Муҳаммад Шайбонийхон

Муҳаммад Шайбонийхон
91 views
07 May 2019 - 7:00

МУҲАММАД ШАЙБОНИЙХОН

ХI асрдан бошлаб араб ва форс манбаларида „ Дашти Қипчоқ” деб аталувчи географик ҳудуд тилга олинади. Бу атама Сирдарёнинг юқори оқими ва Тяншаннинг ғарбий ёнбағирларидан Днепр дарёсининг қуйи оқимига қадар чўзилган ҳудудга нисбатан ишлатилган.

Урал (Ёйиқ) дарёси Дашти Қипчоқни шарқий ва ғарбий қисмларга ажратиб турган.

Бу ҳудудлар рус манбаларида ,,Половеслар ери” номи билан юритилган. Чунки руслар Дашти Қипчоқ аҳолисини половеслар деб аташган. Византия манбаларида эса улар куманлар, шарқ манбаларида эса қипчоқлар номлари билан қайд этилган.

ХV асрда Жўжининг ўғли Шайбон наслидан бўлган Абулхайрхон (1412—1468) Шарқий Дашти Қипчоқни эгаллаб, алоҳида давлатга асос солади. Тарихий манбаларда бу давлат ,,Ўзбек улуси” (ўзбеклар мамлакати) деб ҳам аталади. 1431- йилда Хоразмни ҳам босиб олди.

1446-йилда Абулхайрхон Сирдарёнинг ўрта оқимидажойлашган шаҳарлар — Сиғноқ, Оққўрғон, Арқуқ, Ўзган ва Сузоқни босиб олади. Ўз давлатининг пойтахтини Турадан Сиғноққа кўчирди. Самарқанд тахти учун кураш кучайган пайтда Абулхайрхон вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилади. У 1451- йилда ўзидан мадад сўраган темурийзода Абу Саид Султонга Самарқанд тахтини эгаллашда ёрдам бериш баҳонасида юриш бошлади. Абулхайрхон катта ўлжалар билан ўз юртига қайтади. Миннатдорчилик тариқасида Абу Саид Султон Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегимни Абулхайрхонга хотинликка беради.

Абулхайрхон кейин ҳам бир неча бор Мовароуннаҳр ишларига аралашди. Шу орқали у Мовароуннаҳрда борган сари ўз нуфузининг ортишига эриша олган.

Абулхайрхон томонидан тузилган давлат 40 йил яшади. 1468йилда Абулхайрхон вафот этиши биланоқ, бу давлат парчаланиб кетди.

Муҳаммад Шайбоний Абулхайрхоннинг фарзанди Шоҳбудоқ Султоннинг ўғли эди. Шоҳбудоқ Султондан икки ўғил қолган: Муҳаммад Шайбоний ва Маҳмуд Султон. Муҳаммад Шайбоний 1451- йилда туғилган.

Шайбонийнинг бобоси Абулхайрхон саройида ҳам туркийлар одатига кўра туғилган гўдакка икки исм қўйиш урф бўлган. Исмларнинг биринчиси исломий (араб), иккинчиси эса туркий бўлган. Туғилганда Муҳаммад деб ном олган Шайбоний ўзининг иккинчи номи билан машҳур бўлган. ,,Бобурнома” асарида Шайбонийнинг исми Шойбоқхон деб берилган. Бу ном ,,куч-қудрат” деган маънони англатади. Умуман олганда, Муҳаммад Шайбонийхон фақат хон бўлмасдан, айни пайтда илм-маърифат ҳомийси ва ўзи ҳам дидли ижодкор, шоир бўлган. Шу боис, Шайбонийхон Шоҳбахт, Шойбоқ, Шойбек, Шебони, Шоҳибек, Шайбоний тахаллусларида шеърлар ёзган.

Отаси Шоҳбудоқ Султон ва онаси Қўзибегимдан ёшлигида етим қолган Муҳаммад Шайбоний отасининг содиқ хизматкори Қорачабек оиласида тарбияланган. Қорачабек бу шаҳзодага оталарча меҳрибонлик кўрсатган. Кейинчалик Шайбонийга нуфузли темурий амирлардан бўлмиш Муҳаммад Мазид Тархон ҳомийлик қилди. У Туркистон ва Ўтрор ҳукмдори эди. Шайбоний укаси билан Туркистонда узоқ вақт яшамади. Кейинчалик улар Самарқанд ҳукмдори ҳузурига бордилар. Акаука Бухорода яшаб, илм ўигандилар, шеърият ва илм-фанга ошно бўлдилар. Балоғатга етгани сари Шайбоний кўнглида бобоси Абулхайрхон давлатини тиклаш орзуси жўш уриб бора бошлади. У Дашти Қипчоққа қайтиб бориб, лашкар тўплашга муваиФақ бўлади. Айни пайтда, у бобоси давлатини тиклаш йўлидаги хатти-ҳаракатини дастлаб ўз қўшини билан темурийларга ёлланма қўшин лашкарбошиси сифатида хизмат қилишдан бошлаган.

Дастлаб, Шайбоний парчаланган Амир Темур давлатининг шимолий чегарасида ноиблик қилаётган ҳомийси Мазид Тархондан уни ўз хизматига олишни сўрайди. Аввалига бу таклифга рози бўлган Мазид Тархон тезда Шайбонийнинг хавф солиши мумкинлигини англаб етади. Натижада у Шайбонийни Бухоро ҳокими Дарвиш Муҳаммад Тархон ихтиёрига жўнатиб юбориш орқали ундан қутулади. Чунки Дарвиш Муҳаммад бундай ёрдам кучига муҳтож эди. Унинг хизматидан ҳам Мўғулистон, ҳам Мовароуннаҳр, ҳам Хуросон ҳукмдорлари ўзларининг қўшниларига ҳамда ички рақибларига қарши курашда фойдаланганлар. Бу курашларда Шайбоний ўзининг моҳир лашкарбошилик қобилиятини намоён қилди. Турли ҳукмдорларга хизмат қилиш Шайбонийга Темурийлар давлатидаги вазиятни яхши билиб олишга имкон берди.

Шайбоний бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштирди ва беаёв қонли урушлар натижасида ХV асрнинг 80-йилларида давлатни қайта тиклашга муваффақ бўлди.

Вақт ўтиб, у Сирдарё бўйларидаги қўрғонларни ҳам эгаллади. Бу қўрғонлар келгусида унга Мовароуннаҳрни истило қилиш учун таянч вазифасини ўтади.

ХV асрнинг йигирманчи йилларида Абулхайрхон Шарқий Дашти Қипчоқда ,,Ўзбек улуси” номли давлатга асос солган.

Дашти Қипчоқ қабилаларининг раҳнамолари Абулхайрхон вафотидан сўнг бошланган ўзаро қирғинларнинг яна такрорланишини асло истамас эдилар. Шу туфайли улар Муҳаммад Шайбонийхон тимсолида бундай қирғинга йўл қўймасликка қодир шахсни кўрдилар.

Бундан ташқари, Дашти Қипчоқ қабилалари кўпдан буён ўтроқ ҳаёт тарзида яшашни орзу қилиб келардилар. Бу орзунинг ушалиши ўзгаларнинг унумдор ерларини босиб олиш туфайлигина рўёбга чиқиши мумкин эди.

Қабилалар раҳнамолари Муҳаммад Шайбонийхонни ўз орзуларини рўёбга чиқаришга бирдан бир қодир қудрат деб ҳисоблардилар. Шу боис ҳам улар ва руҳонийлар кучли ёлланма қўшинга эга бўлган Муҳаммад Шайбонийхонни қўллабқувватлайдилар.

Улар ерлари унумдор, ҳунармандчилиги ривожланган ўлкаларнинг босиб олиниши ўтроқ ҳаётга ўтиш имконини беришини ҳам яхши билганлар. Бу омиллар Муҳаммад Шайбонийхон ҳокимиятининг кучайишига ёрдам берди. Муҳаммад Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрдаги ички сиёсий вазиятни яхши билганлиги ҳам унинг нуфузини янада оширди. Айни пайтда, Мовароуннаҳр аҳолиси темурийзодаларнинг тож-тахт учун ўзаро курашларидан чарчаган ҳам эди. Шу туфайли Мовароуннаҳр зодагонлари, руҳонийлари ва ҳатто аҳолининг маълум қисми ҳам Муҳаммад Шайбонийхон тимсолида Мовароуннаҳрда тинчлик ўрнатишга қодир ягона шахсни кўрганлар. Шу туфайли Муҳаммад Шайбонийхонни қўллаб-қувватлаганлар.
Шу тариқа, Муҳаммад Шайбонийхоннинг Темурийлар давлати ҳудудларида ҳам ўз ҳокимиятини ўрнатиши учун барча зарур шарт-шароит етилган эди.

Муҳаммад Шайбонийхоннинг асосий мақсади Темурийлар салтанатига бутунлай барҳам бериш эди. Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун у 1499- йилда Мовароуннаҳрни забт этишга киришди. У бу ўринда темурийларни саросимага солиб қўйган жанг усули — тўлғамани қўллади.

1500- йилда Муҳаммад Шайбонийхон Самарқандни эгаллади. Бу ҳодиса Самарқанд ҳукмдори Султон Али Мирзонинг онаси Зуҳробеги оғанинг хоинлар гапи билан иш тутиши оқибатида содир бўлди. Хоинлар Зуҳробеги оғани Муҳаммад Шайбонийхонга махфий равишда ,,Мен ҳам ўзбек уруғиданман, агар сиз мени никоҳингизга олсангиз, ўғлим билан сизнинг ҳукмингизни тан олиб, Самарқандни сиз хон ҳазратларига топширурмиз” мазмунидаги хатни юборишга кўндирадилар.

Айни пайтда, Зуҳробеги оға Шайбонийхон олдига Термиз, Чағаниён, Ҳисор ва Бадахшон забт этилгач, бу ҳудудларни ўғли Султон Али Мирзога берилиши шартини ҳам қўйган эди.

Муҳаммад Шайбонийхон ўзини бу шартларга розидек қилиб кўрсатди.

Самарқанд тахти эгаллангач эса Султон Али Мирзо қатл этилди. Онаси Зуҳробеги оға эса бошқа кишига никоҳлаб берилди. Шу тариқа, Муҳаммад Шайбонийхон 1501-йилда Самарқандни узил-кесил эгаллади.

Катта қўшинга эга бўлган Муҳаммад Шайбонийхон энди бутун Мовароуннаҳрни эгаллашга киришди.

1503-йилда Тошкент ва Шоҳруҳия шаҳарларини эгаллади. Уларга Улуғбек Мирзонинг Абулхайрхонга узатилган қизи Робия Султонбегимнинг ўғиллари Кўчкунчи Султон ва Суюнчхўжаларни ҳоким этиб тайинлади.

1504-йилда эса Фарғона эгалланди. Шу тариқа бутун Мовароуннаҳрда шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилди. Самарқанд шаҳри пойтахт этиб белгиланди. Бухоро шаҳрини эса укаси Маҳмуд Султонга топширди.

Муҳаммад Шайбонийхон Мовароуннаҳрда мустаҳкамланиб олгач, энди Хоразмни забт этишга киришди. 1505- йилда Урганч шаҳрини босиб олди.

1507- йилда эса Хуросонга юриш бошлади. Сўнгги йилларда ўзаро ички урушлар оқибатида, инқирозга юз тутган темурийларнинг Хуросон давлатини эгаллаш қийин бўлмади. Аввал Ҳирот қўшинлари тор-мор этилди. Шаҳар беаёв таланди. Шундан сўнг Ҳирот ўзининг иқтисодий, сиёсий ва маданий марказ сифатидаги нуфузини йўқотди.

Хуросоннинг ҳам бўйсундирилиши билан амалда Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ — Самарқанд қўл остида бирлаштира олди. Шу тариқа у ХV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб темурийзодалар амалга ошира олмаган вазифани бажарди. Шундай қилиб, Шайбонийхоннинг темурийларга қарши олиб борган шиддатли ва беаёв урушлари оқибатида Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни ўз ичига олган ҳудудда Муҳаммад Шайбонийхон ҳукмронлиги ўрнатилди ва давлатчилигимиз тарихида шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даври бошланди.

Бу вақтда Эронда шоҳ Исмоил Сафавий ҳукмдорлик қилаётган эди. У ўз даври учун катта ва қудратли қўшин туза олган эди. Исмоил Сафавий тузган салтанат тарихда Сафавийлар давлати номи билан машҳур. Шоҳ Исмоил давлати каттагина ҳудудларни ўз ичига оларди. Бу давлатнинг бир сарҳади Хуросон билан, иккинчи сарҳади эса Усмонли турклар давлати билан туташган эди. Шоҳ Исмоил исломнинг шиа оқимига эътиқод этувчи ва уни Эронда ҳукмрон эътиқод шаклига айлантирган ҳукмдор эди. Унинг кўрсатмаси билан ҳар бир масжидда шиалар 12 имоми номи хутбага қўшиб ўқитиладиган бўлган.

Шайбонийхон исломдаги суннийликка эътиқод этувчи ҳукмдор сифатида шоҳ Исмоилнинг ишини шаккоклик деб баҳолади ва ундан бундай шаккокликка тезда барҳам беришни талаб қилди. Айни пайтда, у шоҳ Исмоилдан Маккага бориб тавба-тазарру қилишни, Шайбонийхон номини хутбага қўшиб ўқитишни ҳам талаб этди. Бу талабларни шоҳ Исмоил ҳақорат деб билди. Энди икки ҳукмдор ўртасида уруш бўлиши муқаррар бўлиб қолди.

Ниҳоят, 1510- йилда икки ҳукмдор қўшини тўқнашди.Марв яқинида бўлган жангда Муҳаммад Шайбонийхон енгилди. Эронликлар яраланган Муҳаммад Шайбонийхонни қўлга олиб, 1510- йилнинг 12- декабрида уни қатл этдилар.

Шу тариқа, шоҳ Исмоил Амударёнинг сўл соҳилини босиб олиб, бутун Хуросонни эгаллади. Ҳирот шаҳри Сафавийлар давлатининг иккинчи марказига айлантирилди. Шоҳ Исмоил катта ўғли Тахмаспни маркази Ҳирот бўлган Хуросоннинг ҳукмдори этиб тайинлади.

facebook.com