Ўзбек тилини замонавий илм-фан тилига айлантириш ҳақида ўйлашимиз керак

Ўзбек тилини замонавий илм-фан тилига айлантириш ҳақида ўйлашимиз керак
27 views
04 May 2019 - 13:25

Мен Россия билан ҳамкорликка қаршимасман. Қайтага, кучайтириш керак. Биринчи навбатда, иқтисодий ҳамкорликни. Масалан, Сибирь дарёларини Оролга буриш лойиҳасини қайта тирилтириш керак.

АЭС лойиҳаси баҳсли, чунки дунё яшил энергияга ўтаяпти. Ўзбекистонда қуёш энергияси лойиҳаларига биринчилик берилиши керак. АЭС лойиҳасини сиёсий, деб биламан. 20 йиллик лойиҳа, шунчаки Мирзиёев Россияга ён берди, деган фикрдаман.

Бу 20 йил ичида Россия ҳам ўзгариши табиий. Мен рус тилига ҳам қаршимасман. Аммо бугунги Путин Россиясида рус тили, биринчи навбатда, бу «Крымнаш»лигини яхши биласиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда рус тили масаласининг СИЁСИЙ КУН ТАРТИБИГА ОЛИБ ЧИҚИЛИШИГА қаршиман.

Ўзбекистонда қайсидир тилга расмий мақом берилиши керак бўлса, бу фақат ва фақат ўзбек тили. Рус тили шундоқ ҳам миллатлараро мулоқот тили вазифасини бажариб келяпти. Давлат даражасида рус тилининг ривожланишига қаршилик йўқ, бутун ўзбек элитаси рус тилида гапиради, қонунларимиз рус тилида ёзилади. Россия технологиялари ҳақидаги гапингизга қўшилмайман.

Чунки Россия технологик жиҳатдан қолоқ ва хомашё давлати. Бизни эса ўзидан ҳам қолоқ ва хомашё базаси сифатида кўради. Ва бунга асослари бор. Бу қолоқликдан қутулишнинг йўли Россияга қарамлик эмас, Европа ва ғарбнинг илғор технологияларини ўзлаштириш.

Бу албатта хорижий тилларни ўрганиш билан бўлади. Рус тили ҳам инглиз ва бошқа тиллар қаторида хорижий тиллардан биттаси, холос. Қайтага, рус тилига расмий мақом берайлик, деган гаплар ўтган асрда қолиб кетган гаплар, деб биламан.

Рус тили Евросиёдаги энг йирик тил, дунёда 300 млнга яқин одам гапирадиган бой тиллардан биттаси. Буни ҳеч ким савол остига олаётгани йўқ.

Рус тили сиз билан менга ўхшаган ўзбекнинг болалари қайғурмаса ҳам, йўқолиб кетишга маҳкуммас. Аммо бизнинг она тилимиз ривожланмай қолиб кетиш эҳтимоли бор.

Шунинг учун рус тилига расмий мақом беришдан кўра, ўзбек тилини замонавий илм-фан тилига айлантириш ҳақида ўйлашимиз керак. Ўзбеклар Россияда учинчи катта миллатга айланишига мен шубҳа қилмайман.

Бу демографик прогноз. Келажакда рус тилининг Ўзбекистондаги статуси эмас, балки Ўзбек ва бошқа шарқ халқлари тилларининг Россиядаги статуси актуалроқ бўлади, деган фикрдаман.

Ва бу келажак унчалик узоқмас.

Pahlavon Sodiq