Фарёд

Фарёд
93 views
10 May 2019 - 18:26

 

Усмон Эргаш

ФАРЁД

Қай тил билан айтай: барбод бўлмадинг?!
Мустақил бўлиб ҳам озод бўлмадинг,
Юрти обод қадди шамшод бўлмадинг,
Саодат манзили чорламас токай,
Иқболинг офтоби порламас токай?!

Йигитлар мардикор олис элларда,
Қизларинг ер чопар қорда, селларда,
Унсиз фарёдларим аччиқ елларда,
Мансабдорлар олган тожу тахтингни,
Наҳот кушандаси улар бахтингни?!

Тулларинг қўшини дунёни босди,
Қизларни номаҳрам оёқдан осди,
Номуссизлик ҳар кун тоғлардай ўсди,
Инсоннинг ғурурдан ўзга неси бор?
Умр қийматсиздир, йўқса номус-ор!

Жаҳолатда ўтди неча асрлар,
Устухонинг билан битди қасрлар,
Ичингдан чох қазар, жоҳил-басирлар,
Наҳот бошинг узра битмас балолар,
Наҳот юрт соҳиби оғзи олалар!

Қамоқларда азоб тортиб тўғрилар,
Бор бойлигинг талар каззоб ўғрилар,
Қисматингни Тангрим қачон тўғрилар,
Наҳот дардларингга топилмас дармон,
Токайгача юртда ҳукмрон армон!

Орзулар ўлганми, умидлар пайҳон,
Ниятлар туғилмай бўлганми, талон?!
Мақсадларнинг кўзи ёримасми, ҳеч,
Айри яратганми, бизларни Мавлон,
Қул бўлиб туғилиб, ўлсин қул дея,
Кўмирдек туташиб, бўлсин кул дея?!

Ҳатто кафанликка баъзан бўзинг йўқ,
Токай ёвнинг бағрин тешар кўзинг йўқ,
Токай мардонавор ғолиб сўзинг йўқ,
Тил-забонинг бору мангу сассиз сен,
Тилсиз маҳлуқмисан ёҳуд – кимсан сен?!

Ўйлаб кўрсам азмин яқин-йироқнинг,
Ойдин йўлга чиққан қардош қозоғинг,
Ҳатто қирғизлар ҳам – оппоқ қалпоғинг…
Наҳот қуллар кўтаргандир танглайинг,
Оролдай шўрлайди токай манглайинг?!

Токай бағрим пора бўлар дард билан,
Токай дод соларман ранги зард билан.
Қачон сийлаб “Элим!” деган мард билан,
Тангрим бахтинг бутун қилар, эй халқим,
Бу армоним, айтгин, кимга дей халқим?!

Демасман: манзилинг Маскоп, Ҳалаб қил,
Ҳақ-ҳуқуқинг сен ҳам қатъий талаб қил,
Ҳатто жондан кечиб боз ҳижжалаб қил,
Бахтингни олмасанг ёвларни янчиб,
Золимлар тинч қўймас қиличин санчиб!

Ипсиз боғлаб оёқ-қўлинг, илкингни,
Ўмарган ботмонлаб барча мулкингни,
Терисин шилмасанг қашқир-тулкингни,
Рўшнолик кўрмассан зинҳор-базинҳор,
Мададкор бўлмайди, Ҳақ – Парвардигор!

Тилингга соҳиб чиқ чиндан бўлсанг халқ,
Аёлингни кўтар бошингга барҳақ,
Болангга ўргатгил зулм не, не ҳақ,
Ҳар ерда тан олгин бўлсанг сен ноҳақ,
Тилинг ростга келмас – ҳақ-ҳуқуқ етмас,
Олтин, газ, уранлар ҳаммаси абас!

Токай жаҳолатга бандисан, қулсан,
Токай золимларга малай булбулсан,
Ирода, имони заиф мақтулсан,
Номусдан ўлмакнинг замони етди,
Тирик бўлсанг, кураш, имкони етди!

Сени қутлаб бўғзим йиртилсин, майли,
Оғзимдан қора қон отилсин, майли,
Қувончим юракка кўмилсин, майли,
Сен хуррам бўл бир кун –
сени деб Усмонинг отилсин, майли!
Адолатга сен ҳам жўмард толиб бўл,
Эътиқод жангида ғолиб, ғолиб бўл!

Қай тил билан айтай: барбод бўлмадинг?!
Мустақил бўлиб ҳам озод бўлмадинг…