“Уруш – аёлларнинг иши эмас” ҳужжатли романидан

“Уруш – аёлларнинг иши эмас” ҳужжатли романидан
35 views
09 May 2019 - 7:00

Светлана Алексиевич
(Нобел мукофоти совриндори)

“Уруш – аёлларнинг иши эмас” ҳужжатли романидан

Слуцк шаҳрида яширин иш олиб борган Мария Тимофеевна Савицкая-Радюкович хотирлайди:

“Немислар қишлоғимизга мотоциклларини тариллатиб кириб келишди. Ёш, қувноқ, ҳамиша куладиган немисларга нафрат билан тикилардим. Улар хандон отиб кулишарди! Бизнинг юртимизга бостириб киргани камдай хандон отиб кулганини кўриб, ўзимни қўйгани жой тополмасдим.

Мен қасос олиш, мардона ҳалок бўлишни, жасоратим ҳақида китоб ёзишларини орзу қилардим. Ўз ватаним учун ҳамма ишга тайёр эдим.

– Лекин сизнинг ёш болангиз бўлган?

– Қирқ учинчи йилда қиз туққанман. Ботқоқликдаги пичан ғарами устида. Йўргакни елкамга ёйиб қуритардим, уни бироз иситардим-да, боламни яна йўргаклардим. Атрофни олов қуршаб олганди, қишлоқларни одамлар билан бирга ёндиришарди… Бизнинг Гресск туманимизда (урушгача шундай туман бўлган, ҳозир унинг ҳудуди Слуцк тумани таркибга киритилган) тўққизта қишлоққв ўт қўйишди.

Мен дугонам билан ёниб кетган одамларнинг қолдикларини йиғардик. Одамларнинг сўнгакларини топардик, кийимининг бир парчасини топиб олсак ҳам ким эканини билардик. Мен ана шундай кийим парчаларидан бирини кўтардим, дугонам эса “Онамнинг кофтаси…”, – дедию ҳушини йўқотиб йиқилди. Кимдир чойшабга, кимдир ёстиқ жилдига, хуллас тоза матога сўнгакларни йиғарди. Сўнг умумий қабрга қўярдик. Фақат оқарган сўнгаклар…

Шундан кейин қандай топшириқ беришмасин тап тортмай борардим. Комиссар менга топшириқ берарди-да: “Сенга раҳмим келади!” – дея кўзига ёш оларди. Шаҳардан дори-дармонлар, бинт, зардоб олиб келардим… Чақалоғимнинг қўллари, оёқлари остига жойлаштираман-да, йўргаклаб йўлга тушаман. Ўрмонда ахир ярадорлар нобуд бўлаяпти. Шошилиш керак. Ҳар қадамда немислар ва полицайларнинг постлари, ҳеч кимни ўтказишмасди, фақат мен ўтардим.

Ҳозир эслаш жуда оғир… боламнинг иссиғи чиқиши, йиғлаши учун баданини туз билан ишқалардим. Териси қип-қизариб, тошма билан қопланар, чинқириб йиғлай бошларди. Постга яқин келиб: “Терлама, пан… терлама!” – деб шивирлардим. Улар эса “Тезроқ йўқол!”, – дея ҳайдаб солишарди. Туз билан ҳам ишқалардим, саримсоқ пиёз ҳам қўярдим. Қизалоғим эса ҳали бир парча эт… Уч ойлигидан топшириқларни бажаришга киришганман… Эмизардим…

Постдан ўтганим заҳоти ўрмонга бекиниб олиб, йиғлашга тушардим. Дод солардим! Боламга раҳмим келарди. Бир-икки кун ўтиб яна йўлга тушардим. Бошқа илож йўқ эди…”

Абдуҳамид Пардаев таржимаси

facebook.com