КЎЗИМ ТУШДИ
Шукур, алҳамдулуллоҳ,
Жаннатга кўзим тушди,
Майхонада май ичдим,
Мастона кўзим тушди.
Эй, зулфу сочи анбар,
Меҳробий юзинг минбар,
Эй, лаълу лаби гавҳар –
Уммона кўзим тушди.
Эй, жонимнинг жаллоди,
Кўзи – ишқим сайёди,
Эй, кўнглимнинг эҳроми –
Имона кўзим тушди.
Эй, жоду жайрон кўзли,
Эй, шаҳду шакар сўзли,
Эй, шамсу қамар юзли –
Тобона кўзим тушди.
Орзуда кезар эллар,
Хизматга келар қуллар,
Тоза очилган гуллар –
Бўстона кўзим тушди.
Сиё сочлари сунбул,
Гўёки манам булбул,
Жаннат боғида бир гул,
Ризвона кўзим тушди.
МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди