Абдулазиз Комилов: Биз Марказий Осиё умумий визаси ғоясини қўллаб-қувватлаймиз

Абдулазиз Комилов: Биз Марказий Осиё умумий визаси ғоясини қўллаб-қувватлаймиз
76 views
08 May 2019 - 12:34

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Financial Times газетаси Марказий Осиёда визасиз эркин ҳудуд яратиш ва савдо алоқаларини кучайтириш имкониятлари тўғрисида мақола эълон қилган. Унда фикр билдирган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг сўзларига кўра, расмий Тошкент минтақавий умумий виза ғоясига қарши эмас.

«Минтақага сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган Европа моделига ўхшаш… маълум унсурлар мавжуд. Уларнинг ташрифини осонлаштириш мақсадида биз умумий виза ғоясини дастаклаймиз,» деган жаноб Комилов.

Бироқ мақолада таъкидланишича, ўз фуқаролари учун чегаралар ва транспорт йўлларини эндигина очган минтақа мамлакатлари учун бундай ташаббусни воқеликка айлантириш узоқ вақт олиши мумкин.

Шунга қарамай, мақолада расмийлар ва таҳлилчиларнинг некбин қарашлари ҳам келтирилган.

Билдирилган фикрларга кўра, ўн йиллар давомида бир-бирига ишонқирамай қараган ва ўзаро савдо алоқаларини чеклаб келган қўшнилар муносабати ўтган икки йил давомида мисли кўрилмаган даражада яхшиланган.

«Ҳолбуки, олдин ўзаро шубҳа ва кузатиш бўлган бўлса, бугун биз хайрихоҳлик, самимий ишонч ва умумий муаммоларни биргаликда ечишга бўлган истакни кўрмоқдамиз,» дея иқтибос келтирилган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сўзларидан.

Мақолада президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар ва Қозоғистонни ўттиз йил бошқарган Нурсултон Назарбоевнинг истеъфоси ортидан минтақада ижобий ўзгаришларга бўлган умид қайта жонлангани таъкидланган.

Минтақа ва қудратлар

Бундан ташқари дунёга янгидан очилаётган минтақага нисбатан қудратли кучларнинг манфаатлари ошиб бориши эҳтимоли ҳам тилга олинган.

Муаллифнинг фикрича, Россия ва Хитой минтақага инвестиция киритиш бўйича ўзаро рақобат қилмоқда, айни вақтда эса, АҚШ Ўзбекистон билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилаётир; Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки минтақа бўйлаб инфратузилмани шакллантиришга сармоя киритмоқда.

Аммо жаноб Комилов сиёсий таъсир ўтказишга уринувчи кучларга нисбатан тоқат қилинмаслигини таъкидлаган.

«Майли, қудратли давлатлар бир бири билан рақобат қилсин. Агар улар ким кўпроқ сармоя киритиш бўйича рақобатлашса, биз уларни мамнуният ила қабул қиламиз. Модомики, улар ўзларининг ҳарбий ва сиёсий мақсадларига урғу берса… биз бирор қутбга яқинроқ бўлиш ва бошқасидан масофа сақлашни истамаймиз,» сўзлаган Абдулазиз Комилов.

Мақолада илгари сурилган қарашда таъкидланишича, қўшни давлатлар қанчалик очилмасин ва ўзаро муносабатларни яхшиламасин, дипломатия барча мавжуд муаммоларга ечим бўла олмайди.

Минтақа ва жаҳон бозорларига йўл

«Очиқ денгиздан узилиб қолган ва муҳим бозорлар, жумладан, Хитой ва Ҳиндистонга чиқишга имконияти кам минтақанинг савдо инфратузилмаси ҳамон чекланганча қолмоқда,» ёзади муаллиф.

Жаҳон Банки ўзининг логистика самарадорлиги индексида Марказий Осиё давлатларини 71-134-ўринларга қўйган.

Мақолада Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича директори Лилия Бурунчукнинг сўзларидан иқтибос келтиришича, Полшадан Шанхайга юк жўнатиш Марказий Осиёнинг бир мамлакатидан бошқасига юк юборишдан кўра осонроқдир.

“Ўтган вақт ичида кузатилган яхшиланишларга қарамай, минтақа ичидаги савдо айланмаси ҳар бир қўшни давлатнинг умумий савдосининг атиги 6 фозини ташкил этади, холос. Бу Европа Иттифоқи билан солиштирганда, 10 баробарга камдир,” таъкидланади мақолада.

Financial Times’га сўзлаган Жаҳон Савдо Ташкилоти бош директорининг ўринбосари Алан Волф савдо алоқалари тўлиқ йўлга қўйилган тақдирда ҳам, бу қўшни давлатларнинг йиллик иқтисодий ўсишига бор-йўғи 1 фоизга яқин ҳисса қўшиши мумкинлиги ва мазкур ҳолат Марказий Осиёнинг тараққий этишига ҳали узоқ вақт талаб этилишини англатишини билдирган.

Шундай бўлсада, жаноб Сафоев Марказий Осиёнинг бир вақтлар, Буюк Ипак Йўли мавжуд даврларда, Европа ва Узоқ Шарқни боғлаб турган қудратининг қайта тикланишидан умидвор эканини маълум қилган.

ЎХҲ ахборот бўлими