“Давлат тили” ҳақидаги қонун нега ўзгартирилган?

“Давлат тили” ҳақидаги қонун нега ўзгартирилган?
80 views
05 May 2019 - 11:39

1995 йил 21 декабрь куни 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлаган.

Жумладан, “Давлат тили” ҳақидаги қонуннинг 4-моддаси ҳам ўзгартирилган.

1989 йилги ҳолатига кўра, унинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ишловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун республика давлат тилини етарли даражада билишлари шарт.

Ўз фаолиятига кўра аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шахслар хизмат вазифасини бажариш учун давлат тилини зарур бўлган даражада билишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини билмайдиган гражданларга республика давлат тилини бепул ўргатиш ва ўқитишни таъминлайди” деб ёзилган бўлса, 1995 йилда ўзгартирилган 4- моддада қуйидагича ёзилган:

“Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади.

Фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади”.

“Ўзбекистон Республикасида ишловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун республика давлат тилини етарли даражада билишлари шарт” деган жойи батамом олиб ташланган.

Бу қонун ўзгартирилганда халқ муҳокамасига ташланганми? Ким эслай олади?

Савол: Бизга олдинги варианти маъқул эмасмиди? Нимага уни ўзгартиришган?

Шоҳистахон Ўлжаева