Она тилим-ғурурим, орим

Она тилим-ғурурим, орим
23 views
04 May 2019 - 20:09

ОНА ТИЛИМ-ҒУРУРИМ, ОРИМ

“Бизни одам қилган русларга рахмат айтмасак, худо уради”, деган сўзларни синчиклаб, қайта-қайта ўқидим. Ўйлаб қолдим. Биз киммиз? Хоразмий, Беруний, Навоий, Амир Темур, Бобур зурриёдларимиз. Қонимиз, жонимиз, тилимиз бир томирдан унган. Бу рўйи заминга, дунёга улуғ боболарнинг авлоди бўлиб киндик қонимиз тўкилди. Биз қачон одам бўлмабмизки оламни титратган Амир Темур бобомизни фахр, ғурур ила бутун дунё тан олган, биз қачон одам бўлмабмизки Хоразмийнинг, Берунийнинг кашфиётларидан бутун дунё фойдаланишаётган бўлса, биз қачон одам бўлмабмизки Бобурийлар сулоласи бутун Ҳиндистоннинг маънавияти, маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшган бўлса, биз қачон одам бўлмабмизки Алишер Навоийнинг асарлари етти иқлимда таржима қилиниб, қўлма-қўл ўқилса. Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” тиббиёт оламининг таянчига айланган бўлса. Халқ орасида шундай нақл бор “Элдан узилмаган одам тилдан ҳам айрилмайди”. Демак юқоридаги сатрлар эгаси ҳам элидан ҳам тилидан жудо бўлган экан, шундай тутруқсиз сўзларни қатъият билан гапириб қўйибди. “Сатрлар эгаси” тарихни ўқимаган кўринади.

А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин” романида бош қахрамон Татьяна ўз тилини яхши билмаганлиги учун севган йигитига француз тилида хат ёзади. Бу юқори табақа зодагонлари орасида кенг тарқалган одат эди. Ватанпарвар тарихчи адиб Н.М.Карамзин бу одатга қарши қуйидаги сўзларни ёзади: “Бизнинг зодагонлар рус билан русча гаплашмасдан нуқул бузуқ француз тилида сўзлашишади. Яхши жамият деб аталган юқори табақамизда француз тилини билмасангиз кар ва гунгга ўхшаб қоласиз…Уят эмасми?…Рус тилида француз тилидагига нисбатан уйғунлик кучли. Бизда ўз ҳаётимизни ифодалайдиган сўзлар француз тилидагидан кўпроқ”.

Чиндан ҳам ҳар бир тилнинг бетакрор сўзлари, атамалари шу тилни яратган халқининг ҳаёт тарзини, тарихини, турмуш шароитларини, психологиясини ифода этиш эҳтиёжидан туғилади. Келтирилган далиллар асносида бошқа тиллар орасида бўлгани каби ўзбек тилининг ҳам ўз умумий қоуниниятлари мавжуд. Ҳар бир тилнинг қудрати шу тилни яратган халқнинг ўзи билан яшасагина бу тил юксалади. Ўз халқидан, заминидан ажралиб қолган тил ўз қудратини, бойлигини йўқота бошлайди. Демак тил борки эл бор. Дунё тарихиган назар ташласангиз, қайси мамлакатда миллий тил давлат тилига айланган бўлса ва шу тилда ҳаққоний тарихий асарлар яратилса ўша жойда тараққиёт тезлашиб боргинини кўрасиз. Зеро тил миллат бойлиги, ғурури, номус, оридир. Уни топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

Умида Нурзода