Бидъатларга раддия

Бидъатларга раддия
30 views
12 May 2019 - 10:00

Бу жабрдийда халқимни кўп йиллар кўп нарсалар эзиб ташлагани етмагандай турли бидъатлар маънавий ва моддий қашшоқлаштириб йўлдан оздирди. Шу муносабат билан:

БИДЪАТЛАРГА РАДДИЯ

1. Эй ғофил! Бўрининг тиши, тирноғи ва бошқа аъзолари Сенга ҳеч нарса бермайди!

2. “Супургини тик қилиб қўйса, қиблага қаратса” ҳеч нарса бўлмайди, ундан кўра ўзинг саждалар билан қиблага юзлан!

3. “Меҳмон кетгандан кейин орқасидан супурилса” нима қипти?! Уйингни тоза тутишинга меҳмоннинг нима алоқаси бор?!

4. “Қалампир, супурги каби нарсаларни қўлдан қўлга берса” нима бўлади? Одамлар ҳатто дўзахга чипта бўлмиш “пора”ни қўлдан қўлга берадилар-ку!

5. “Олдингдан қора мушук кесиб ўтса” нима бўпти?! Ундан кўра орангдан ола мушук ўтиб кетган одамлар билан муносабатингни тикласанг-чи, жаназ!

6. “Остонада кўришилса ёки ўтирилса” нима? Ҳожатхонада кўришмасанг бўлди-да.

7. “Чап қовоғинг учса” нима? Энди ошқозонингдаги бирорта аъзо қимирлаб қўйса ҳам ваҳима кўтарасанми?

8. “Чап кафт қичиса” ёки бошқа жойинг қичиса нима? Демак кирланиб кетибсан, ювиниб ол, таҳорат ол!

9. “Хўроз бемаҳал қичқирса” демак хўрозинг кечаси уйғониб кетибди, холос.

10. “Бир кунда икки келин туширган ҳовлига иккала келин бир вақтда, битта дарвозадан кириб борса” нима бўларди, зўр бўлади, тўй бўлади.

11. “Бойўғли сайраса” нима бўпти?! Демак ўша жойда хароба иморат олдида ҳашаротлар кўпайибди! Сенинг бидъатингдан кўра бойўғлининг овози ёқимлироқ.

12. “Дуо қилинаётганда дастурхон устида қалампир ёки пичоқ турган бўлса” нима бўпти?! Қайда кўрдингки, пичоқ дуони кесганини?! Оддий темир тиғли темир – уни турли мақсадда ишлатасан, холос.

13. “Ҳовлига мажнунтол экилса” нима? Ҳовлинг ўша манзарали дарахт билан янада очилса нимаси ёмон?

14. “Сафар ойида тўй қилинса” нима? Яна нимамиш, “Анжир дарахтининг ўтини ёқилса” ёмон бўлармиш. Ҳой, китобниям ёққанларни кўрганмиз, анжирни гапирасан, хумпар!..

15. “Супрадаги унни кафтининг орқаси билан тўпласа” ёмон бўлармиш. Энг даҳшати “Супрани ёзган одамдан бошқаси йиғиштирса” ҳам ёмон бўлармиш… Қайси молфаҳм буларни ўйлаб топган?!

16. “Шомдан кейин сут сўраб чиққанга сигир сути берилса” нима бўларкан, тушунмадим?! Эй ғофил, эхсонингга куннинг нима фарқи бор?!

17. “Биров тишлаган нарсани еса” нима бўпти?! Агар бунга ризқи қўшилган бўлса хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам ейди.

18. “Пиёладаги чой тугамасдан, устига чой қуйилса” хотин устига хотин олармиш. Зўр-ку!

19. “Пичоқ дамининг тепага қараб туриб қолиши” ёмонмиш. Бу эҳтиёткорлик, холос – бидъат эмас. Уни шу ҳолатда билмай босиб олиш ёмон, холос.

20. “Кийим одамнинг эгнида турганида тикиб чатиб қўйиш” ёмонмиш. Ёмонмас, сал ноқулай, холос.

21. Эй ғофил! Бахт ёки бахтсизлик пешонанинг кенглигига; Қўлнинг узунлигига; Тана аъзоларининг шакли ва ҳажмига; Кўзнинг рангига; Чиптадаги рақамларнинг мутаносиблигига; Синиқ ойнага қарашга; Хонтахта ёки столнинг бурчагига ўтиришга; Супурги ёки ўқлов учи билан туртишга асло боғлиқ эмас.

22. Эй ғофил! Даромад ва баракага – Чойнинг устидаги пуфакчаларни сочга суртиш; Ўнг кафт қичиши; Биринчи сотилган нарсанинг пулини барча матоларга теккизиб чиқиш; Дам урилган пулни ҳамёнда асраш; Эрталаб ҳеч кимга, ҳатто оила аъзоларига ҳам пул бермаслиқ тааллуқли эмас.

23. Эй ғофил! Туғруқнинг оғир ёки енгил кечиши – Кўрпа-тўшакларнинг астар томони билан тахланганига; Ҳомиладорлик даврида ғўзапоя ўтини тандирга илдиз томони билан солинганига; Касалхонага кетаётиб, кийимларни илгичлардан чиқариб ёки кир ёйиш учун боғланган дорларни ечиб ёхуд жавон каби жихозларнинг эшикларини очишга; Сувда қайнатилган мошнинг тез очилишига асло боғлиқ эмас.

24. Эй, ғофил! Дарвоза тепасига, ҳовлидаги устунларга осиладиган ҳайвоннинг калла суяги, тақа, исириқ, қалампир каби нарсалар; Буржга қараб тавсия қилинадиган турли рангли тошлар; Қўлга, бўйинга осилган кўзмунчоқ, кийимга қадаб қўйилган дўлана мутлақо кўз тегишдан асрамайди.

25. Эй ғофил! Кечқурун тирноқ олса (ёки сешанба, шанба ва ҳоказо кунлари) тирноқ олса, бир ёмонлик келади; Чақалоқни жума куни чўмилтириб бўлмайди, савобини кўтара олмайди; Дуо қилинаётганда дастурхон устида пичоқ турса, уйдан барака учади; Шомдан кейин сут, қатиқ сотилса ёки берилса, сигирнинг сути камаяди; Азали хонадон аъзолари марҳумнинг «қирқи чиққунича» тухум ейишлари гуноҳ; Таом аввалини гўшт билан бошласа, бош фарзанди ўғил бўлади; Таомнинг қирмочини еган ёки қозон тагини ялаган қизнинг тўйида ёмғир ёғади; Эркак киши уйдан чиқаркан, йўлини аёл киши кесиб ўтса ўша куни иши юришмайди; Тирик одамнинг бўйини қаричлаб ёки бошдан оёғигача метрлаб ўлчаб бўлмайди, ўликни ўлчагандек бўлади; Янги туғилган чақалоқни “қирқи чиқмасдан” ювинтириб, соч ва тирноқларини олиб бўлмайди; Шанба куни қўлдан пул кетса, фақирлик келади, аксинча, пул келса, бойлик келади; Супургини қўшнига бериб бўлмайди, уйдан барака қочади; Қўшнидан супурги, игна сўраб бўлмайди, йўқсиллик келтиради; Нонни дастурхонга тоқ қўйиб бўлмайди, азали жойда тоқ қўйилади; Чоршанба куни соч-соқол олиб бўлмайди, чунки у куни ҳатто тўнғиз ҳам тук ташламас экан; Тўқ кўк рангли либосни кийиб бўлмайди, чунки у азадорларнинг либоси ҳисобланади, деган гапларни қаердан олдинг?!

26. Эй ғофил! Кимнингдир ўлими учун юлдуз учади демагин! Идиш-товоқларни қозоннинг ичига солиб ювиш керак демагин! Гўдакни деразадан узатиш, олиш керак демагин! Бешикни икки киши кўтариши керак демагин!

27. Эй ғофил! 13 рақамидан чўчима – тақдирингда бўладиган иш рақамга қараб ўтирмайди!

28. Эй ғофил! Баланд тўсиқ тагидан ўтсанг ҳеч нарса бўлмайди!!!

Эй ғофил! Аввало ҳар иш Аллоҳдан. Динда янгилик яратиш бидъат, ҳар қандай бидъат залолат, залолат эса дўзахга етакловчи йўлдир. Диндаги ҳар бир бидъат ҳаром ва адашишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Янги топилган ишлардан сақланинглар, ҳар бир янги топилган иш бидъатдир ва ҳар бир бидъат адашишликдир», дедилар. Яна “Шумланмайдиганлар (бидъатга ишонмайдиганлар) ҳеч шубҳасиз жаннатга киради” дедилар.

Шукур Жаббор