам бор! Ўша кунни унутманг, унга кўп қолгани йўқ!

Ўша кунда азобим қаттиқ бўлмасин, десангиз, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондан кечирим сўраб, унинг буюмларини қайтариб беринг!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон жиноятчи бўлса, уни отиб ташланг!

Аммо унда кейин мени ҳам, яна ўнлаб уйғоқ фикрли ижодкорларни ҳам, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни ўзига устоз санаб юрган юзлаб ёшларни ҳам, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг асарлари туфайли кўзлари очилиб қолган, ҳақиқатни англаб етган минг-минглаб ўзбекларни ҳам отиб ташлашингизга тўғри келади?

Ҳаммамизни отиб ташлашга ўқингиз етармикан?

Уйғонинг, “каттакон”! Яшнабодни билмайман, аммо Ўзбекистонда “27 йиллик” ўтиб битди! Энди халқ ҳам сизларнинг назарингиздаги “қўйлар отари” эмас! Халқ қўзғалмасин, бир қўзғалса, сизни Яшнабоддаги капангиз билан қўшиб суриб юборади!

Эсингиз борида этагингизни йиғиштиринг!

Охирида билдириб қўяй, билмассиз, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон домла эшон ва Пайғамбар алайҳиссалом авлоди, шундай одамнинг кўнглини оғритган одам икки дунёда хор бўлади, улар қарғаса, бошингизга бир бало келади ва бало сизга урмаса, бола-чақангизга уради, албатта, урмай қолмайди! Наслингизни ўйланг, ўзингизга ичингиз ачимаса, ўшаларга ачисин, уларни эҳтиёт қилинг!

Бу бир эслатма эди, олсангиз, Аллоҳ гуноҳларингизни кечириб, охиратдаги ҳисобингизни енгил қилсин! Олмасангиз, дўзах азобларини ўзингиз танлабсиз, дўзах сизга муборак бўлсин!