Байрам қилайми?

Байрам қилайми?
77 views
09 May 2019 - 4:20

 

 

БАЙРАМ ҚИЛАЙМИ?

Ўзбекка “басмач” деб аталмиш тамға-
Босилган кунларни байрам қилайми?
Ё ўзбек, қутургач “мўйловли оға”-
Осилган кунларни байрам қилайми?

“Ёт унсур” аталиш баҳонасида,
“Ўткан кунлар” чиқса кошонасидан,
Тўппонча тиралиб пешонасидан-
Отилган кунларни байрам қилайми?

Ғаним жон олай деб чиққанда “ов”га,
Зумда таслим бўлиб арзимас ғовга.
“Миллат ойдинлари”н чўчқафеъл ёвга-
Сотилган кунларни байрам қилайми?

Бормиди бизданда холи хароби,
Бузилган масжиди хамда меҳроби.
Уруш чоғ муттасил қайғу шароби-
Тотилган кунларни байрам қилайми?

Навбатда турганча бир бўлак нонга,
Нон деб раҳна солиб гохида жонга,
Қўлдан тирсаккача ювилмас қонга-
Ботилган кунларни байрам қилайми?

Завжалар-беваю, сағир-зурриёд,
Тобут қучиб солди волидалар дод.
Авахтада чорак асрдан зиёд-
Ётилган кунларни байрам қилайми?

Магаданга сургун бўлган бехуқуқ-
Боболар гўё дер айт бўлмай дудуқ:
Эллик даражадан ошганда совуқ-
Қотилган кунларни байрам қилайми?

Бир пайтлар дейишса тиззаларинг бук,
Темурий ворисда қилт этмасди тук.
Етмиш тўрт йил халқим елкасига юк-
Ортилаган кунларни байрам қилайми?

Токи қулагунча бу ваҳший тузум,
Ўз боғимда пишган пишган олмаю узум.
Ёт дастурхонларга тўхтамай бир зум,
Тортилган кунларни байрам қилайми?

telegram.me/a_meshayan
02:59-09.05.2019
Абдураҳмон Мешаян

facebook.com