Улуғбек Ҳамдам: «Тилдан маҳрум бўлиш ўзликдан, ўзликдан маҳрум бўлиш эса, ору номусдан маҳрум бўлишдир»

Улуғбек Ҳамдам: «Тилдан маҳрум бўлиш ўзликдан, ўзликдан маҳрум бўлиш эса, ору номусдан маҳрум бўлишдир»
33 views
06 May 2019 - 9:01

Адабиётшунос олим, шоир ва ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ЎзА саҳифасида давлат тили ҳақидаги мулоҳазаларини баён қилди.

1. Тил миллатнинг миллат эканлигини кўрсатувчи кўрсатгич, миллий давлатчилик ўзагини ташкил қилувчи муҳим ижтимоий-маънавий, сиёсий тарихий, психологик пойдевор ҳисобланади. Бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёлиларнинг рус тилига расмий мақом бериш тўғрисидаги таклифлари тўғридан-тўғри ана шу пойдеворга урилган зарба деб баҳолаш керак. Бу каби чиқишлар секин-аста юртдошларимиз юрагига, кейин улар ўртасига ғулғула солиши, келажакда эса, халқни қоқ иккига бўлиб ташлаши мумкинлигини ҳисобга олиб, бу таклифга кескин «Йўқ!» деган жавобни бериш керак.

2. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши миллатимизнинг қайтадан оёққа туришига тенг тарихий, сиёсий, маънавий ва психологик ҳодиса эди. Бу ҳодиса неча замонлардан бери тилимизни тиклаш, қадрлаш ва ҳаётга қайтариш йўлидаги улкан одимлардан бири бўлиб тарихга кирди. Мустақилликнинг асос шартларидан бири ҳам, шубҳасиз, тил мустақиллигидир. Мазкур тарихий қадам билан биз ўз она тилимизни секин-аста йўқолиб кетиш хавфидан сақлаб қолдик. Демак, юз йиллар мобайнида эришилган ютуқни танглайи ўзга тилда кўтарилган бир ҳовуч зиёлининг таклифи билан барбод қилиш миллат тарихида кечириб бўлмас хато ва доғ бўлиб қолишини ҳисобга олиб таклифга яна бир бор «Йўқ!» деб жавоб бериш керак.

3. Тил билиш – яхши. Тил билиш бу – уйғониш. Ҳатто Ренессанс даврида ҳам одамларнинг камида икки-уч тилни билиши одатий ҳол саналган. Улуғларимиз бир тилни билган бир одам, икки тилни билган икки одам, дея ўгит бериб келганлар. Беҳбудий тўрт тилни билишни тарғиб қилади. Лекин ўзга тилни билиш ўз она тилингнинг унутиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда, ўзликни бой бериб қўйиш мумкин. Шу маънода бугун ҳамма Навоий бўлиши шарт! Албатта, гап унинг даҳосига тенглашиш ҳақида эмас, балки туркий тилга – она тилимизга муносабат борасида унинг сафидан жой олишимиз ҳақида бормоқда. Бугун ҳар бир ўзбек онгли равишда бориб, Навоийнинг ёнига турмаса, унинг позициясидан туриб тилимизга ёндашмаса, ўзлигимизга, миллий давлатчилигимизга путур етиши мумкин. Тилни, демакки, ўзликни сақлашнинг бугунги йўли битта – Навоий бўлмоқ!

4. Кимники тили қайси тилда чиқса, у ўша миллатга мансуб бўлади. Танининг оқ ё қора бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Унинг кимлигини тил ҳал қилади. Чунки тил орқали миллатнинг руҳи кириб боради. Сен ўз она тилингни биласанми, демак, халқингни биласан. Аммо бугун замонлар ўзгарди. Бугун биз интернет даврида яшаяпмиз. Интернет глобаллашувга хизмат қилмоқда. Демак, она тилимизнинг қўлланилишини замонанинг талабларига ҳамқадам олиб боришимиз, чунончи, ўзбек тилида интернетдан тўлиқ фойдаланиш имконларини (бу соҳа билан боғлиқ барча дастурларни), айни пайтда, дунёнинг жамики фаол тилларидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан эса ана ўша фаол тилларга таржима қиладиган электрон тизимларни, луғатларни имкон қадар тезлик билан яратишимиз керак бўлади. Шунингдек, ҳамма соҳалардаги аҳамиятга молик асарларни ўзбекча таржималарига эга бўлишимиз шарт. Йўқса, ёшларимиз онги ва қалбини бой бериб қўйишимиз ҳеч гапмас. Чунки ёшлар ҳаётга реал қарайди. Уларни қуруқ ваъдалар билан «олиб ўтириб» бўлмайди. Уларга ҳаётлари давомида асқатадиган реал таклифлар бериш керак. Чунончи, «болам, миллатингни ҳурмат қилсанг, она тилингда гапир, халқингнинг соғлом урф одатларини, ўтмишини унутма!» десангизу бу ёқда ўзбек тилида гапириш, ёзиш келажак билан чамбарчас боғланиб кетмаганлиги маълум бўлиб турса, ҳамма насиҳатлар сувга оқади-кетади. Айниқса, рус, инглиз ёки хитой тилини ўрганиш, гапириш ва ёзиш унга реал моддий-маънавий фойдалар олиб келиб турса, бугунги ўғил-қизларимизнинг катта бир қисми учун ўз она тилимиз ҳақидаги гапларимиз ҳаётдан узилган эртаклардек эшитилиши турган гап. Бас, шундай экан, тилимизнинг, аввало, ўз юртимиздаги мавқеини ошириш учун қатъий ва аниқ чора тадбирлар олишимиз шарт. Бунинг учун,

  • биринчидан, Ўзбекистонда туғилиб яшаётган ҳар қандай ватандош, миллатидан қатъи назар, давлат тили бўлмиш ўзбек тилини билиши мажбур дея, бош Қомусимизда қатъий қилиб белгилаб қўйилсин;
  • иккинчидан, юртимизда фаолият олиб бораётган ҳамма ташкилотлар давлат тили бўлмиш ўзбек тилида иш юритсин;
  • учинчидан, ишга кираётган ҳар қандай ходим ўзбек тилида саводли гапириш ва ёзиш малакаси бўйича синов топширсин. (Бунинг ҳам даражалари бўлсин, албатта. Чунки ўзга миллат вакили учун бирданига тил билимининг юксак даражасини талаб қилиш тўғри бўлмайди).

Айтилганлардан хулоса қилиб айтиш жоизки, давлат тилимиз бўлмиш ўзбек тилига тўғри ва адолатли муносабатни шакллантириш учун унга ҳар томонлама эътиборни кучайтиришимиз, уни, аввало, замонавий илм-фан тилига айлантиришимиз керак бўладики, шундагина ўзгалар ҳам тилимизни ҳурмат қилиб тан олишади ва ўрганишади. Зеро, тил бу ўзлигимиздир. Тилдан маҳрум бўлиш ўзликдан, ўзликдан маҳрум бўлиш эса, ору номусдан маҳрум бўлишдир.

Манба: daryo.uz