Фарғона водийсида Шайбонийхон ҳукмронлигининг ўрнатилиши

Фарғона водийсида Шайбонийхон ҳукмронлигининг ўрнатилиши
32 views
12 May 2019 - 8:00

Тарихшунослигимизда Темурийлар давлатининг тугатилиши ва Мовороуннаҳрда Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлигининг ўрнатилиши масаласи бир мунча ўрганилган [ 5; 8; 9; 11; 12; 18]. Айни шу жараённинг Фарғона водийсида қай тарзда кечганлиги қисман Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва давлатчилик фаолиятига оид асарларда ёритиб берилган [ 1; 2; 3; 4; 7; 10; 14; 15; 16; 17; 19]. Уларда асосан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фаолиятига эътибор қаратилганлиги сабабли Фарғона водийсининг Шайбонийхон давлати таркибига киритилиши масаласи тўлиқ тадқиқ этилмаган. Натижада баъзи илмий адабиётларда Шайбонийхон Фарғона водийсини Бобур Мирзодан тортиб олганлиги акс этган [ 6: 22 – 27 б]. Бундай фикрларни хориж тарихшунослигида ҳам кузатишимиз мумкин. Мисол учун: Рене Гроуссетнинг “Марказий Осиёда кўчманчилар империяси тарихи (The Empire of the Steppes a History of Cental Asia)” асарида Шайбонийхон Фарғона водийсини Мўғул хонлари Султон Маҳмуд ва уни укаси Олачахондан олган деган хулоса берган [ 21: 481 – 482 б].

Шунингдек, Кембриж университети профессорлари Бранко Соуcек, Сват Соуcекнинг “Марказий Осиё тарихи (A history of inner Asia)” номли асарида Шайбонийхон Фарғона водийсини Бобур мирзо қўлидан тортиб олган деган ҳулосани беради. Аслида эса Фарғона водийсининг Шайбонийлар давлати таркибига киритишилини икки босқичга бўлиб ўрганиш зарур. Биринчи босқич 1503 – 1504 йилларн ўз ичига олиб, бу даврда Шайбонийхон дастлаб мўғул хонлари Султон Маҳмудхон, Аҳмадхон ва темурий ҳукмдор Бобур мирзоларга қарши курашган, кейин эса Аҳмад Танбал Фарғонадаги Аҳмад Танбал ҳокимиятини тугатиб, уни ўз салтанати таркибига киритган. Иккинч босқич эса 1510 – 1514 йилларда бўлиб ўтган. Унда ўзбек султонлари Фарғонада ташкил топган Саидия давлатини тугатиб, водийни узил кесил Шайбонийлар давлати таркибига киритганлар [13: 50 – 53 б]. Биз қуйида биринчи босқичда тарихий жараёнларни атрофлича таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Маълумки Заҳириддин Муҳаммад Бобур Самарқанд тахтини эгаллаш учун 1500 йил май ойда Фарғонани тарк этганида бу ерда ҳокимиятни унинг укаси Жахонгир мирзо номидан Аҳмад Танбал қўлга олган эди. Ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида Аҳмад Танбал укаларига водий шаҳарларини бўлиб беради. Жумладан, Андижон Сутон Муҳаммад Қалпук, Ахси Шайх Боязид, Ўзган Халилбек, Марғилон эса Бек Телба томонидан бошқарилган [5: 92 – 107 б].

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Самарқандни Шайбонийхонга бой бергач 1501 йил тоғалари Тошкент хони Султон Маҳмудхон ва Мўғулистон хони Султон Аҳмадхонлар ёрдамида Фарғонада ўз ҳокимятини тиклашга харакат қилди. Аҳамд Танбал эса ўз ҳокимятини сақлаб қолиш мақсадида Шайбонийхон ҳузурига акаси Бек Телбани жўнатиб, ундан ёрдам сўради. “Танбал, – деб ёзади Бобур мирзо, – Шайбоқхонға оғаси Бек Телбани юбориб, итоат изҳори қилиб, тилаб эди. Бу фурсатда Шайбоқхоннинг нишонлари келди: юруймен, деб битибдур” [5: 100-б]. Бутун Мовороуннаҳрни забт этишни мақсад қилган Шайбонийхон учун Аҳмад Танбални ёрдам сўраши айни муддао эди. Чунки Фарғонанинг Бобур мирзо ва мўғул хонлари қўлига ўтиши Мовороуннаҳрнинг шарқий қисмида Шайбонийхон учун жиддий рақибни пайдо бўлишига олиб келарди. Ушбу хавфни олдини олиш мақсадида Шайбонийхон зудлик билан юриш бошлашга қарор қилди. Муҳаммад Солиҳ мўғул хонлари Бек Телба элчилигидан хабар топишлари билан Шайбонийхон ҳузурига элчи юборганликлари ва бу юришни олдини олишга ҳаракат қилганликларини таъкидлайди. Шунингдек, муаррихнинг фикрича мўғул ҳонлари элчи алмашиш орқали вақтдан ютишга умид қилганлар. Шунингдек, улар Ўратепа ва Тошкентда қолдирилган мўғул қўшинлари ҳам Шайбонийхонга қаршилик қилишига етарли деб ҳисоблаганлар. Манбаларда Тошкентда қолган мўғул қўшинининг сони ҳақида маълумот берилмасада, Ўратепада турган мўғул лашкарининг адади 5 минг кишидан иборат эканлиги таъкидланган [11: 176 – 181 б]. Муҳаммад Солиҳнинг айни шу маълумотларини Мирзо Ҳайдар ҳам ўзининг “Тарихи Рашидий” асарида тасдиқлайди [9: 224 – 225 б]. Лекин, хонларнинг умиди оқланмади. Шайбонийхон хонлар элчисини ўзи билан олиб Ўратепага юриш бошлади. Ўратепани қийинчиликсиз эгаллаган Шайбонийхон Фарғонага кириб борди. Бу вақтда Фарғонада Аҳмад Танбалга қарши кураш олиб бораётган Бобур мирзо ва унинг тоғалари ўз эътиборларини Шайбонийхонга қаратишга мажбур бўлдилар.

Андижонни қамал қилиб турган мўғул хонлари Шайбонийхон Хўжандга юриш қилганидан хабар топгач, Фарғонанинг ғарбий ҳудудларини ҳимоя қилиш учун Марғилонга қараб йўл олдилар. Мўғул аскарлари Ўш ва Марғилон ҳудудларидаги халқни талагани сабабли водий аҳолиси ҳам уларга қарши қўзғалон кўтаради [5: 100-б]. Хўжандни қўлга киритган Шайбонийхон Конибодомга етиб келади. Водий халқининг норозилиги кучаяётган бир шароитда Марғилонда қолишни мақул кўрмаган мўғул хонлари эса Сирдарёни шимолий томонига ўтадилар. Уларнинг мақсади довон орқали Тошкент томон чекиниш бўлган бўлиши мумкин. Чунки Ахсининг Аҳмад Танбалнинг иниси Шайх Боязид қўлида эканлиги, уларнинг бошқа мақсадлари бўлиши амри маҳол эканлигини кўрсатади. Чунки мўғуллар қўлида водийнинг шимолидаги бир неча кичик қалъаларгина қолган эди.

Шайбонийхон ҳам ўз лашкари билан Муҳаммад Солихҳнинг таъкидлашича Хўқони Ўрчин яқинида Сирдарёдан ўтиб Ахси тарафга юрди [11: 187 – 188 б]. Шайбонийхон қўшин билан Сирдарёни кечиб ўтишда 4 та кема ва жуда кўплаб соллардан фойдаланган. Шайбонийхоннинг тезлик билан ҳаракат қилиши мўғул хонларини Архаён даштида жангга киришга мажбур қилган. Муҳаммад Солиҳ мўғул хонларини 30 минг Заҳириддин Муҳаммад Бобур қўл остида минг кишилик қўшин борлигини таъкидлаб ўтади. Мирзо Ҳайдар эса иттифоқчилар қўшинини 15 минг кишидан иборат бўлганини таъкидлаган. Бобурномада мўғул хонлари 30 минг кишилик лашкар билан Аҳмад Танбалга қарши юриш бошлаганликлари таъкидланган. Хонларнинг Фарғонада бир йилга яқин Ахмад Танбалга қарши курашганини ҳиссобга олсак Архиён жангида уларнинг ихтиёрида 30 мингга етар-етмас аскар бўлганлигини тахмин қилишимиз мумкин. Шунга кўра биз Мухаммад Солиҳ берган малумот хақиқатга яқин деб ўйлаймиз. Жангда ғолиб чиққан Шайбонийхон Тошкентни ўз давлати таркибига киритади. Фарғонани эса ўзининг ҳукмдорлигини тан олган Аҳмад Танбалга қолдириб Самарқадга қайтади. Лекин, манбаларда алоҳида қайд этилмаган бўлсада Ҳўжанд шаҳрини Шайбонийхон ўз мулклари таркибида қолдирган деб ўйлаймиз. Чунки жанг билан эгалланган бу шаҳарни Аҳмад Танбалга қайта ином этилган бўлганида бу манбаларда таъкидланган бўларди. Шунингдек 1504 йили Фарғонага қилинган юришда шайбоний султонлар қўшини тўпланадиган жой сифатида Хўжанд шаҳрининг белгиланлиги ҳам шундай фикр билдиришга асос беради.

Аҳмад Танбал Шайбонийхонни ноиби сифатида ҳукмронлик қилишни ҳоҳламади ва мустақил сиёсат юрита бошлади. Шайбонийхоннинг Балхни қамал қилиш билан банд эканлигида Аҳмад Танбал Фарғона қўшини билан Жонибек Султон мулки Тошкент ҳудудларига ҳужум қилади. Мирзо Ҳайдарнинг ёзишича Аҳмад Танбал укаси Шайҳ Боязид билан бирга Тошкентга юриш қилади. С. Жалилов Аҳмад Танбал ўз лашкари билан Тошкентни қамал қилганлигини таъкидлайди. Бобур Мирзо эса Бобурномада Ахмад Танбални Пискантга юриш қилганини айтиб ўтган [5: 86-б]. Бундан кўриниб турибдики Аҳмад Танбал Тошкент ҳудудига етиб бормаган. Аҳмад Танбалнинг Шайбонийхон мулкларига жумладан Тошкент вилоятига юриш қилишига бир қатор сабаблар бор эди деб ўйлаймиз. Биринчидан, Архиён жангидаги мағлубиятдан кейин мўғул хонлари Мўғулистонга кетган бўлсада уларнинг лашкаридан катта қисми Фарғонада қолиб Аҳмад Танбал ҳизматига кирган бўлса керак. Чунки Муҳаммад Солиҳ Танбал қўшинини катта қисмини мўғил лашкари ташкил этганини такидлаган. Мирзо Ҳайдар ҳам темурий мирзолар хизматида бўлган кўплаб мўғиллар Мовороуннахрнинг катта қисми Шайбонийхон қўлига ўтгач Фарғонага еғилганликларини қайд этиб ўтган. Иккинчидан эса, Аҳмад Танбал қўшинларининг асосини ташкил этган мўғулларда яқингача ўзларига тегили бўлган Тошкентни қайтариб олиш иштиёқи ушбу вилоятга юриш қилинишига сабаб бўлган деб ўйлаймиз.

Шайбонийхон Балх юришидан қайтиб келгач Кармана ва Кеш ҳокимларига Фарғона томонга юриш қилишини буюради. Тошкент ва Туркистондан Жонибек Султон ва Кўчкунчихон ҳам Фарғонага юриш қиладилар. Шайбоний султонларнинг барча кучлари Хўжандда тўплангач Конибодом орқали Марғилон томон юрадилар. Бу вақтда Аҳмад Танбал Мирзо Ҳайдарни ҳикоя қилишича Андижон ва Қошғар оралиғидаги тоғларда яшовчи Чакрак қабилаларини бўйсундириш билан банд бўлиб, Туруқшорон дарасида эди. Шайбонийхон дастлаб Марғилонда қаттиқ қаршиликка дуч келади. Шайбонийхон хужум қилиш хавфини аввалдан билган Аҳмад Танбал Фарғонани барча шаҳарларини жумладан Марғилонни ҳам анча мустаҳкамлаган эди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки ўша вақтда Марғилон шаҳри девор билан мустахкам ҳимояланган қалъага эга еди (5: 57 – 58 б). Муҳаммад Солиҳ ҳам “Келгоч ул шаҳарға хони аъзам, Кўрди ул қалъани андоқ маҳкам” деб Марғилон шаҳар қалъаси мустаҳкамлигини такидлаб ўтади.(9: 233-б). Марғилоннинг мустаҳкам ҳимояланганлигини кўрган Шайбонийхон шаҳарга ҳужум қилишни маъқул кўрмай, ўз вақтида Бобур Мирзо даврида Фарғона давлати ҳизматида бўлган Ҳамза Султон маслаҳати билан Андижон томонга юришни давом эттиради. Шайбонийхоннинг Марғилондан зудлик билан йўлга чиқишига Аҳмад Танбал томонидан Фарғонанинг барча қалъаларидаги лашкарларнинг Андижонга тўпланаётганлиги ҳам сабаб бўлган эди. Ўз кучига тўғри бахо бера олмаган Аҳмад Танбал Шайбонийхон билан шаҳар ташқарисида масоф уришини олиб боришга қарор қилади. Муҳаммад Солиҳ Аҳмад Танбал қўшинини 30 минг жангчидан иборат бўлганлигин таъкидлаган бўлсада бизнингча Мирзо Ҳайдарнинг Фарғона қўшинлари 10 минг кишилик лашкардан иборат эканлиги айтгани анча ҳақиқатга яқин. Мирзо Ҳайдар Шайбонийхоннинг мақсади Фарғона водийсин талон тарож қилиб ортга қайтиш, бу ерни тўлиқ забт этиш учун бошқа сафар янги юриш ташкил қилиш эди дея такидлайди. Унинг фикрича Шайбонийхон Аҳмад Танбалнинг очиқ майдонда жанг қилмай қалъа ичида мудофа уриши олиб бориши натижаси, шайбонийлар лашкарини катта талофат кўришидан чўчиган. Шунинг учун ҳам Аҳмад Танбалнинг жанг қилиш учун ўз қўшини билан Андижондан ташқарига чиқиши унинг учун айни муддао эди.

С. Жалилов Шайбрнийхон ва Аҳмад Танбал қўшинлари ўртасидаги жанг 1504 йилнинг май ойида ҳозирги Асака шаҳри яқинида бўлиб ўтган деган хулосага келади. Жангда Аҳмад танбал енгилиб Андижон қалъасига чекинади ва қалъани мустаҳкамлайди. Шайбонийхон қалъани Ҳайдар мирзонинг маълумотига кўра қирқ кун қамал қилган. Қамал натижасида шаҳарда очарчлик бошланади. Шайбонийхон аскарлари қалъани жанг билан эгаллаганидан сўнг Аҳмад Танбал яқинлари билан аркка чекинади ва яна қаршиликни давом эттиради. Ноилож қолган Аҳмад Танбал Мирзо Ҳайдарнинг отаси Муҳаммад Ҳусайн мирзо воситачилигида таслим бўлади. Лекин Шайбонийхон ўзига хиёнат қилган Аҳмад Танбал ва унинг яқинларини қатл этишни буюрган.

Шайбонийхон Фарғона водийсини Жонибек Султонга суюрғол қилиб берган. Муҳаммадёр ибн Араб Қатаған эса “Мусаххир ал-билод” асарида Андижон Муҳмудшоҳ Султонга, Ахси эса Жонибек Султонга топширилганлигини қайд этган. Лекин, Муҳаммад Солиҳ ва Ҳайдар мирзоларнинг асарларидан Фарғона водийси тўлиқ Жонибек Султонга инъом этилгани маълум. Шунингдек Ҳайдар мирзо мўғул хони Саидхон ҳаётига оид воқеалар баёнида Андижонни Жонибек Султон номидан Хожа Али Баҳодир бошқарганлигини таъкидлайди. Юқоридагиларга асосланиб Муҳаммадёр ибн Араб Қатоғоннинг Андижонни Маҳмудшоҳ Султонга берилгани тўғрисидаги маълумотни нотўғри деб ўйлаймиз. Шу ўринда қайд этиб ўтиш зарурки, С. Жалилов “Бобур ҳақида ўйлар” асарида Жонибек Султонни Шайбонийхоннинг ўғли сифатида таърифлайди. Аслида эса у Шайбонийнинг жиянидир.

Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, дастлаб Аҳмад Танбал томонида туриб мўғул хонлари Султон Маҳмудхон, Султон Аҳмадхон ва темурий ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобурга қарши Фарғона кураш олиб борган Шайбонийхон кейинчалик Аҳмад Танбалнинг водийдаги ҳокимятини ҳам тугатди ва уни ўз давлати таркибига киритган.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар
Азимжонова С.Қ. К истории Ферганы второй пол. XV в. Изд-во АН УзССР. Ташкент, 1962; Она же. Государство Бобура в Кабуле и в Индии. М.: Наука, 1977. 
Аҳмедов Б. Тарихдан сабоқлар. – Т.: Ўқитувчи, 1994. – 430 б.
Аҳмедов Б. Ўзбекистон тарихи манбалари. – Т.: Ўқитувчи, 2001. – 199 б.
Замонов А. Буҳоро хонлигида қўшин тузилиши ва ҳарбий бошқарув. – Т.: BAYOZ, 2018. – 208 б.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. / Нашрга тайёрловчи П. Шамсиев. – Т.: Юлдузча, 1989. – 367 б. 
История народов Узбекистана. Т.2 / под пед. С.В.Бахрушина. – Т.: АН УзССР, 1947. – 459 б.
История Узбекистана (XVI-первая половина XIX в). Ответ редактор Д.А.Алимова. – Т.: Фан, 2012. – С. – 20 – 84.
Камолиддин Биноий – Шайбонийнома / Ўзбекистон тарихи хрестоматияси. XVI-XIX асрлар – Т.: Fan va texnologiya, 2014. – Б – 7 – 12.
Мирзо Мухаммад Хайдар. Тарих-и Рашиди / Введение, перевод с персидского А. Урунбаева, Р.П. Джалиловой, Л.М. Епифановой, примечания и указатели Р.П. Джалиловой и Л.М. Епифановой – Т.: Фан, 1996 – С. – 344; Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Тарихи Рашидий // Сўз боши ва изоҳлар муаллифи ҳамда таржимонлар В. Раҳмонов ва Я. Эгамова – Т.: Шарқ, 2010. – 703 б.
Мухтаров А. Надписи с именем Бабура в верховьях Зеравшана. Москва, 1960.
Муҳаммад Солиҳ. Шйбонийнома / Таҳрир ҳаяти А. Қаюмов ба бошқалар; Нашрга тайёрловчи ва сўз боши муаллифи Э. Шодиев. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989. – 336 б. 
Муҳаммадёр ибн Араб Қатаған. Мусаххир ал-билод / Форс тилидан таржима, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифлари: Исмоил Бекжонов, Дилором Сангирова – Т.: Янги аср авлоди, 2009. – 430 б.
Нишонов А. Султон Саидхон ҳукмронлиги даврида Фарғона давлати // ФарДУ илмий хабарлари. 2018. – № 2 – Б. 50 – 53.
Сайфиддин Ж. Бобирнинг Фарғона давлати. – Т.: Фан, 1995. – 148 б.
Сайфиддин Ж. Бобур ва Андижон. – Т.: Ўзбекистон, 1993. – 100 б.
Сайфиддин Ж. Бобур ҳақида ўйлар. – Т.: Шарқ, 2006. – 101 б.
Ҳасанов Х. Заҳириддин Муҳаммад Бобир. – Т.: Тошкент, 1966.
Ҳофиз Таниш ал-Бухорий. Абдулланома / Форс тилидан С. Мирзаев таржимаси, илмий муҳаррир, нашрга тайёрловчи, сўз боши ва изоҳлар муаллифи академик Б. Аҳмедов – Т.: Шарқ, 1999. – 414 б.
Юсупова Д. Фарғона водийсининг XVI-XVIII асрлар даври тарихига оид қўлёзма асарлари // Фарғона водийси янги тадқиқотларда Республика илмий анжуман материаллари. 2012. – Б. 122 – 125.
Branko Soucek, Svat Soucek. A history of inner Asia. Cambridge University press, 2000. – P. 337.
Rene Grousset. The Empire of the Steppes a History of Cental Asia / Translated from the France by Naomi Walford. Retgerts university press. New Jersey, 1970. – P. 653.

А.А.Нишонов,
Фарғона давлат университети докторанти

facebook.com