Ўзбекона орзу

Ўзбекона орзу
24 views
07 May 2019 - 19:45

Хабарларга қаралса, ўтган асрда қолиб кетганимиз рост. Давлат тили ва ҳатто Мингбулоқдан отилиб чиққан нефт ҳам. Каримов сиёсатшунослик қонунларини бекор қилган бўлиши мумкин, аммо физика қонунларини ҳеч ким бекор қилгани йўқ. СССРнинг парчаланиши арафасида бошланган инқилобий жараёнлар Болтиқбўйи давлатларидан бошқа ҳеч қайси давлатда ниҳоясига етгани йўқ. “Откат” қаердадир эрта, қаердадир кеч бошланди. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, 1990-йиллар ўрталариданоқ сиёсий, иқтисодий, ижтимоий жараёнлар музлатиб қўйилди. Сиёсат тугади.

Марҳум юртбоши худди “тарихнинг тугаши” ҳақидаги гапга ишонгандай, ўзи яратган моделни энг мукаммал ва фаровон жамиятнинг чўққиси сифатида цементлаб, йўқлик қаърига сингди. Энди, орадан чорак аср ўтиб, ҳаммаси қайта бошдан бошланяпти. (“Йўқотилган авлод” деб дод-вой солишдан фойда йўқ). Эски чақириқлар яна бош кўтармоқда. Бу ҳам табиий жараён. Ўтиладиган йўл. Давр, цикл. Аммо бу қурғур цикл деганлари ёпиқ доира ҳам бўлиши мумкин, масалан, Қирғизистондаги сингари. Ёки спирал бўйлаб ҳаракат ҳам бўлиши мумкин. Буни вақт кўрсатади. Аммо вақт, биламизки, жуда кўп нарсани кўрсатади. Масалан, охирги баҳсларда битта нарсани кўрсатди.

Янгиланиш ҳақидаги гап-сўзлар ва кутишларга қарамасдан, ҳокимиятнинг жамиятда пайдо бўлган сўровларга жавоб бериш усули эскича. (Жавоб беришни бошлагани жиддий олдинга силжиш, албатта. Чунки аввалги ҳокимият ҳеч қандай кўринишда муносабат билдирмасди). Агар ҳозир ҳам ҳамма нарсани фақат “кимларнингдир манфаати”, “қандайдир кучлар” билан тушунтиришдан нарига ўтилмаса, амалдаги “маънавиятга монополия” тугамайди.

Бу монополия эса ҳозирги янги, интернет даврида вояга етаётган ёш авлодни аллақачон қониқтирмай қўйган. Кечаги тил ва адабиёт университети талабаларининг ҳеч кимдан рухсат кутмай, шиор ёзиб, пикетга чиқиши, назаримда, шунга далолат қилади. Чунки жамият олдинги “табиий” ҳолига қайтмоқчи эмас. У ҳокимиятдан янги, муносиб ижтимоий шартнома таклифи ва янги ахлоқий ориентирларни кутяпти. Аммо мавжуд бошқарув ва жамият институтлари бу таклиф ва ориентирларни беролмайди. Фалаж (ўз тили ҳимоясига икки оғиз сўз айтиш учун тепадан топшириқ кутиб ўтирадиган даражада) ва коррупцияга ботган. Бу ҳақда Мирзиёев очиқ гапиряпти.

Сиёсий тузумни очиш ва бу институтларни ислоҳ қилиш ҳақида ҳам. Аммо орадан икки ярим йил ўтган бўлса-да, ислоҳотларнинг “жозибадорлиги”, масалан, “эркинлик эркинлик бўлмаганидан яхшироқ” деганга ўхшаш мужмал кўринишда бўлса ҳам, тушунтириб берилмади. Кечагига ўхшаган кўринишлар, ўзбекистонликларнинг ижтимоий онгида юз берган, бераётган ўзгаришларни таҳлил қиладиган, тезкор муносабат билдирадиган марказлар, омма сўрови институтлари йўқ. Сиёсий онг ҳақида гапирмаймиз. Бу аввал иқтисод, кейин сиёсат деган эскича тамойилнинг натижаси. Тўғрироғи, унинг биз ҳозиргача билган – одамларнинг қорнини тўйғазиш маъносидаги талқини.

Ваҳоланки, қориннинг тўйиши бу ҳали иқтисодиёт дегани эмас, физиология холос. Иқтисодиёт, бу, масалан, хусусийлаштириш. Хусусийлаштириш эса, ўз-ўзидан сиёсат дегани. Айниқса, хусусийлаштиришнинг биздаги ва бошқа собиқ совет давлатларидаги каби тепадан бошланадиган кўриниши. Ҳеч ким шу халқнинг қорни тўйволсин, кейин гаплашамиз, демайди. Қолаверса, одамзоднинг фақат қорин учунмас, қадр учун ҳам йиғлайдиган ғалати одати бор. Қорни тўқ одамлар эса ҳар доим суяк ташлаб туради. Кечагидай. Нафақат ҳолва, тил деган билан ҳам оғиз чучимайди. Ечим том маънодаги иқтисодий эркинлик ва сиёсий ҳурфикрликда. Жуда “Америка орзуси” бўлмаса ҳам, “Ўзбек орзуси”. Ўзбеклар ҳам мулк дахлсизлиги таъминланган, ҳуқуқий, демократик давлатда яшашни америкаликлардан кам орзу қилишмайди. Ишонмасангиз, грин-карта ютган ва ютиш орзусидан воз кечмаган ўзбеклардан сўранг. Қолган ҳаммаси хурофот.

Паҳлавон Содиқ