“Катта ўйин”ни кашф қилган катта ўйинда қурбон бўлдими?

“Катта ўйин”ни кашф қилган катта ўйинда қурбон бўлдими?
140 views
08 May 2019 - 6:00

“КАТТА ЎЙИН”НИ КАШФ ҚИЛГАН КАТТА ЎЙИНДА ҚУРБОН БЎЛДИМИ? СТОДДАРТ ВА КОННОЛЛИНИНГ ЎРТА ОСИЁГА КЕЛИШДАН МАҚСАДИ НИМА ЭДИ?

Биз аввалги постларимизда таъкидлаганимиздек, 19 асрнинг иккинчи ярмида ҳам дунёни бўлиб олиш васвасаси кучайиб, йирик ўйинчи давлатлар томонидан “бўлди-бўлди” ўйини кучайиб кетганди. Ўрта Осиёга Россия империяси билан биргаликда Англиянинг ҳам қизиқишлари ортиб борган ва бу ерни яқиндан билиш учун ўзларининг жосусларини бу ерга жўната бошлашганди. Шундай жосуслардан бири инглиз капитани, разведкачиси, сайёҳи ва ёзувчиси Артур Коннолли (1807-1842) бўлиб, у тарихда биринчи марта “Катта ўйин” деган иборани ишлатган. У16 ёшидан бошлаб Ҳиндистонда ҳарбий хизматни ўтай бошлаган. Коннолли 1829 йилда Москвага келиб у ердан Кавказ, Қорақумга келган ва Хива хонлиги ҳудудига ўтишни истаса-да, ўз мақсадига ета олмаган. У 1830 йилнинг сентябрида Ҳиротга етиб келган ва ўз саёхатларининг натижаси сифатида “Шимолий Ҳиндистонга Россия, Эрон ва Афғонистон қуруқлик йўли бўйлаб саёҳат” (Journey to the North of India through Russia, Persia and Afghanistan; 1843) китобини ёзган. У Буюк Британия Ҳирот ҳукмдори Комрон шоҳни қўллаб-қувватлаши керак деб ҳисоблаган.

Ўрта Осиёда рус жосусларининг фаоллашиб кетганини сезган капитан Хива, Бухоро ва Қўқон хонларининг ўзаро урушларга барҳам беришга ва ташқи хавфларга қарши курашишга ундаш учун қилган ҳаракатлари зое кетади. Коннолли агар хонликлар рози бўлса инглиз ҳукумати уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини, ҳатто қурол-яроғлар билан таъминлашлари ҳам мумкинлигини хонларга етказишга ҳаракат қилса-да, такаббур ва бадфеъл хонлар бу каби ташқи хавфларни ҳам, “ҳомийлар”ни ҳам тинглашни истамас эди.

Инглиз разведкачиси Конноллли 1841 йилнинг октябрида Бухоро амири Насруллохон томонидан жосусликда айбланиб асир олинади. Уни Бухоро амири қўлидан қутқариш учун инглизларнинг бошқа разведкачиси Чарльз Стоддарт Бухорога етиб келади ва у ҳам асир олинади. Ҳар икки инглиз разведкачиси ҳам 1842 йилнинг 17 июнида Амир Насруллохоннинг буйруғига асосан қатл этилади. 1845 йили руҳоний Жозеф Вульф бу икки капитаннинг тақдирини билиш учун бу ерга келиб, уларнинг қатл этилгани хабарини олади. Шу тариқа инглиз разведкаси бу ерда муваффақиятсизликка учрайди.

Бугунги кунда Конноллининг портрети Лондондаги миллий портрет галереясида сақланмоқда. Унинг кундалик ва хатлари Британия кутубхонасида ва Дарем Университети кутубхонасида сақланмоқда.

“Катта ўйин” иборасинининг асосчиси Стоддарт Коннолли ростдан ҳам катта ўйиннинг қурбони бўлган. Бугунги катта ўйин сценарийлари ўша даврда ҳам ушбу саҳналарда ва сал шаклан бошқачароқ кўринишларда намоён бўлган эди.

Биз бу разведкачилар фаолияти орқали ўша даврдаги ташқи кучларнинг Ўрта Осиёга интилишлари ва Ўрта Осиёда хонликларнинг танг аҳволи ҳақида яна ҳам кўпроқ билиб олишимиз мумкин.

Шоҳиста Ўлжаева