Шайх Юсуф Ҳамадоний 

Шайх Юсуф Ҳамадоний 
66 views
09 May 2019 - 8:00

Шайх Юсуф Ҳамадоний 1048 йили Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузанжирд қишлоғида таваллуд топди. 1141 йили эса ҳозирги Афғонистоннинг Бомиён шаҳрида вафот этди. Орадан кўп фурсат ўтмасдан, унинг васиятига кўра, шайхнинг жасади муридлари томонидан ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳрига кўчирилиб келтирилди ва дафн этилди. Ҳамадоний қадимги Туркистон ҳудудида шаклланаётган маънавият жабҳасида бетакрор, ўзига хос диний-тасаввуфий дунёқараш билан машҳур бўлган ориф шахсдир. Фаридиддин Аттор ўзининг “Тазкират ул-авлиё” асарида уни машҳур шайхлар қаторида эслаб, унинг тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси Мансур Ҳаллож тарафдорларидан бири бўлганлигига алоҳида урғу бериб ўтади. Лекин улар ўртасидаги ўзаро ўхшашлик мутлақ характерга эга эмас. Ҳаллож исёнкор руҳдаги тасаввуфий тасаввурларни, кескин ғояларни илгари сурган бўлса, Юсуф Ҳамадоний эса уларга янгича ҳаёт бағишлайди. Шайх Мажидуддин Бағдодийнинг “Туҳфат ул-барара”да таъкидлашича, Юсуф Ҳамадоний агар Мансур Ҳаллож маърифатни ҳаққи билан англаганда эди, “анал-ҳақ” ўрнига “анат-туроб”, (мен тупроқман), деган бўларди каби сўзларини келтиради.

Юсуф Ҳамадоний ёшлик чоғида Бағдодга бориб, Абу Исҳоқ Шерозийдан илм-ирфон сирларини ўрганган, Исфаҳон ва Самарқанд шаҳарларида ҳадис тинглаган ва тасаввуф таълимотига ихлосманд бўлган. У зоҳирий ва ботиний деб аталмиш соҳаларни Абу Исҳоқ Шерозий, Али Формадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Симоний каби замонасининг етук орифларидан ўрганиб олишга эришади. Бундан ташқари, У Абдулқодир Гилоний (Ғафсул аъзам), Муҳаммад Ғаззолий, Ҳамидуддин Мултоний каби машҳур илм аҳли билан бевосита мулоқотларда қатнашади. Аммо у аксарият шайх-орифлардан фарқланиб, ўз фаолиятида илмий-маърифий асарлар яратишдан кўра мурид-шогирдлар даврасида бўлиш, уларга таълим-тарбия беришни ўзи учун асосий мақсад қилиб, олади. Шунинг учун унинг хонақоҳи “Ҳуросон каъбаси” деб аталиб келинган. Таълим-тарбия соҳасидаги жонбозлиги туфайли Юсуф Ҳамадоний кўплаб шогирдлар тайёрлаганлиги билан машҳурдир.

Юсуф Ҳамадоний Хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Туркистон ўлкасида кўпчиликка маълум ва машҳур Хожа Аҳмад Яссавий кабиларни тарбиялаб камолга етказди. Унинг тинимсиз фаолияти натижасида тасаввуф тарихида янги тариқатлар-хожагон ва яссавия тариқатлари вужудга келди ва ўлка аҳолиси ўртасида тарқала борди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мутафаккир хожагон-нақшбандия тасаввуф тариқатининг машҳур шоирлари сифатида ҳаммага маълум бўлган “ҳуш дар дам”, “назар бар қадам”, “сафар дар ватан”, “хилват дар анжуман” каби қоидаларни ишлаб чиқди ва сўфийлик амалиётига татбиқ этди. Кейинчалик бориб, Абдулқодир Ғиждувоний уларга тўртта, Баҳоуддин Нақшбанд эса 3 та талаб-қоидалар жорий этиб, нақшбандия тариқатининг асосий тамойилларини асослаб бердилар.

Яссавия ва нақшбандия тариқатининг етук маънавий пири саналмиш Юсуф Ҳамадоний шогирди Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан баркамол инсон ва шайх аш-шуйух-шайхлар шайхи сифатида ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади. Ҳамадоний покиза, тақводор, ҳалол, диёнатли инсон сифатида ўзгалардан ҳам шундай бўлишни талаб қилган. У зот ҳақсизлик, мунофиқлик, риёкорликни қоралаган, порахўр, ёлғончи, худбин, ноҳақ қон тўкувчилар, халқ дард-аламларидан бехабар золимлардан қаҳрланган, муттаҳам, ҳаромхўр, мақтанчоқ, фосиқ, динни ўзлари учун манфаат ва эҳтиёж воситаси деб билувчи бетавфиқ кишиларни ҳузурларига чорлаб, уларга дашном берар экан.

Ҳамадонийнинг “Рутбат ул-ҳаёт” (“Ҳаёт мезони”) асарини нашрга тайёрлаган ва муқаддима муаллифи Амин Риёҳий ҳамда шу асарни туркчага таржима қилган Наждат Тусунларга кўра, Юсуф Ҳамадоний “Рутбат ул-ҳаёт”, “Кашф”, “Рисола дар одоби тариқат”, “Рисола фи анал кавна мусаххарун лил-инсон”, “Рисола дар ахлоқ ва муножот” каби асарларнинг муаллифидир.

Мутафаккирнинг диний-фалсафий серқиррали ҳамда тасаввуфий таълимот нуқтаи назаридан қараганда, етук ва маънавий қадриятларимизнинг шаклланиши ва тадрижий ривожида ўзига хос устувор босқич сифатида ғоят эътиборлидир. Унинг тасаввуфий дунёқарашида хилма-хил муаммолар, жумладан Аллоҳ, унинг оламда мавжуд ва содир бўлаётган барча ҳодиса-жараёнларнинг якка-ю ягона соҳиби эканлиги ва бизга маълум ва номаълум, аниқ ва ноаниқ ҳодисаларнинг йўналиши, тизгини унинг ихтиёрида эканлиги, зуҳурий ва ботиний илм, нақл ва ақл, обид ва ориф, имон-эътиқод масалаларида тақлидчилик ва ақл-фаросат мақоми, комил инсон мартабаси ва унга эришиш йўл-йўриқлари, тадбир-чораларига муфассал тўхталиб ўтилганлигини кўрамиз.

Шайх Ҳамадоний Аллоҳ ва ашёвий олам муаммосига тўхталиб ўтар экан, Ҳақ таолонинг ягоналиги, яратувчи эканлиги ва унинг яратилмаганлигини асослашда ашёвий оламда ва унинг моҳияти воситасидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилинганлигини ҳис қилиши қийин эмас. Унинг фикрича, яратилишни мушоҳада этишда ҳар бир банда ашёнинг миқдорини тафаккур қилар экан, Ҳақ таолонинг ягоналиги ўз-ўзидан аёнлашаверади. Бунинг учун ортиқча далиллар келтиришга зарурат қолмайди. Ашёнинг кайфиятини ўйлагани сайин Жаббори оламнинг таъриф этиб бўлмас даражада мислсиз ва беназир зот эканлигига шоҳид бўлади.

Юсуф Ҳамадоний фалсафий таълимотлар тарихида азалдан кўпчиликни қизиқтириб келган модда ва руҳнинг ўзаро муносабати масаласини четлаб ўтмайди. Унинг таъкидлашича, агар тўрт унсурлардан бўлмиш тупроқнинг сифатларига саёҳат қилинса, инсон зоти тупроқдан вужудга келган бўлиб чиқади. Сув, олов, ҳаво тўғрисида фикр юритганимизда ҳам худди шундай кайфиятга бериламиз. Бундай унсурлардан ташкил топган барча тирик ва нотирик борлиқлар унинг тасарруфида эмас. Ҳар бир мавжудотда махлуқотнинг кейин яратилганлиги ва ўлимига маҳкум этилганлигига доир кўпдан-кўп нишонлар ва аломатлар мавжуд, деб уқтиради мутафаккир.

Шайх Ҳамадоний назарида ҳазрати инсоннинг мартабаси шу даражада юксакки, амалда дафтарини ёзувчи, турли вазифаларни бажарувчи, Аршни тутиб турган ва саф тортган фаришталар билан биргаликда нурдан, оловдан ва руҳдан ташкил топган барча мавжудотлар Одам алайҳиссалом зоти ва жамоли олдида сажда қиладилар. Мутафаккирнинг фикрича, инсон доимо Қуръони каримдаги ҳайвонларнинг мартабасини қораловчи ва инсонларнинг мавқе-мақомини мадҳ этувчи оятларни тасбеҳ қилиб такрорлаб юришлари лозим. Шундагина у яратганнинг мақсади, яшашдан кутилган асосий оқибатини уқиб олган бўлади.

Инсоннинг яратилишидан кутилган мақсад Ҳақнинг тажаллисини унда намоён этиш, яратганнинг қудрат ва меҳр-муҳаббатидан уни хабардор қилиш, маърифат нури кўмагида ғафлатдан уйғотишдир. Шундай экан, фаҳм ва ақл билан шарафланган ҳамда фарқланган инсоннинг даррандалар, тўрт оёқли ҳайвон ва ҳашоратлар мақомидан, яъни улар билан ўз саъй- ҳаракатларида тенг бўлишдан уялиши ва ор қилиши шартдир.

Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг диний-тасаввуфий қарашларида Аллоҳ, инсон, табиат тўғрисидаги янгича фикр-мулоҳазалар, ғоялар мўътадил мазмун ва шакл-шамойилларда камол топди. Улар ўз навбатида Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқаларнинг диний-тасаввуфий анъаналарининг юзага келишига кучли маънавий-маърифий таъсир кўрсатди.

 

ХОЖА ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ

«РУТБАТ УЛ-ҲАЁТ» РИСОЛАСИДАН

Сайфиддин Рафъиддин ва Нодирхон Ҳасан таржимаси.

“Билгинки, ейиш-ичиш, кийиниш, уйланиш ва рўзғор тебратиш эҳтиёж даражасида бўлса, динга мувофиқдир ва ислом ҳақиқатларига зид эмас. Қачонки диний ишлар, шаръий вазифалар ва исломий арконлар мусулмон кишиинг ҳузур-ҳаловат маконига айланса-ю, нафсоний лаззатлар унинг исломий ғоясига кўра қабиҳ ва нохуш кўринса, бу табиий хоҳишлар эҳтиёж даражасига қондирилган бўлади. Агар дунё завқларисиз кун кечиришнинг имкони бўлганда эди, инсон уни ўзига зарурий бир ғанимат дея билган бўларди. Лекин инсон жисмоний ҳаётнинг давом этиши учун зарурат юзасидан ейди, ухлайди ва дунёвий орзуларининг машаққатига сабр қилади, нафсоний лаззатларнинг аччиқ шарбатига чидайди. Чунки, бадан – дин омонат топширган уловдир ва шариат вазифаларини бажарувчи ҳаммолдир. Бадан дин йўлида ғозийнинг отидан ва ҳожининг туясидан афзал бўлмаганидек, тубан ҳам эмас. Жиҳод ва ҳаж йўлида от ва туяга ем-хашак бериш Ҳаққа ибодат ва диний амаллардан бўлса, бундан ҳам афзалроғи шариат ҳукмларини ва дин аҳкомларини бажарувчи баданни таомлаштириш Ҳаққа итоат ва яқинлик қилишдир” .

* * *

“Кимки нафси дўст ва карамли бўлса, у кишининг диний ишлари осонлашади” .

* * *

“Борлиқ ва коинотнинг айланишини ҳамда ҳечлигини билолмаган, коинот сирига ўзи ва ўзлигидан бехабарлиги туфайли огоҳ бўлмаган жоҳилни кўзи очиқ деб бўлмайди. Кўзи очиқ киши шариат мулкини бус-бутун кўрадиган инсондир. Зеро, шариат нафс ва коинотнинг султонидир” .

* * *

“Инсон дунё лаззатлари билан фароғат топишдан йироқлашмагунча диний вазифаларни ҳаққи билан адо этолмайди. Бир қалбда икки зид нарса ўрнашолмайди, келиша олмайди. Кўнгил дунё завқларига асир экан, ислом шарафи ва шонидан узоқлашиб тубанлашиб бораверади. Натижада исломий тасалли мақоми хароб бўлиб, дунёвий завқу сафога тегишли таскин макони маъмур ва обод бўлади. Зеро, Икки зид нарса бир жойга жам бўлмайди”.

* * *

“Қуръоннинг мақсади: инсоннинг кўнгилида дунёга муҳаббатни совитиш ва қалбда охират саодатига нисбатан муҳаббатни уйғотиш”.

“Дунёнинг ортиқча ишларидан йироқлашиш ва сақланишдан инсон мувжуд вазият ва эҳтиёжига кўра машаққат тортиши керак. Агар бозорчи бўлса, эҳтиёжига кўра дўконга борсин. Тижоратчи бўлса, нафақаси ва кирим-чиқимига қараб тижорат қилсин. Ишлаб чиқарувчи бўлса, ўзи ва оиласининг ҳожатини ҳисобга олган ҳолда ишласин. Халқ табақаларини, амир-маъмур, раис-хизматкор, қози-тобе, олим-толиб ва ҳоказо барчасини юқоридагиларга қиёслаш мумкин.

Дунё молини йиғишда ҳаддан ошмаслик, эҳтиёжга кўра еб-ичиш, рўзғор тебратиш, оила қуриш ва ҳоказо билан кифояланиш ҳамма учун зарурийдир. Зеро, булар билан чалғиб таскин топиш ҳайвонлар мартабаси эканини юқорида тилга олдик. Инсонга бу нарсалар ишловчи ва ҳаммоли бўлаги нафснинг яшаши учун заруратдир. Заруратнинг эса меъёри ва чегараси бўлади. У мутлақ ва бепоён эмас” .

* * *

“… билгинки, дунё безаклари билан тасалли топиб овунган кишининг саодати – бу алданиш саройи бўлмиш дунёнинг арзимас молини жамлаш, ман қилиш, олиш ва беришдир. Бу киши дунё билан умр кечирмоқда, демак, дунё билан тирикдир. Бу ҳолат Одам боласининг ҳаёт мартабаси ва манзилидаги энг қадрсиз ва тубан даражадир. Чунки, дунё матоси билан хотиржам бўлиб, овунган киши ҳайвонлар, ҳашоратлар, ёввойи ва уй ҳайвонлари, қуш ва балиқлар билан баробар ва улар билан шерикдир. Чунки улар бу алдов дунёнинг лаззатлари билан тирик ва ҳаётдирлар. Шунинг учун оламни яратган Ҳақ таоло мақсади ва юриш-туриши дунё завқи бўлган кишиларни ҳайвонларга тенглаштириб, бундай дейди: “Эй, Муҳаммад, уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини билиб олурлар).” (Қуръон. 15:3) .

* * *

“Парранда, дарранда ва ҳашоратларни бўйсундирган, фаҳму ақл ва муомонат юклатилган муаззам ва мукаррам инсоннинг тасалли топиш мақоми ва мартабасининг мазкур ҳайвонлар билан тенг мавқеда бўлиши нақадар хунук ва уятдир! Бундай инсон ҳайвонларнинг тасалли мақом ва мартабаси даражасига тушиб қолади ва улардек яшаб ором топади. Ҳайвонлар ейиш, ичиш, жуфтлашиш, маскан ва либослари билан фароғат топганларидек, бу инсон ҳам шундай нарсалар билан ором ва таскин топади. Ўзининг ҳақиқий мақом ва даражасини ўйламайди” .

* * *

“… тариқат пирлари саодатга етишганлар. Улар ҳамма нарсанинг вақти ва ҳаққига риоя қилганлари, ҳамма нарсани ўз ўрнида ҳаққи билан мукаммал адо этганлар. “Бизни тўғри йўлга бошла” дуо ояти ижобат бўлган эди. Ҳар куни янги бир манзил ва нузур, ҳар куни янги бир марҳала (қўнимгоҳ) ва туҳфа, ҳар куни янги бир мақом ва қурбат уларга Ҳақ даргоҳидан етишади”

***

“Тафаккур заифлашган вақтда эса нофилани адо этиш муриддан талаб этилган ишлардандир. Иймон оламида тафаккур давом этаркан, унинг қалб ҳаётига мувофиқ бўлиши, кўнгилнинг обод этилиши ва яширин ширк (риё) ғуборининг ювилиб тозаланиши ҳам муриднинг ойдинлик йўли учун зарурий шартлардандир” .

* * *

“Эй басират ва яқин денгизида инжу изловчи киши” Билгинки, бу масалада мурид кўнгилни тақлид зангидан поклаб, изланиш уйининг эшигини шубҳа тиканларидан тозалаши даркор. Бундан ташқари, мурид Ҳақ таолонинг улуғвор йўлидан насибасини олган валийлар билан яқинлик ва дўстлик ҳосил қилиши керак. Ҳиммат эгалари боғлаган камар билан улар ҳам белларини боғлашлари шарт. Токи “Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз” (Қуръон, 16:97) сўзларининг оҳанглари ва бу оҳангларнинг сўзлари унинг қулоғига етгач, ҳарф, сўз ва оҳанглар бўғзидан жой олишидан олдин, ҳарф маъноси унинг қалбида ўрнашган бўлади.

Агар мурид бу даражага эришолмаган бўлса, унинг тасарруфи ақлу заковат тасарруфига айланади. Бунинг учун эса у англаб идрок этган ҳар бир нарсага зикр, дуо, шукр ва ҳамд билан муносабат билдириши, мавзуларни идрок этолмагач, гўллигини сўзловчиинг сўз ва илмига эмас, балки ўз фаҳмининг ноқислигидан деб билиш керак.

Иккилик ва бирлик ҳақиқатини ошкор қилиш учун энди бу иймон ва ислом мавзусини зийрак авомнинг фаҳми андозасида шарҳлаймиз. Халқнинг душманлигига эмас, дуосига умид қилиб, бу икки хусуснинг икки алоҳида нарсалиги ёки бир нарсалигини тушунтирамиз. Ёрдам сўраладиган ягона зот Аллоҳ таолодир.

Агар иймон ва исломни бир нарса деб қарайдиган бўлсак, маънонинг ҳақиқати жиҳатидан бу фикр тўғри бўлади. Агар икки алоҳида нарса дейдиган бўлсак, луғат ва шариат жиҳатдан бу ҳам тўғри. Бу икки қараш орасида зиддият йўқ, динга ва шариатга ҳам хилоф эмас.

“Ҳар иккови ҳам бир нарса” сўзининг изоҳи қуйидагича: “ислом” калимасининг ўзаги “таслим”дир. Банда зоҳир ва ботинда илоҳий буйруқ ва тақиқларга тамоман таслим бўлгач, мўмин бўлади. “Иймон” атамасининг ўзаги “амн” (омонлик, хотиржамлик) сўзидан келиб чиққани учун бундай киши ҳақиқий мусулмон бўлади, хотиржамлик-осойишталикда яшайди. Агар Юсуф алайҳиссаломнинг биродарлари айтган “Рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан” (Қуръон, 12:17) “сўзимизни тасдиқламайсан” ояти каримасига қараб, “иймон-бу тасдиқлашдир” дейдиган бўлсак, демак, мусулмон кўнгилини, тилини, баданини илоҳий амру тақиқларга таслим қилган кишидир. Кўнгли, тили ва бадани тасдиқлагани учун иймон исломга айланади.

Бир киши иймон йўлига кирса, маълум бўладики, таслимияти ва исломияти ҳам дурустдир. Чунки мўмин ишончли инсондир. Ишончли инсон эса ўз нафси ёки халқ билан эмас, балки тамоман Ҳақ билан бирга бўлган кишидир. Демак, бирор киши Ҳақ билан бирга бўлиши учун ўзини илоҳий амр ва наҳий (қайтариқ)ларга батамом таслим қилиши шарт.

Агар иймон тасдиқлаш маъносини билдирса, демак, мўмин Ҳаққа содиқ ва итоаткор инсон демакдир. Бир инсонга “итоаткор” дейиш учун у зоҳирда ва ботинда илоҳий амру тақиқларга риоя қиладиган, қазою қадарга таслим бўлган киши бўлмоғи даркор. Шу сабабли ислом иймондир. Бу қарашнинг тўғрилигига Қуръон ва суннат далилдир. Чунончи, ояти каримада “Бас, биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик. (Лекин) у жойда бир хонадондан (Яъни Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Қуръон, 51:35-36) деб буюрилади. Ояти каримада Лут алайҳиссаломнинг хонадони аҳлига ҳам “мўмин”, ҳам “муслим” ифодалари ишлатилган. Бу иймоннинг ислом экани ва исломнинг ҳам иймон эканига доир Қуръоний далилдир. “Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар-таваккул қилинглар!” (Қуръон, 10:84) оятида ҳам ислом ва иймон калималари бир хил маънода қўлланилган. Бу исломнинг иймон эканини исботлайди. Саҳиҳ бир ҳадиси шарифда ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломнинг “иймон етмишдан ортиқ бўлимлардан иборатдир”, бошқа бир ҳадисда эса: “ислом етмишдан зиёд бўлимдир” деганлари нақл этилади. Демак, пайғамбар алайҳиссалом бир нарсага ҳам иймон, ҳам ислом деганлар. Бу эса иймоннинг ислом, исломнинг эса иймон эканига далилдир.

Иймон билан ислом орасида фарқ борлигига эса Жаброил алайҳиссаломнинг Муҳаммад алайҳиссалом билан қилган савол-жавоблари мисол бўла олади. Жаброил алайҳиссалом сўрайди: “Ислом нима” Муҳаммад алайҳиссалом жавоб берадилар: “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом унинг элчиси эканига гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг, закот беринг, Рамазон рўзасини тутишинг, ҳажга боришингдир”. Жаброил алайҳиссалом сўради: “Иймон нима” Муҳаммад алайҳиссалом жавоб бердилар: “Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлгандан кейин тирилиб ҳисоб-китоб қилинишга, тақдирга, яъни ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг иродаси билан бўлишига ишонишингдир” .

* * *

“Диний фикр ва амаллар билан тасалли топиб, ҳаловатга эришган ҳар қандай инсон ислом билан тирикдир. Раббоний оятларини, фаришта илҳомига оид тушунчаларни, самовий китобларнинг ҳикмату насиҳатларини, Ҳақ таолонинг амру тақиқларини етказиш учун пайғамбарларнинг юборилишини, Молик (подшоҳ) ва Муҳаймин (ҳозиру нозир) бўлган Аллоҳнинг “кунфаякун” (“бўл деса бўладиган”) илоҳий ҳукми билан юзага келган катта-кичик ишларни кўриб тафаккур қилувчи ва шу билан фароғат топувчи кишилар эса иймон билан тирикдирлар. Бадан ислом учун ишлайди ва яшайди. Қалб эса иймон учун ишлайди ва яшайди. Кўнгилнинг ёрдамисиз бадан бир иш қилолмайди, бадансиз эса кўнгил мушоҳада ва висолга эришолмайди. Бадан кўнгилга, кўнгил баданга чамбарчас боғлиқ. Баданнинг исломи-мусулмончилиги кўнгил ёрдамисиз, кўнгилнинг эса бадан кўмагисиз рўёбга чиқмайди.

Буларнинг орасида фарқ шундайки, ғайбни кўриш ва идрок этишда қалб пойдевор вазифасини бажаради, бадан эса унга бўйсунади. Кўзнинг кўришида эса бадан пойдевор бўлиб, қалб унга бўйсунади. Биринчи бўлиб кўз кўради, ундан кейин ғайбий тушунча юзага келади. Чунки ислом билан тасалли топишда аввало зоҳирий бадан, сўнгра эса иймон билан таскин топишда ботиний қалб асосдир.

Ислом оромгоҳи ва тасалли топиш оламидан иймоннинг тасалли топиш оламига сафар қилиш учун фикрга, амал мушоҳадага, кўз ғайбга, нафс кўнгилга, ошкоралик яширинликка ва ниҳоят зоҳир ботинга айланиши керак.

Бу мартабадаги инсоннинг мушоҳада ва назари ҳокими мутлақ бўлган Ҳақнинг салтанату азаматига қаратилган бўлади. Осмондаги муқаррабларнинг масжиду даргоҳлари унинг томошагоҳига айланади. У Қуръоний маъно ва сирлар майдонида кезади. Пайғамбарларнинг карам даргоҳидан озиқланади, махлуқот қайта тириладиган кундан қўрқади, пинҳоний қазо ва қадарнинг ҳайбатидан ёниб-эрийди.

Фойда-зарар, ширин-аччиқ, қийин-осон, ҳокимият-асорат, лутф-қаҳр, ясаш-синдириш, висол-ҳижрон, очиш-ёпиш, уялиш-мақтаниш, пинҳон-ошкор, айният (ўзлик)-ғайрият (бегоналик), поклик-нопоклик, ботин-зоҳир, ваъд (умидлантириш)-озорлаш, умр-аср, тубанлик-юксаклик – буларнинг барчаси қазою қадардан ҳосил бўлади. Ҳақ таолонинг қазоси ва ҳукми тақдир қилинган кишигагина етади” .

* * *

“Яхши билгинки шақоват-бадбахтлик илоҳий изн ва иродасиз рўёбга чиқмайди. Бу изну ирода эса ғайбий бўлиб, ғайбга тегишли илоҳий илмга боғлиқ ва ундан ҳеч ким хабардор эмас. Бу изн ва иродани илмдан бошқаси шарҳлай олмайди. Қазою қадар илоҳий изн ва ҳукмни сенга етказувчи элчилардир. Ҳеч бир ҳаммолга зарар ва жазонинг хабарини беролмайди. Азоб ва қораланишинг амалинг туфайлидир. Сенинг ишинг итобу азобнинг аломатини тортишдир. Ўз қилмишинг натижасида фақат ўзинг азобу таҳқирларга учрайсан, бошқа кишига маломат ва азоб бўлмайди” .

* * *

“Банда ўз қалбидаги сурат ва ҳулул ғуборини ювиб тозалаши керак, яъни Ҳақ таолонинг қандайдир бир шаклда эмаслигини ёки бирон махлуқотнинг суратига кирмаслигини билиши лозим. Энди шу мавзуни изоҳлаймиз.

Фитратига ғазаб олови сачраган киши тўғрисида нима дейсан?

Бу ғазабнинг таъсири ва ҳокимлиги унинг фитрати устидан ғолиб келади. Ғазаб шундай бир иллатки, на тадбиркор ақл ва на буюрувчи қалб унга бас келолади. Бу иккови ғазаб оловининг таъсирида сўниб, бу ҳолдаги кишидан ақлга мақбул бўлмаган ва кўнгилга ўтирмайдиган баъзи ишлар юзага келади. Бу одам ҳақида бириси “бу инсон қилган ишларини ўз иродаси билан қилмаган” деса, тўғри айтган бўлади. Зеро, бу ҳолат-аҳволлари қоришиқ бўлган ва Иблис эгаллаб олган кишилар сифатидир. Баъзан уларда ғазаб оташи кучайиб, улар гўё йиртқич ҳайвонларга дўнадилар. Баъзан шаҳват оташи зўрайиб, уларни ҳайвонга айлантириб қўяди. Ғазаби ва шаҳвати ғалаба қозонган бу инсоннинг қалбида нур қолмайди, натижада ақлнинг таъсир кучи ҳам йўқолади.

Шу сабабли ҳазрати пайғамбар алайҳиссалом ғазабланиб турган инсонга йўлиққанларида унга “Аъзу биллаҳи минаш-шайтонир-ражим” (қувилган, тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилайман) деб жаҳлини бартараф этишни тавсия қилганлар. Демак, мавзумизга боғлиқ шундай хулоса чиқадики, ғофил ва ақли ҳушидан бегона кимсаларга шайтон ғазаб оловини сочади. Яна шунга ҳам ишора қилмоқдаки, бирон кишини ғазаблангани учун маломат қилмаслик керак. Чунки ҳазрати пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги ғазабли одамни маломат қилмадилар. Шуниси аниқки, демак, ғазабни Ҳақдан паноҳ тилаш билан муолажа қилмоқ-бартараф этмоқ вожибдир. Инсон ўз қаҳр-ғазабини шу йўл орқали даф этмаган тақдирдагина шаръий жиҳатдан маломатга лойиқдир” .

* * *

“Энди сўзимизнинг асл мақсадига ўтайлик: баъзиларда ҳою-ҳавас ғазаби, баъзиларда диний ҳақлар ғолиб келади ва унинг сўз ва ишлари одатдаги табиий ҳолати чегарасидан чиқиб кетади. Шундай экан, бир инсоннинг меҳр-муҳаббати бошқа инсонга ғолиб келса, сўзу ҳаракатлари одатдаги тартибдан чиқса, ажабланмаслик керак. Нафсоний, шайтоний ва шаҳвоний ишқ ҳоким бўлган ошиқлар орасида бундай ҳолат очиқ-ойдин кўринади. Шак-шубҳасиз, улар шундай бир фазилатга эришадиларки, сўзлари, хатти-ҳаракат ва йўналишлари олдинги ҳолларига асло ўхшамайди. Шундай экан, Аллоҳ дўстларига ва Ҳақ ошиқларига нега ишониш мумкин эмас? Ҳолбуки, Аллоҳ севгиси махлуқот севгисидан кўра жўшқин, шиддатли ва қудратлироқдир.

Нафсоний ва шайтоний севги билан раҳмоний севги орасидаги фарқ шундай: махлуқот севгисида ўзидан кетиш ва девоналик юзага келади. Ҳақ таолони севишда эса кўнгилда фаросат, ҳикмат ва маърифат ҳосил бўлади. Чунки, шайтоннинг йўлида фақат тикан ва хас-хашак учраса, Ҳақ таолонинг йўлида фақат наргизу лола рўпара келади” .

* * *

“Қалб билан зикр — дарахт билан сувга ўхшайди. Қалб билан тафаккур эса дарахт билан мевага менгзар. Дарахтни суғормасдан, унинг гуллаб барг чиқаришини кутмасдан ва у ҳали ғунча новдан очмасдан туриб, ундан мева талаб қилиш хатодир. Чунки, ҳануз мева ҳосил бериш вақти етмаган. Балки дарахтни вояга етказиш вақтидир. Уни суғориш, атрофидаги бегона ўт-ўлан ва зараркунандалардан тозалаш, офтоб ҳароратидан баҳраманд бўлишини кутиш керак. Токи дарахт кўкаради, яшнайди ва ям-яшил баргларга бурканади. Шундан кейингина унинг шохларидан мева тама қилиш тўғри ва ўринли бўлади” .

* * *

“Солиҳ амаллар” – баданий амаллардир, бу эса зикрдир. “Яхши бир ҳаёт” тафаккур эшигини очиш ва ҳайвон табиатли нафсоний-дунёвий ҳавас зулматини йўқ қилишдир. Ҳаёт, мол ва мақом севгиси пардаларини тил зикри билан рад этмагунча иймон олами нурларининг байроғи жамол кашфи оламидан кўринмайди… Солиҳ амалга “уйланмагунча” гўзал бир ҳаётни, яъни қалб нурларининг “фарзандини” қўлга киритиб бўлмайди.

Шу сабабли тариқат пирлари саодатларга етишганлар. Улар ҳамма нарсанинг вақти ва ҳаққига риоя қилганлар, ҳамма нарсани ўз ўрнида ҳаққи билан мукаммал адо этганлар. Улар ҳақида: “Бизни тўғри йўлга бошла!” дуо ояти ижобат бўлган эди. Ҳар куни янги бир манзил ва нузул, ҳар куни янги бир марҳала (қўнимгоҳ) ва туҳфа, ҳар куни янги бир мақом ва қурбат уларга Ҳақ даргоҳидан етишади” .

* * *

“Аъзолар турли риёзат ва машаққатлар тортиб жиноят ваҳшатидан покланмугунча, ботиний ва зоҳирий томирларнинг ҳар бирида Аллоҳ хавфи ва қўрқуви сувлари оқмагунча, қалб ҳовузи қазога рози, балога собир, неъматга шукр этмагунича кўнгил покланмайди ва озод бўлмайди. Булар юзага келган тақдирдагина қалб ҳурриятга эришади, бандага ҳаловат ва тоат бағишлайди. Маърифатни талаб қилишдаги ташналик миқдорича маърифат ҳаловатини танлайди. Ҳақ таоло ҳам лутфу карами ила унинг тафаккур-тушунча эшигини очади” .

* * *

“Руҳ аслларнинг аслидир. Инсон бадани ва аъзолари руҳ билан тирик. Руҳнинг борлиги соясида бадан кўради, билади, эшитади, ушлайди, юради. Руҳнинг хусусият-фазилатлари туфайли доноликда қатъият, назарда фаросат ва ибрат, эшитишда ҳикматни англаш, эргашишда итоат, юришда хизмат юзага келади. Жўмардлик йўли, мушоҳада жойи, фазл мавзеси, карам макони, яқинлик қароргоҳи, қудсият маскани, ҳаёт маҳали, унсият бўстони, севги-дўстлик водийси, муҳаббат денгизи, сукунат майдони ва мукошафат йўли жон-руҳдир” .

* * *

“Одам алайҳиссаломга руҳ уфурилгач, унинг бошидан оёғига қадар руҳ нурининг шуъласидан порлаб, нурланиб кетди. Малакут олами аъзоларининг ҳар бир зарраси бу офтоб нурининг порлашидан янада жонланди, нурланди. Бутун коинот ҳайбат ва итоатга йўналди. Бу руҳнинг бўйсундирувчи салтанатининг ҳукмронлиги жумла махлуқот руҳини ларзага солди. Юқори ва пастки олам жисмлари ўша ойдинликнинг азаматидан бандалик ва қуллик камарини белларига боғлайдилар. Ҳар бир забонли ва забонсиз, қуюқ ва суюқ нарсаларнинг табиатларида қўрув ва ҳайбат титраши вужудга келди. Нур ва зулмат малакути, сув, тупроқ, шамол ва олов-барчаси итоат зирагини қулоқларига тақдилар. Осмон уни ўз соясига олмоқ учун кибриё ридосини ёйди. Ер юзи унга тахт ва тўшак бўлмоқ учун сардорлик ва улуғлик либосини кийди” .

facebook.com