Ҳаётимиз рақс тушадиган даражада фаровонлашиб кетяптими?

Ҳаётимиз рақс тушадиган даражада фаровонлашиб кетяптими?
76 views
08 May 2019 - 10:00

ТВда “Бойсун баҳори” фестивали кўрсатилди. Яна ўша-ўша манзаралар: хиргойи, ўйин, томоша… Кап-катта эркаклар, момо-боболар ҳадеб лик-лик сакрайверса, бора-бора шодон туйғулар эмас, энди қандайдир истиҳола, ҳатто умидсизлик, ташвишли, ғамгин фикрлар туғила бошлайди: қачонгача шу тахлит ўйинга тушамиз? Ҳаётимиз рақс тушадиган даражада фаровонлашиб кетяптими? “Халқимиз олис келажакдла эмас, бугун яхши яшаши керак”… Турмушда майли, кам-кўст бўлар, аммо адолат тамойили узоқдан, элас-элас бўлса-да бўй кўрсатяптими? Олдинда умид учқуни илғаняптими?

“Ана катта қозонда, қозонда… дамлаб қўйдим паловни. Олмасин деб тагига, тагига, пасайтирдим оловни… деб қўшиқ айтяпти барваста бир эркак. Сурхоннинг чапани, ориятли полвонлари энди шуларми? Термизнинг “Мардлар шаҳри” деган шарафли номи билан бу манзараларни қандай қовуштирса бўлади? Шу каби бачкана “қўшиқ”ларга меҳмонлар ростданам қойил қоляптими? Умуман, шугина фестивалларга қанча сайёҳлар келяпти, бундан даромад тушяптими? Бу тахлит “дунёга чиқишимиз”нинг истиқболлари қандай? Шу-уунча саъй-ҳаракатларга қарамай, нега билагида кучи бор миллионлаб ёшларимиз мардикорликка чиқиб кетишяпти? Россиядаги симёғочларда “Ўзбек на день. (разнорабочий)” деб ёзилган эълонлар, қонуний ишга борган муштипар ҳамманинг кўз ўнгида чавоқланиши, афғон урушидан баттар тарзда тобутларнинг келиши билан манави шодон фестивалларни қандай боғласа бўлади?

Шаҳрисабзда ҳам шу аҳвол: Халқаро мақом фестивали, яхши тадбир. Лекин, Шаҳрисабз деганда, кўз олдимизга мақомчилар эмас, энг аввало Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари келади. Шаҳрисабз – ориятли полвонлар, улуғ саркардалар, ғурури баланд жангчилар, зобитлар, олимлар, ҳунармандлар макони. Ана шу юқоридаги тоифалар бу ернинг руҳияти, зийнатини белгилайди. Нима бўлганида ҳам, мақом Шаҳрисабз аҳлига жудаям хос эмас!

Албатта, бу, “шаҳарликларнинг санъатга алоқаси йўқ”, деган гап эмас. Лекин, улуғ бобокалон, етти иқлимни бошқарувчи идора сифатида қурдирган Оқсарой пойида нуқул машшоқлар хиргойи қилиб туриши, қанчалик мақбул бўларкин? Бу нима, ёшлардаги жанговар руҳ ва бобомерос шиддатни машшоқликка йўналтиришми? Халқда, “машшоқ кўпайса, қашшоқ кўпаяди”, деб бежиз айтилмаган! Дунё сайёҳлари Шаҳрисабзга хиргойичиларни кўришга эмас, балки Соҳибқироннинг бугунги авлодларини, жанговар руҳни кўриш учун келади. Кураш, ҳарбий спорт беллашувлар, жанг санъатлари бўйича халқаро мусобақалар кўпроқ ўтказилса, айни муддао бўларди. Шаҳрисабзда Амир Темур номидаги олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти очилса, энг зўр зобитлар етишиб чиқиши шубҳасиз. Мақом нима деган гап…

Бахтиёр Ҳайдаров